1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мўғуллар Ҳиндистонда

05:00 / 24.02.2017 4081 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҲИНДИСТОННИНГ КИЧИК ПОДШОҲЛИКЛАРИ. XV аср охирларида Ҳиндистонда кўплаб мусулмон подшоҳликлари бўлиб, Деҳли султонлиги улар орасида энг қудратлиси эди. Деканда баҳманийларнинг буюк салтанати Вижаянагар билан икки йил давом этган курашдан кейин бешта митти подшоҳликка бўлиниб кетиб, уларнинг ҳар бирининг ғоят ўзига хос ҳаёти давом этди. Подшоҳликлар, айниқса, Голконда ва Бижапур Ислом динини қабул қилиб, яна икки аср давомида мусулмон маданиятини сақлаб қолдилар. XVI аср бошида Қобулда мавжуд бўлиб турган кичик подшоҳлик кўп ўтмай буюк империяга айланди. Бу Султон Заҳириддин Муҳаммад Бобур исмли зот хизмати бўлди. У XIX аср ўрталаригача Ҳиндистонда гуллаб-яшнаган, ҳозир эса Покистонда ғарбнинг янгича таъсири билан рақобат қилиб келаётган мўғул маданиятини вужудга келтирди.

ЗАҲИРИДДИН БОБУР (1482-1530 йиллар). Амир Темур авлодидан бўлган Бобурга Ўрта Осиёда темурийларнинг у қадар катта бўлмаган Фарғона подшоҳлиги мерос қолди. Бошқа темурийзодалар сингари унинг қалбида Самарқандга эгалик қилишдек эзгу ният туғилган эди. Шу мақсад йўлида у талайгина жангу жадаллар олиб бориб, ўз салтанатидан ажраб қолган пайтлар ҳам кўп бўлди. 1504 йили ҳозир Афғонистон номи билан аталадиган вилоятга ҳужум қилиб, Қобулни забт этди. 1505 йили Ҳайбар довони оша Ҳиндистонга кириб бораркан, Коҳато томон бурилди. У ердан Ғозихон тоғ дараси орқали ўтиб, Мўлтондаги Тарбила шаҳрига қадам қўйди. Бу шунчаки юриш унда бутун мамлакат тўғрисида фикр уйғонишига туртки бўлди.


БОБУРНИНГ БОШҚА ЮРИШЛАРИ. Ўша пайтда уни бир неча йилга чалғитган воқеа содир бўлди. Трансоксианиядаги темурий шаҳзодалар шимоли-ғарблик ўзбек турклари қиёфасида ниҳоятда хавфли душманга дуч келдилар. Бошқа шаҳзодалар қатори Бобур ҳам ўз вақтида уларнинг ҳужумларидан жабр чеккан эди. Ўшанда улар подшоҳи Шайбонийхон ўзбекларни узоқ-узоқларгача бошлаб бориб, Ўрта Осиёни босиб олгач, Хуросонга ҳам етиб келганди. Темурийлар ўзбекларга қарши боришдан ожиз эдилар, бироқ сафавийлардан чиққан янги подшоҳ Исмоил уларни енга олди. Шундан кейин темурий шаҳзодалар ўз ҳокимларини тиклашга киришдилар. Бобурнинг амакиси Мирзо Нодир Бобурга тегишли Фарғона подшоҳлигини ҳам тиклади. Бобурнинг ўзи шимолга йўл олиб, Бухоро ва Самарқандни қўлга киритди ва ниҳоят улуғ аждоди соҳибқирон Темур ўтирган тахтни эгаллади. Бундай шон-шуҳрат узоқ давом этмади, бир неча йил ўтгач, ўзбеклар янги раҳнамо – Шайбонийхоннинг амакиси Убайдуллахон етакчилигида яна бош кўтардилар. Бобур Фарғонадан ҳамда ҳатто жон-дилидан севган Самарқанддан маҳрум бўлди. У Қобулга келиб, ўзининг Ҳиндистонни забт этишдан иборат бошқа орзусини амалга оширишга жўнаб кетди.


ЛОДИЙЛАР БИЛАН БЎЛГАН ДАСТЛАБКИ ТЎҚНАШУВ (1523 йил). 1519 йили у яна Ҳайбар довонидан ошиб, юсуфзойлар қабиласининг ватани Бажаурни эгаллади. Ҳинд дарёсини кечиб, Бхерани қўлга киритди. Деҳли султони Иброҳим Лодийнинг амакиси Аъламхон унга келиб қўшилди, бошқа бир қанча машҳур кишилар ҳам Иброҳимни тахтдан ағдаришини сўраб, Бобур томонга ўтдилар. У Меварнинг ражпут ҳокимидан ҳам мактуб олди. Бу фитнадан хабар топган Иброҳим Лахўрга додхоҳ Бахархон бошчилигида қўшин юборди. Жангда ғолиб чиққан Бобур ҳинд шаҳзодаларини ҳайратда қолдириб, Лахўрни эгаллади ва Дипалпурни истило қилди. Аъламхон унга Иброҳим Лодийни ағдаришдаги ёрдами учун Лахўр подшоҳлигини таклиф қилди. Бунга рози бўлган Бобур Аъламхонга икки нафар истеъдодли додхоҳи ҳамда отлиқ лашкарлардан иборат иккита қўшинини берди. Ўзи эса ўзбеклар шимолий чегараларига хавф солаётганлиги учун Қобулга қайтиб кетди. Аъламхон Деҳлини қамал қилди, лекин Иброҳим Лодий унинг қўшинларини осонгина тор-мор келтирди.


ПАНИПАТДАГИ БИРИНЧИ ЖАНГ (1526 йил). Бундай зарба Бобурга ёқмаслиги аниқ эди. У ўзбеклар билан орани очиқ қилгач, Иброҳим Лодийга шахсан ўзи жавоб беришга шайланди. 1526 йилда қўшин тортиб келиб, Панипат майдонида Иброҳим бошчилигидаги бирлашган афғон ҳарбий кучлари билан жангга киришди. 21 апрелда бўлиб ўтган бу машҳур жанг янгилик билан эскиликнинг ўзаро олишуви бўлди. Бобур замбаракларга эга бўлса, султонда жанговар филлардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Жангда Бобурнинг лашкарбошилари ва аъло қурол-аслаҳа устун келди, Иброҳим савашда ҳалок бўлди. Бобур дарҳол пойтахтни ҳамда Аграни эгаллади. Рана Санга ражпутларнинг барча кучларини жамлаб рожалар бошчилигида Бобурга қарши оёққа турди. Бундай катта куч олдида ўз лашкарлари ваҳимага туша бошлаганликларини пайқаб қолгач, санъаткорлик маҳоратига эга бўлган Бобур олийжаноблик кўрсатишга қарор қилди. У ичкиликка мойиллигига қарамасдан, шунга мўлжалланган барча жомларини ва ичкилик сақланадиган барча идишларини синдиртириб, бор шаробни тўкдираркан, ҳеч қачон уни оғзига олмасликка қасам қилди. «Иншааллоҳ, бу қурбон ижобат бўлиб, Аллоҳ таоло мушкулимизни осон этгай», деди у барчага мурожаат қиларкан. Жангчилар ҳушёр тортдилар. 1527 йил 16 мартда бўлиб ўтган Хуан жангида эса бобурийлар мардларча ва жасорат билан олишиб, шавкатли ражпутларни тор-мор келтирдилар. Рана Санга жанг қилиб ҳалок бўлди. Бу ҳал қилувчи ғалаба натижасида Бобур Марказий Ҳиндистонга шоҳ бўлди. Доаб ҳам аллақачон эгалланган эди. Шундан кейин у Шарққа йўл оларкан, Патна яқинида афғонларнинг уюшган кучлари билан тўқнашиб, уларга қақшатқич зарба берди. Шу билан уч йил ичида Бобур жуда катта минтақага эга бўлди. Жабр кўрган афғонлар ва ражпутлар кейинчалик яна бош кўтаришди: афғонлар навбатдаги ҳукмдор даврида, ражпутлар эса анча кейинроқ. Лекин мўғуллар аллақачон мавқеларини мустаҳкамлаб олган эдилар. Улар Ҳиндистонни бош давлат сифатида икки юз йил, оддий давлат тарзида яна юз йил бошқариб турарканлар, бутун дунёга машҳур маданият яратдилар.


БОБУРНИНГ ТАЪРИФИ. Бир йил ўтгач, Бобур қирқ саккиз ёшида вафот этди. Шу умрининг ўттиз йилдан кўпроғини у ёки бу подшоҳликка бош бўлиб ўтказди. Ўша йиллар унга шунчалик катта лаззат, ҳис-туйғулар ва ютуқлар бағишладики, бу уч баравар узоқ умр кўрган жуда кўп кишиларга ҳам насиб қилавермайди. Бу аломат инсон ҳар қандай одам олдида ўзидан руҳан ва жисман куч ёғдириб турарди. Ўз хотираларида у юришларни акс эттириб, қарашларини баён этиб қолдирдики, ўзига хослиги, холис-ҳалоллиги ва ақл-заковатга бойлиги жиҳатидан ҳали ҳам унга бас келадиган асар йўқ.


ҲУМОЮН (1530 йил). Бобурнинг катта ўғли валиаҳд Ҳумоюн ўн йил подшоҳлик қилди. Бу жасур, серғайрат, ажойиб саркарда янги қўлга киритилган империя билан бирга кўплаб ташвишларни мерос қилиб олди. Бир томондан, хиралик қилувчи афғон зодагонлари, иккинчи томондан, жангари ражпутлар, энг ёмони – тубанлик ва сотқиликда бир-биридан қолишмайдиган мунофиқ укалари… Сахий қалблигидан бир укаси Комронни Қобул ва Қандаҳорга, кейинчалик эса ҳатто Панжобга ҳам ҳоким қилиб тайинлади. Бу доно қарор эмасди, зеро, у Ҳумоюннинг лашкарлари сафини тўлдириб бориш имкониятини чегаралаб қўйди. Иккинчи укаси Аскарий Самбҳал ҳокими, учинчиси – Ҳиндол Алвар ҳокими этиб тайинланди. Ўз навбатида укалари унга моне бўлишиб, энг қийин дамларида хоинлик қилишарди.


ҲУМОЮННИНГ ЮРИШЛАРИ. Афғонлар ғанимлиги унинг инқирозига асосий сабаб бўлди. Лодийлар саройининг шаҳзодаси Маҳмуд Лодий афғонлар қалъаси саналмиш Бихарда қўзғолон кўтарди. 1532 йилда у қўшинлари билан Ғарбга юриш қилиб, Жаунпурни эгаллади. Унга Лакхнау яқинида тўқнаш келган Ҳумоюн афғонларни Дадраҳ жангида яксон қилди. Шерхон Чунарли афғон қўзғолончиларининг саркардаларидан бири эди. Ҳумоюн Чунарга ҳужум уюштириб, уни қамалга олди. Бироқ устомон киши бўлган Шерхон курашишга кучи етмаслигини чамалаб кўргач, таслим бўлиб, Ҳумоюнга ўғли Қутубхон 500 отлиқ аскари билан унга хизмат қилишини таклиф этди. Ҳумоюнга бу маъқул тушиб, қўшинларини четга олди. Лодийларнинг бошқа бири – уста иғвогар, Иброҳимнинг тоғаси Аъламхон Гужаратга кетиб, Султон Баҳодуршоҳ саройидан бошпана сўради. Ҳумоюнга қарши иғвогарликлар уюштириб турувчи унинг куёви Муҳаммад Замон Мирза ҳам шу саройда эди. Ҳумоюн уларнинг иккаласини ҳам беришни талаб қилди, лекин  Баҳодуршоҳ ўзидан бошпана излаб келган кишиларни тутиб беришни шармандалик деб билди. Ҳумоюн қўшини билан ғарбга йўл олиб, Гужаратга етганида Баҳодуршоҳ Читторда ражпутлар билан жанг қилаётгани аён бўлди. Шоҳ ғайридинларга қарши муқаддас урушини тугутгунига қадар унга ҳужум қилмай турди. Бунинг устига Ҳумоюн қўшинлари учун Баҳодур ҳеч гап эмасди. У юришини Малва подшоҳлиги ҳимда Гужарат устидан ғалаба билан якунлаб, укаси Аскарийни Гужаратга ҳоким қилиб тайинлади. Ҳумоюн шу ишлар билан овора бўлиб, бироз вақтини йўқотди. Бу эса Бихардаги афғонлар ўз мавқеларини мустаҳкамлаб олишлари учун етарли бўлди. Оқибатда у бутун империяни қўлдан чиқарди.


ШЕРХОН. Афғонларни ҳар жиҳатдан буюк инсон бўлган раҳнамоси Шерхон бу ютуқларга шахсий куч-ғайрати, беқиёс қатъияти ва истеъдоди туфайли эришди. Отаси Ҳасанхон Жаунпур подшоҳлигида феодал бўлган Шерхон Бехар ҳокимига маслаҳатчи тутинди, сўнгра ҳокимтўрага ўринбосарлик ва ёш қиролга тансоқчилик қилди. Бир неча йил ичида подшоҳликда энг таъсирли кишига айланди. Чунорлик бир хонимга уйланиб, бу ердаги қалъани ҳақиқий қўрғонга айлантирган Бенгал подшоҳи Маҳмудшоҳ томонидан қўллаб-қувватланаётган лаҳоний афғонлар устидан қозонилган ғалаба туфайли Шерхон Бихарда олий ҳукмдорликка эришди. Тожу тахт билан бирга у Шершоҳ Сурий унвонини ҳам қабул қилиб, тез орада Бенгални босиб олди. Ғафлатда қолган Маҳмудшоҳ Шершоҳга бас келолмаслигидан қўрқиб, жуда кўп ерларини унга бериб юборди.


ҲУМОЮН ВА ШЕРШОҲ. Ҳумоюннинг Шершоҳга қарши кураш очишига ҳам навбат етган эди. У йўл-йўлакай Чунарни қамал қилиш учун тўхтаганида Шершоҳ Бенгални тарк этганлигини эшитиб, унинг кетига тушди. Шершоҳ уни осонгина четлаб ўтиб, мўғул императори Бенгал пойтахти Гур шаҳрига етиб борганида қўшинини тезлатганича шарққа юриш қилиб, Жаунпурни эгаллади. Ўша пайтда Бенгалда ёғаётган ёмғир сабабли Ҳумоюннинг қўшинлари тўхтаб қолиб, минглаб лашкарлар касалга чалиндилар. Ҳумоюн бутун бор имкониятларини ишга солган ҳолда Шерхон таъқиби остида уларни орқага қайтариб кета бошлади. 1539 йил июнда улар Чонсда ўзларини қувиб келаётганлар билан тўқнашдилар. Шершоҳнинг бардам қўшинлари Ҳумоюннинг ҳолдан тойган лашкарларини осонлик билан таслим қилдилар. Ҳумоюн эса Деҳлига қочиб бориб, укаларидан ёрдам сўради. Лекин, афсуски, мадад беришга уларнинг бирортаси тайёр эмасди. Бундан дарғазаб бўлган Ҳумоюн қўлидан келганича куч тўплаб, Билграм яқинида Шершоҳ билан охирги жангга киришди. Унинг арзимас даражадаги кам кучларини Шершоҳ бир зумда ишдан чиқарди. Ҳумоюн дастлаб Аграга бориб, у ерда ишончли мудофаа топмагач, Лахўрга жўнаб кетди. Агра билан Деҳлини эгаллаган Шершоҳ Ҳумоюннинг кетидан черик йўллади. Ҳумоюн Лахўрда ҳам ҳеч қандай мадад топмади. Укаси Комрон унга бирорта нарсасини раво кўрмагач, у Мўлтонни, сўнгра Синдни тарк этишга мажбур бўлди.


ҲУМОЮН ҚУВҒИНДА. Тақдир уни эркалатмади. Албатта унда Бобур ёки Шершоҳга хос бўлган қатъият ҳам, ўткир ақл-заковат ҳам етишмасди, бироқ у юксак орзулари оғушида яшарди. Қувғинда юрганида ҳам ўз олдига қўйган мақсадидан воз кечгани йўқ. 1541 йили у Синдда Шайх Али Акбар Жомийнинг қизи Ҳамидабонуга уйланиб, ўзига ҳамдард топди. Бир йил ўтгач, Синд дарёсининг юқори қисмидаги Амаркоте деган кичик шаҳарчада унинг ўғли Акбар дунёга келди. Бир неча ойдан кейин Ҳумоюн атрофига кам сонли навкарларини олиб укаси Аскарий ҳокимлик қилаётган Қандаҳорга жўнади. Унинг йўлини пойлаб ётган Аскарий шаҳзода Акбарни қўлга туширди, Ҳумоюн эса ёш хотини билан қочиб қутулди. У Ҳиротга бориб, Бобур билан қалин дўст бўлган Шоҳ Исмоилнинг ўғли Шоҳ Таҳмасп саройига рўпара бўлди. Ҳумоюн ёрдам сўраганида у анча хаёлга толгач, ўн тўрт минг отлиқ аскар беришга аҳд қилди. 1545 йил ўрталарида Ҳумоюн Афғонистонга қайтиб, Қандаҳорни қамал қилиб, босиб олди. Шунда ҳам у маккор укаси Аскарийга, ҳеч бўлмаса, гўдак шаҳзодага меҳрибонлиги ҳақи олийжаноблик кўрсатди. Ҳумоюн Қандаҳордан Қобулга ўтиб, уни ҳам эгаллади. Қўшин билан қарши чиққан Комрон мағлуб этилди. Шундай қилиб Билграмда Шершоҳнинг енгилганидан кейин беш йил ўтгач, у яна Афғонистонга – ўн икки йил муқаддам Бобурнинг Ҳиндистонга юришида таянч хизматини ўтаган мамлакатга ҳоким бўлди. Ҳумоюн тақдирлари бир-бирларига ўхшамаган укаларидан ҳали ҳам хавфсирарди. Лекин уларни аста-секин бўйин эгдира борди. Маккага ҳажга боришга мажбур этилган Аскарий йўлда бандаликни бажо келтирди. Ҳиндол 1551 йилда кичик бир тўқнашувда ҳалок бўлди. Панжобга қочган Комронни ушлаб Ҳумоюн ҳузурига бошлаб келганларида у укасининг кўзини ўйишга буйруқ берди. Шундан кейин уни ҳам ҳажга йўлладилар. Бир неча йил ўтгач, у Маккада қазо қилди. Энди Ҳумоюн Ҳиндистонни забт этиш имкониятларини чамалаб кўра бошлаган эди. 


ШЕРШОҲ СУРИЙ (1540-1545 йиллар). Шу даврда Шершоҳ Ҳиндистонда анча ишларни амалга оширишга улгурди. Шарқда Бенгалдан тортиб Ҳинд дарёсига қадар бўлган элларнинг барчаси ихтиёрий-мажбурий равишда уни ўзларига император деб эътироф этдилар. Панжобнинг шимоли-ғарбида гаккарслар қўзғолонини бошқаларга намуна бўлар даражада аёвсиз бостирди. Малвани яна қайтариб олиб, мусулмон аёллар номусига тажовуз қилинганлиги учун Чандер рожаси Пуран Маланинг шундай адабини бердики, бундан ражпутлар ҳам қўрқиб қолдилар. Кейинчалик Мевар ҳокими Рана Малдев ва ражпут тоифаларининг бошлиғи қўшни давлатларга ҳам таъсир кўрсата бошлаганларида Шершоҳ уларга қарши чиқди. У Ажмер яқинида душман ражпутлар билан жангга киришди. Катта қўшини бўлган ражпутлар фидокорона жасорат билан жанг қилдилар. Лекин Шершоҳ моҳир саркардалигини кўрсатди. Душман сафлари бузилиб, тумтарақай қоча бошлади. Бу катта ғалабадан кейин ражпутлар тўлиқ итоат қила бошладилар.


ШЕРШОҲ ЮТУҚЛАРИ. Шершоҳ узоқ яшамади. У атиги беш йил подшоҳлик қилган даврида шунчалик кўп ишларни амалга ошириб, шу қадар катта ютуқларга эришдики, барча тарихчилар уни ўз давридаги машҳур ҳокими мутлақ деб эътироф этдилар. Йирик саркарда, ҳарбий илм билимдони бўлган Шершоҳ ҳеч бир жангни бой берган эмас. У ажойиб ҳукмдор эди. Шершоҳ империяни саркорлар ва парганларга ажратиб, фуқаролар хизматини самарали йўлга қўйди. Дангасаликка берилмасликлари ва ишлари ҳеч қачон янгиликдан маҳрум бўлмасликлари учун у зобитларини мунтазам равишда алмаштириб турарди. Барча марказий вазирликлар ишини шахсан ўзи назорат қилиб борарди. У жорий қилган давлат даромадлари тартиби ажойиб ютуқ бўлди. Ерга мулкчиликни қатъий чегаралаб, ердан қанчалик самарасиз фойдаланилса, солиқ ҳам шунчалик юқори бўлишини белгилади. Бу тартиб-тузгунни кейинчалик император Акбар даврида солиқлар вазирлигини бошқарган рожа Тодар Мал асос қилиб олиб, янада такомиллаштирди. Шершоҳ йўллар ва карвонсаройлар қурдирди, Ҳинд дарёсидан шарқий Бенгалгача давом этадиган катта йўл унинг меҳнатлари мевасидир. У миршаблар хизмати тузугини ишлаб чиқди, ҳар бир қишлоқ оқсоқоли ўз ҳудудида қонунлар ва тартиб-қоидаларга риоя этилиши учун масъул қилиб тайинланди. Адолатли ҳукмдор бўлган Шершоҳни мусулмонлар ҳам, ҳиндлар ҳам баравар ҳурмат қилишарди.


ҲУМОЮННИНГ ҚАЙТИБ КЕЛИШИ. Шершоҳ ўрнига келган унинг ўғли Салим отаси асос солган  таомилларга таяниб ҳукмдорлик қила бошлади. Тўққиз йиллик подшоҳлиги мобайнида империяда ҳукм сурган осойишталикни ҳеч ким бузишга жазм этолмади. Шу даврда Ҳумоюн Қобулда куч тўплаган эди. Салимшоҳнинг вафоти билан унинг куни туғди, чунки навбатдаги якка ҳоким истеъдодсиз киши эди. Ҳумоюн қўшинлари 1555 йил февралда Лахўрга бостириб келдилар. Сирҳинд атрофида сурий қўшинларини енгиб, Деҳлини эгаллагач, у яна Ҳиндистон императори деб эълон қилинди. Ўн беш йил қувғинда юриб қайтган Ҳумоюн ўғли Акбар эндигина ўн икки ёшга кирганида оламдан кўз юмди.


БАЙРАМХОН. ПАНИПАТДАГИ ИККИНЧИ ЖАНГ (1566 йил). Ҳумоюн ёш шаҳзодани ўзи ишонган додхоҳ Байрамхон оталиғига қолдирди. Акбарнинг ўзи эса Панжобдан узоқ эди. Шунинг учун Байрамхон унинг ёнига ошиқиб, Каланаур номли кичик қишлоқда (ҳозир Шарқий Гурдаспур тумани ҳудудида) ёш шаҳзодага тож кийдирди. Лекин ҳали империядан дарак йўқ эди. Сўнгги ҳинд ҳукмдори Одилшоҳ Сурий Марказий Ҳиндистонда ҳокимлик қиларди, бошқа сурий шаҳзодалар Бехар ва Бенгални эгаллаб туришганди. Синд ва Мўлтон ажратиб олинган эди. Одилшоҳнинг бош вазири мунофиқ ва шуҳратпараст Ҳему сурийларнинг қўшинлари билан шимолга йўл олиб, Аграни эгаллади, сўнгра Деҳлига ҳужум қилди. Унга қарши турган Деҳлининг мўғул ҳокими Турдибек мағлубиятга учради. Ҳему Деҳлига кириб келаркан, Одилшоҳ Сурийга ҳурматини ҳам унутиб қўйиб, Викрамжита рожаси сифатида ҳинд шоҳи тожини ўзи бошига кийди. Байрамхоннинг ҳужумидан хабар топган Ҳему жуда катта қўшин билан шимолга йўналди. Икки куч 1556 йил 5 ноябрда Панипат жанг майдонида тўқнашдилар. Бу иккинчи Панипат савашида Байрамхон жангда ҳалок бўлган Ҳему кучлари устидан ғолиб чиқиб, Деҳли ва Аграни эгаллагач, Акбарга император сифатида яна бир тож кийдирди.


АКБАР (1556-1605 йиллар). Олдинда жуда кўп ишлар турардики, Байрамхон уларни амалга оширишга бел боғлади. 1560 йили ғарбида Гвалиор билан Ажмер, шарқда Жаунпур қўлга киритилди. Байрамхон ўша даврда Акбарга васий бўлиш билан бирга муваққат подшоҳ ҳам эди. У қўшинлар саркардаси, фуқаролар маъмуриятининг бошлиғи сифатида жуда банд бўлганлигидан Акбар тўғрисида ғамхўрлик қилишга ҳам вақти йўқ эди, лекин унга Мир Абдуллатиф исмли яхши оилавий ўқитувчи топиб берди. Бироқ Акбар дарсларга қизиқмасди, кам ўқирди. Устозидан битта нарсани – барча динларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишни талаб қиларди. Уйланган Акбарни кўплаб жиддий хонимлар қуршаб олган эдилар. Онаси Ҳамидабону, ўта қатъий нигоҳли энагаси Маҳам Анга шундай аёллар сирасига кирарди. Эркин ёшлар орасида ўсиб-улғайган Акбар йигит киши учун зарур бўлган барча ҳунарларни ўрганди: отишни, чавандозликни, қиличбозлик ва овчиликни яхши биларди. Дилкаш давраларни, аҳли дониш суҳбатларини ёқтирарди. Бош муфтий ва Акбарга мустаҳкам эътиқодни сингдириб борувчи шайхулислом четдан саройга раҳбарлик қилиб турарди. Ҳамроҳлари ёш подшоҳга Байрамхон жуда кучайиб кетаётганлигини уқтириб боришарди. Маҳам Анга Акбар тобора заифлашаётганлигини, у Байрамхон ҳокимиятини чегаралаб қўймасдан туриб ўз мартабасига монанд иш кўролмаслигини ошкора баён қилди.


АКБАР ВА БАЙРАМХОН. Байрамхонни вазифасидан четлатишга Акбарни кўндириш мақсадини кўзлаганларида у энди ўн саккизга кирган эди. Акбар устозига унинг анча қартайиб, чарчаб қолганлигини эслатиб, Маккага бориш таклифи билан мактуб ёзди. Байрамхон бунга жуда ҳайрон қолган бўлса-да, ўта соддалигидан рози бўлди. Бахтга қарши Байрамхонга ёв бўлган Пирмуҳаммадни унга ҳамроҳ қилиб юборишга ҳам Акбардан ижозат олган эдилар. Бундан шубҳаланган Байрамхон исён кўтарди. У Панжобга йўл олиб, қўшинни оёққа турғазди. Бироқ катта куч тўплашга вақти ҳам, маблағи ҳам камлик қилди. Жулландура яқинидаги жангда Акбар уни бостирди. Байрамхонни банди қилиб ҳузурига бошлаб келганларида Акбар унинг хизматларини, отаси Ҳумоюнга бўлган самимий муносабатини эслаб, гуноҳини кечди ва пул ҳамда бошқа ҳамроҳ бериб Маккага кузатиб қўйди. Бироқ карвонга қўшилиб олган қари афғон аскари тунда Байрамхон чодирига кириб, унинг елкасига пичоқ қадади. Марҳумнинг бева хотини ўғилчаси Абдурраҳим билан Деҳлига қайтариб олиб келинди. Акбар болани ўз қарамоғига олиб, вояга етгач эса, уни подшоҳлигидаги зодагонлар сафига қўшиб қўйди, кейинроқ хонлар хони, яъни буюк хон унвони ва лавозими билан тақдирлади.


АКБАРНИНГ МУСТАҚИЛЛИККА ЭРИШУВИ. Байрамхондан кейин Акбарни Маҳам Анга назорат қилиб турмоқчи бўлди. Бироқ унинг ҳам, ўғли Адҳамнинг ҳам таъсири узоққа чўзилмади. Маҳам Анга ҳатто Садр ус-Судур ва Шайх Абдунабига қўшилиб, ҳаракат қилишни кўзлаб кўрди. Лекин Акбар аллақачон балоғатга етган эди. Фақат сарой уламолари ҳамда Маҳам Анга фирқаси Акбарда барча уламоларга нисбатан шубҳа уйғотгани қолди, холос. У ўзларини хайрихоҳ қилиб кўрсатувчиларнинг самимийлигига ишонқирамай қарайдиган бўлди, умрининг охиригача унга садоқатли мададкор бўлишни хоҳлаган шайхлар ва уламоларга ҳам ҳурматини йўқотди. Малвага юришда ўзини салбий томондан кўрсатган Адҳамхон чақириб олинди. Онасининг таъсирига қаттиқ умид боғлаган бу калтафаҳм инсон бир куни шу даражада ҳаддидан ошдики, буни кўриб дарғазаб бўлган Акбар уни ўлдириб қўйди. Фожеага юраги дош бера олмаган она ҳам вафот этди.


АКБАРНИНГ ПОДШОҲЛИГИ. Акбар энди мустақил эди, унинг эркинлиги ҳаддидан ошиб борар эди, деса ҳам хато бўлмайди. Дин ҳақида ҳам, сиёсат тўғрисида ҳам шахсан ўзи бош қотиришга одатланди. Унинг наздида, бир жиҳати, уламолар ўзларидан бошқача фикрларга тоқат қилиша олмайдиган фаҳмсиз кишилар бўлса, иккинчи томондан, ҳар бир подшоҳлик ражпутлардан хавотирда эди. Бобоси Бобурга қарши Рана Санга бошчилигида жанг қилганлар ҳам, Малдева атрофида Шершоҳ билан олишганлар ҳам ўшалар. Улар яна зўрайиб кетишяпти. Шарқу жанубдаги бир нечта кичик мусулмон подшоҳликлари марказга ҳужум қилиш мақсадида муайян гуруҳларга бирлашмоқдалар… Ана шуларни назарда тутиб, у ўз сиёсатини ишлаб чиқишга  қарор қилди. Дастлаб уларнинг барчасига – уламоларга, чегарадаги подшоҳликларнинг ҳукмдорларига ва ражпутларга ўзининг ҳаммадан кучли эканлигини, хўжайинлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Чунки шундан кейингина уларни заифлаштира олиши мумкин эди. Бутун подшоҳлиги давомида у шундай сиёсатига содиқ қолди. Бир қатор юришларида ражпутлар мағлубиятга учратилиб, 1562 йили Жайпур таслим этилди. Унинг ҳокимига куёв бўлган Акбар  қайнотаси ва қайинукаларини ўз саройлари  аъёнлари даражасига кўтариб қўйди. Биқанер ва Жейсемерни забт этиб, уларнинг ражпут ҳокимлари қизларига ҳам уйланиб олди. Фақат Мевардаги Удейнур рожасининг ўғли Рана Партан Акбарга қаттиқ қаршилик кўрсатиб, бир неча йил жанг қилгач, 1597 йили Халдигата яқинида мағлубиятга учраб, қувғинда ўлиб кетди. Шу даврга келиб бутун ражпутлар диёри Акбар тасарруфига ўтган эди, у Бенгални ҳам босиб олди. Қобул ҳокими бўлиб турган туғишган укаси Ҳаким қўзғолон кўтариб, адабини еди. Акбар ўта кибрланиб бораётган Гужарат подшоҳлигини ҳамда Нарбуда билан Тапти оралиғида жойлашган Ҳандей номли кичик мусулмон подшоҳлигининг бир қисмини эгаллади. Бу билан у Жанубий дарвоза деб аталмиш машҳур Асиргоҳ қалъасини қўлга киритди. Байрамхоннинг ўғли Абдурраҳимга қўшин бериб жуда қатъиятли хоним, Малика Чанд Биби васийлигида бўлган Аҳмаднагарга қарши йўллади. Лекин Абдурраҳим ва на унинг ҳарбий маслакдоши шаҳзода Мурод бу аёлга қарши лом-мим дея олмади. Бир неча йил ўтиб, Чанд Биби сиёсатдан четлашганидан кейингина бобурийзодаларнинг қўшинлари 1597 йили Супа яқинида аҳмаднагарликлардан устун келишга муваффақ бўла билдилар, уларнинг пойтахтига эса 1600 йили ҳужум уюштирилди. Подшоҳлик мўғуллар ихтиёрига ўтиб, Акбар учта ниятидан иккитасига етишди. Шу даврдан бошлаб у Ҳиндистоннинг юқори қисмида, шубҳасиз, олий  ҳокимият соҳиби бўлиб қолди. Никоҳлар туфайли ражпутлар унга ва унинг оиласига жуда яқинлик сеза бошладилар. Уларнинг кўпчилик ҳукмдорлари машҳур амалдорлардан, айримлари эса ҳатто подшоҳга яқин кишилардан эди. Барча қўшни подшоҳликлар ҳам қўлга киритилди. Фақат Декандаги учта подшоҳлик бундан мустасно бўлиб, улар яна юз йиллардан кейин эгалланди, энг сўнггилари Акбарнинг невараси Аврангзеб давридагина итоатга бўйин эгдилар.


АКБАРНИНГ ДИНИЙ ИСЛОҲЛАРИ.
Унинг учинчи нияти мутаассиб уламолар ҳокимиятини чегаралашдан иборат эди. Шу мақсадда у махсус бунёд этилган кошонада ҳар ҳафта турли динлар ва диний мазҳабларнинг вакиллари ўртасида мунозаралар уюштириб турарди. Бу ерда суннийлар, шиалар, рим католиклари, протестантлар, жайнийлар, буддойилар, бараҳманлар, зардуштийлар ва файласуфлар оғзаки баҳсларда ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашга уринардилар. Мунозараларда Акбарнинг ўзи ҳам иштирок этар ва баҳс соғлом фикрдан йироқ, далиллар ишончсиз эканлигини сезган чоғлари тоқатсизлана бошларди. Ёки у ўзи учун ҳақиқатни, барча динлардаги ҳақиқат зарраларини кашф эта борди, дейиш мумкин. Ислом бахтига қарши тортишувларда иштирок этувчи мусулмонлар ўз дунёқарашларида ҳаддан ташқари ашаддийлик ва калтабинлик кўрсатишарди. Шундай бир пайтда Акбар барча эътиқодларни ўзида мужассам қилувчи дин тўғрисида хаёлга чўмадиган бўлиб қолди. Иккита ўғлини сарой хизматига берган Шайх Муборак исмли аллома киши уни бундай йўлга даъват этган бўлса ажаб эмас. Ҳар ҳолда Акбар янги динни ўзбошимчалик билан илгари сура бошлади. Ўзини эса Дини Илоҳий деб номланган шу дин пайғамбари деб атади. Уни бир нечтагина киши, жумладан, бир ҳинд, яъни рожа Бирбал қабул қилди, холос. От-обрўли аъёнларнинг аксарияти турли баҳоналар билан бундан бош торта бошладилар. Янги эътиқоднинг обрўйи борган сари тушиб кетаётганлигига ишонч ҳосил қилган Акбар ўз фикридан қайтишга мажбур бўлди. Бу дин тўғрисида ёлғиз хотирагина қолди. Халқ императорни иззат-ҳурмат қилишда давом этди.


АКБАР СИЁСАТИНИНГ ОҚИБАТЛАРИ. Айрим кишилар «Акбар умуман ўз динини йўқотмадимикин?» деган ўйга бориб қолдилар. Албатта у мусулмонликка қаттиқ ёпишиб олган одам бўлмаганлигидан ҳиндларнинг кўп урф-одатлари ва анъаналарига холис муносабатда бўлардики, бу умуман унинг сиёсатидан келиб чиқарди. Бироқ у ҳеч қачон Исломнинг асосий таомилларини инкор қилмаган ва мусулмон бўлиб дунёдан ўтди (бунга айрим кишилар шубҳа билан қарашди). Ўша даврда жуда машҳур бўлиб кетган унинг элу элатларни яраштиришга қаратилган сиёсий йўли ҳиндларга илҳом бағишлаб, мусулмонларни ҳатто ташвишга солиб қўйди. Ҳиндлар мусулмонларга бирорта янги масжид қуришга, рўза тутганларида мол сўйишларига ёки бирор нарса тановул қилишларига қўймасдилар, ўзлари эса рамазон кунлари намойишкорона овқат ейишарди. Кучайиб кетган сиқҳлар ва ражпутлар Акбар ворислари йўлига жуда катта тўсиқлар уюштира бошладилар. Даромад солиғи тартибларини йўлга қўйиш мақсадида Шершоҳ ўйлаб топган ва Тодор Мал рожаси ҳамда унинг мусулмон ҳамкасблари томонидан батафсил ишлаб чиқилган ер ислоҳоти узоқ сақланиб қолган бирдан-бир янгилик бўлди.


АКБАРНИНГ ТАЪРИФИ. Акбар ўзига хос доно ҳукмдор эди. У мўғуллар империясини мустаҳкам пойдевор устига қурди. Мусиқа, рақс, мусаввирлик, меъморлик санъатини ва шеъриятни унингчалик рағбатлантириб турган шаҳаншоҳлар ҳам кам бўлган. У шатранж ўйинига, ҳал хил курашларга ихлос қўйган жасур инсон, истеъдодли лашкарбоши ҳамда ҳарбий бошлиқларнинг яхши ҳаками эди. Умуминсоний муаммоларни ҳам ниҳоятда теран тушунарди, унинг ўзига қарам халқларга сингдира олган иззат-ҳурмат билан уйғунликдаги қўрқиш ҳисси катта эди. Олим бўлмаса ҳам, атрофига ажойиб билимдонларни йиғишдан давлатга беқиёс улкан наф келтирди. У босиқ-вазмин ҳакам сифатида адолатли ечимлар чиқарарди. Муваффақиятсизликлари эса асосан ҳиндлар билан мусулмонлар бир халқ бўлиб бирлашиб кета оладилар, деган ғояси оқибатида келиб чиқарди. Акбар бу иккала дин бир-биридан жуда катта фарқ қилишини, муштарак нуқталари эса кам эканлигини ҳисобга олмади. Унинг Ислом негизини ташкил қилувчи кўнгилчанлик ва ақл-идрокка асосланган таомиллар асосида раҳбарлик қилганлиги ҳамда кишиларнинг эътиқодлари эркинлигига эришиш мумкин, деб ўйлаганлиги кўп омадсизликларига сабаб бўлди. Шундай қилиб, Акбар вужудга келтирган жуда кўп муаммолар бир неча авлод ўтиб, унинг ўзи шунчалик жон куйдириб бунёд этган империяни бардод қилди.


ЖАҲОНГИР (1605-1627 йиллар). Акбар ўрнига келган валиаҳд Салим ўзини Нуриддин Жаҳонгир деб атади. Уни собитқадам гуруҳ қўллаб-қувватлаб турди. Натижада подшоҳлигининг дастлабки бир неча йили мобайнида у Ислом обрўсини оширишга, адолат ўрнатиш ва империя сарҳадларини кенгайтиришга ҳаракат қилди. Ҳукмдорлигининг илк даврида Хусрав исмли шоҳзодага ёрдам берувчи сиқҳлар унга ташвиш туғдириб турдилар. Жаҳонгир исёнларга чек қўйиб, сиқҳларни жазолаганида буни улар диний йўналишга буриб юбориб, мусулмонларга душман бўлиб келдилар ва шу пайтдан бошлаб доимо бобурийларга қарши кўтарилиб турдилар.


НУР ЖАҲОН. 1611 йили Жаҳонгир Бурдвон яқинида ер-мулки бўлган Шер Афғон исмли бир машҳур форснинг бевасига уйланди. Унинг исми Меҳр ун-Нисо (Нур Жаҳон) эди. Шер Афғон 1607 йилги қўзғолон пайтида ҳалок бўлиб, унинг хотини Меҳр ун-Нисо қўлидаги чақалоқ қизчаси билан Деҳлига қирол қарамоғига юборилган эди. Орадан тўрт йил ўтгач, Жаҳонгирнинг унга ишқи тушиб, ўзига жуфти ҳалол қилиб олди. Гўзал ва юксак билимли бу аёл кўриникли малика бўлиб қолди. Кейинчалик ичкиликка ружу қўйган Жаҳонгирнинг саломатлиги ёмонлашиб, ақли хиралашганида Меҳр ун-Нисо Нур Жаҳон номи билан Ҳиндистонни бошқариб турди. Бу ишда унга қобилиятли укаси – Деҳлида бош вазирлик қилувчи Асафхон ёрдамчи бўлди.


РАЖПУТЛАР ВА ДЕКАНЛИКЛАР БИЛАН БЎЛГАН УРУШЛАР.
Акбар давридаги сингари ундан кейинги подшоҳлар салтанатида ҳам, мўғулларнинг бир томондан ражпутлар билан, иккинчи томондан Декан подшоҳликлари билан олишувлари давом этди. Энг аввало Акбар даврида товон тўлашга рози бўлиб, Жаҳонгир ҳукмронлигида эса ғоят истеъдодли лашкарбошиси ҳамда вазири бўлган Аҳмаднагар вилояти билан уруш бошланиб кетди. Кўнгиллилар иштирокида туйқусдан зарба бериб жанг қилиш устаси бўлган Малик Акбар империя қўшинларига муваффақиятли қарши тура билди. У чидамли ва бақувват махраттанларни қабул қилиб, яхши машқдан ўтказарди. Бундай сабоқ уларга кейинги император Шоҳ Жаҳон ҳукмронлигида, айниқса, асқотди, чунки шу даврга келиб уларнинг Шоҳжи Бхонсле исми ўз жанговар раҳбари пайдо бўлди. Аъло даражада машқ олган бу тоғлик саркарда икки авлодга мансуб лашкарлари билан Аврангзеб подшоҳлигида жуда сезиларли ҳаракатлар қилди. Бу даврда Шоҳжи Бхонсленинг ўғли Сиважи уларнинг ажойиб раҳнамоси бўлиб етишди.


НУР ЖАҲОН ВА ШОҲ ЖАҲОН. Жаҳонгирнинг ўғли  шаҳзода Хуррам Аҳмаднагарга ва ражпутларга қарши курашга юборилди. Ҳар иккала ҳолда ҳам зафар қучганлиги учун унга Шоҳ Жаҳон номи берилиб, империянинг буюк аъёнлари сафига қўшиб қўйилди. Анчадан кейин Нур Жаҳон билан Шоҳ Жаҳон  орасида муайян келишмовчиликлар вужудга келди. Нур Жаҳон биринчи эридан туғилган қизига уйланган Шаҳриёрни – Жаҳонгирнинг бошқа ўғлини кўпроқ яхши кўра бошлаганида бу зиддият, айниқса, кучайди. Деканга ҳоким этиб тайинланган Шоҳ Жаҳон вазифасидан четлатилди. Исён кўтарганида эса унга қарши додхоҳ Маҳаббатхон жўнатилиб, кучлари анча кам бўлган шаҳзода икки марта мағлубиятга учради, лекин кейинроқ сулҳ тузилди. Маҳаббатхон садоқат билан хизмат қилаётганлигига қарамасдан, айтганидан қайтмас Нур Жаҳон у билан уришиб қолгани боис Маҳаббатхон Жҳелум яқинида Жаҳонгирни асир олди. Ҳар қалай ўша пайтда Нур Жаҳон ўзи билан Маҳаббатхон ўртасидаги совуқликни ҳам бартараф қила билди. Шу орада узоқ вақтдан бери касал ётган Жаҳонгир вафот этиб, Шоҳ Жаҳон император бўлиб, подшоҳлик нафақаси тайинланган Нур Жаҳон сиёсатдан четлашди.


ШОҲ ЖАҲОН (1628-1658 йиллар). Шоҳ Жаҳоннинг императорлик тахтига ўтириши илиқ кутиб олинди. Уни яхши ҳарбий бошлиқ ва истеъдодли маъмур сифатида танишарди. Деканда ҳокимлик вазифасида ўзини кўрсата олганлигидан унинг бундай обрўси тасодифий эмасди. Шоҳ Жаҳон иккита истеъдодли ёрдамчиси – қайнотаси, яъни ўзининг собиқ бош вазири Асафхон ва ҳарбий бошлиғи Маҳаббатхон ёрдамида мамлакатнинг молиявий аҳволидан ўзгариш ясаб, маъмуриятни яхшилади. Шу боисдан ҳам подшоҳлиги нисбатан осойишта ўтаётганлигидан фойдаланиб, Деҳли ва Аграни ободонлаштириш билан машғул бўлди. Қурилиш ишларини жон-дилидан яхши кўрган Шоҳ Жаҳон Тожмаҳал ва Аградаги Моти масжиди, Деҳлидаги Жоме масжиди ҳамда Девони ом ва Девони ҳоссни ўз ичига олувчи Қизил қалъа сингари ажойиб иншоотларни бунёд эттиришга маблағ аямади. Бу кошоналар гўзаллик ва улуғворлик жиҳатидан етти иқлимда мислсиздир.


ДЕКАНДАГИ УРУШЛАР. Деканда Акбар даврида бошланган уруш ҳали  ҳам давом этар эди. Вилоятга Шоҳ Жаҳонга нисбатан самимий муносабатда бўлмаган Хон Жаҳон Лодий ҳоким эди. Шаҳаншоҳ Аҳмаднагарнинг низомшоҳий ҳокимларидан катта ҳадялар ола бошлади. Улар хирож тўлаётган бўлсалар-да, империяга қарши махфий ишлар билан машғул эдилар. Хон Жаҳон Лодий ҳатто Малик Анбарга қарши кураш пайтида Шоҳ Жаҳон қўлга киритган Балоғат қалъасини ҳам ўзига бўйсундирди. Шу аснода Маҳаббатхон Декан ҳокимлигига тайинланиб, унга Аҳмаднагарга қарши ҳаракатларни қайта тиклаш тўғрисида буйруқ берилди. Қочиб қолган Хон Жаҳон Лодий Бундела қабиласининг бошлиғи Викрамажид билан тил бириктириб, қўзғолон кўтарди. Бу гал қўзғолон оммавий тус олиб, унга Голконд ва Бижапур вилоятлари ҳам қўшилдилар. Деканликларнинг кимсан – Шоҳжи Бхонследек истеъдодли раҳнамоси бўлганлигидан Шоҳ Жаҳон ҳарбий ҳаракатларни бошқариб туриш вазифасини ўзидан соқит қилди. Бир қанча жангларда мағлубиятга учраган Аҳмаднагар қўшинлари чопиб ташланди. 1632 йили Аҳмаднагар тўлиқ таслим этилиб, батамом подшоҳлик таркибига киритилди. Бироқ Шоҳжи Бонсле Бижапур қўшинлари ёрдамида жангларни давом эттираверди. Шунинг учун Шоҳ Жаҳон Голконддан ҳам, Бижапурдан ҳам Шоҳжи Бхонслега ёрдам беришга чек қўйишни қаттиқ талаб қилди. Голконд бу талабга итоат қилди, лекин Бижапур унинг султони Одилшоҳни таслим бўлишга мажбурламагунларича тинчимади. Бу қилғиликлари етказган зарарни қоплаш учун унинг икки миллион рупий беришига тўғри келди, шунингдек, у мўғул императорига ҳар йили товон тўлаб туришга ҳам рози бўлди. Шоҳ Жаҳон шоҳзода Аврангзебни Декан шоҳининг вазири вазифасида қолдириб, Деҳлига қайтиб келди.


ШОҲ ЖАҲОННИНГ ТАЪРИФИ. Энди у осойишталик вазиятида ҳукм сураётган бўлса ҳам, форслар хавф солаётган Қандаҳор учун кўнгли безовта эди. Форсларнинг қўшинлари энди артиллерия билан қуролланганликлари, бобурийлар бу жиҳатдан анча орқада қолганликлари сабабли шаҳарни ўзларига қайтариб олишга ожизлик қилаётган эдилар. Умуман Шоҳ Жаҳон ва унинг ворислари ўз қўшинларини янги қуроллар билан таъминлаганларида Ҳиндистоннинг тақдири бутунлай бошқача бўларди. Шоҳ Жаҳон омадли ҳукмдор чиқди. Унинг даврида мамлакат гуллаб-яшнади, қишлоқ хўжалигида ҳам, саноат ишлаб чиқаришида ҳам ишлар ўнгланиб кетди. Бироқ тинкаси қуриган ерлар ҳосил бермай қўйганлиги сабабли кўпгина туманлар ҳувиллаб қолиб, кишилар иш излаб саноати ривожланаётган шаҳарларга кўчиб кетганликлари тўғрисида ҳам маълумотлар бор. Шоҳ Жаҳон сахий қалбли мусулмон эди; у Акбар даврида саройда юзага келган тушкунликни бартараф этиб, Ҳиндистонда мусулмонлар ҳимоясига чиқди. Шу билан бирга у ҳинларга нисбатан ҳам самимий муносабатини дариғ тутмади. Давлатдаги юксак лавозимлар ва зодагонларга лойиқ барча вазифалар учун ҳиндларга ҳам йўл очилди. Ҳарбий саркардалик мансаблари эса истеъдодли ражпут лашкарбошиларига ишониб топширилиши давом этди. Шоҳ Жаҳоннинг битта ожиз томони шунда эдики, у ўз ўғли Доро Шукоҳни ва унинг қизи Жаҳонарони беҳад яхши кўрарди. Унинг ўйлашича, ўғлининг ҳеч ҳам янглишуви мумкин эмасди. Доро Шукоҳ ўзининг шимолдаги кичик подшоҳлигида вакилини қўйиб, ўзи турли баҳоналар билан саройда қолиб кетган чоғлари ҳам ҳеч қачон танбеҳ эшитмасди. Ҳиндистоннинг мусулмон ҳукмдорлари орасида Шоҳ Жаҳон энг йирик бинокор, санъатнинг буюк ҳомийси эди. Унинг даврида Аграда қурилган Эътимол уд-Давла бобурийлар меъморчилигининг мўъжизаси ҳисобланади.


ОМАДЛИ УРУШ. 1637 йили 66 ёшида Шоҳ Жаҳон бетоб бўлиб ётиб қолди. Унинг тўрттала ўғли – Доро Шукоҳ, Шужоҳ, Мурод ва Аврангзеб шимолу шарқда, ғарбу жанубда муносиб равишда ҳукмронлик қилиб келишаётганди. Ўша пайтда фақат Доро Шукоҳ отаси ёнида эди. Унинг оғирлашиб қолганлиги ҳақидаги хабар тезда ҳар томонга тарқаб, иккита шоҳзода – Шужоҳ шарқда ва Доро Шукоҳ марказда дарҳол ҳаракатга тушдилар. Шужоҳ ўзини қирол деб эълон қилдириб, турли уйдирмалар тўқиркан, қўшинларига Доро назоратидаги Деҳли томон от солдирди. Доро ҳам қарши кучлар қўйиб, уни енггач, Шужоҳ Бенгалга қайтиб кетди. Энди Мурод Декандан ҳеч қаёққа чиқмай ётган Аврангзеб билан мунозарага киришди. У ҳам йўлга тушгудек бўлиб қолса, тўхтатиш мақсадида Доро лашкарбошиси Жасвант Сингхни Нарбудага жўнатди. Айни бир пайтда Доро Исобекни (Аврангзебнинг саройдаги вакилини) ҳибсга олиб, мол-мулкини мусодара қилгани Мурод билан Аврангзебни дарҳол олға ташлашга мажбур этди. Ака-ука Нарбуда яқинидаги Даялпурда учрашган Жасванд Сингх уларнинг йўлини тўсиб чиқди. Бўлиб ўтган жангда валиаҳдликка даъвогарлар ғолиб чиқдилар. Шу аснода Шоҳ Жаҳон ҳам анча бардамлашиб, уларга қарши ҳеч нарса қилмасликни Дорога уқтириб қўйди. Бу билан унинг вазиятни назорат қилиб тура олишига ишонган эди. Бироқ сабр-тоқат кўчасидан ўтмаган Доро отасининг гапини ерда қолдириб, Мурод билан Аврангзеб истиқболига чиқиш учун қўшини билан жануб томон йўл олди. Натижада 1658 йил 21 майда Самугархда оға-инилар ўртасида катта жанг келиб чиқди. Мурод жасорат кўрсатиб савашди, Аврангзеб ҳам ундан қолишмади. Мағлуб Доро Аграга қайтаркан, отаси олдида шарманда бўлганлигидан номус қилиб, шу кечасиёқ оиласи билан Лахўрга жўнаб кетди.


АВРАНГЗЕБ. Шундан кейин Аврангзеб Аграга юриш қилиб, уни эгаллади. Шоҳ Жаҳон унинг билан учрашишга кучли эҳтиёж сезаётганлигини маълум қилди. Лекин Аврангзеб қулоғига отаси яхшилик раво кўрмаётганлиги тўғрисидаги миш-мишлар бориб етади. Чиндан ҳам Шоҳ Жаҳон ўша пайтда Қобулда бўлган Маҳаббатхонга Аврангзебга қарши курашда Доро Шукоҳга мадад бериш таклифи билан мактуб йўллаган эди. Шундай қилиб, Аврангзеб ўғли шоҳзода Аъзамшоҳни совға-саломлар, узру каломлар билан бобоси ҳузурига йўллаб, у ерга ўзи боришдан тийилди. Унинг пешонаси шўрига шаҳзода Муроднинг оқилавваллари  ака-ука биргаликда ўтказган ўша иккита жангда ҳақиқий ғолиб Мурод эканлиги хусусан тўғри эканлигини унинг қулоғига қуя бошладилар. Шундай бўлса, нега уларнинг ўзлари Аврангзеб амр-фармон беришини илтимос қилган эдилар? Шахсий устиворлигига ишончи комил бўлган Мурод ҳам зодагонларни ва қабилаларнинг бошлиқларини ўзи томонга оғдира бошлади. Кўп ўтмай, у 20 минг кишилик кучли қўшинга эга бўлди. Яна уруш чиқишидан хавфсираган Аврангзеб Муродни ҳибсга олиб, давлат жиноятчиси сифатида Гвалиорга бадарға қилди. Доро қўшин тўплаб, яна савашиб кўрди, лекин Деорарида мағлубиятга учраб, Синдга, сўнгра Қандаҳорга қочди, лекин йўлда ушланиб, Деҳлига юборилди. Бу ерда унга хиёнатчи сифатида муносабатда бўлишиб, шундай муомалага лойиқ деб билдилар. Унинг хиёнаткорлигига ишониш қийин бўлса-да, дунёқараши жиҳатидан Акбарга нисбатан ҳам кўнгилчанроқ эканлигига шубҳа йўқ эди. Ҳур фикрли бўлганидан  упанишодларга ҳам ҳурмат билан қарарди. Бенарес яқинидаги Баҳодурпур атрофида мағлуб этилиб, қўлга туширилган Шужоҳ ҳам Гвалиорга бадарға қилинганди. Ўша ерда у гиёҳвандликка берилиб, 1662 йилда жуда кўп миқдорда наша истеъмол этганликдан қазо қилди.


ИМПЕРАТОР АЛАМГИР – ДАСТЛАБКИ УРУШЛАР. Аврангзебга Ҳиндистон императорининг тожи кийдирилиб, Аламгир унвони берилди. Шоҳ Жаҳон яна бир неча йил яшаган бўлса-да, уни давлат жиноятчиси сифатида Агра қалъасида сақладилар. У тетик кўринар ва ҳеч нарсадан нолимас эди. Малика Жаҳонаро ва кўплаб хизматкорлар унга ғамхўрлик кўрсатиб туришди. Аврангзеб турли масалаларда у билан кенгашиб, бир муриди сингари маслаҳатларига қулоқ солиб турди, лекин ҳеч қачон тахтга ўтқазмади. Аврангзеб ҳукмронлиги бутун мўғуллар салтанатининг энг шонли даври бўлди. Ғалаба ва ютуқлар ҳам беҳад эди. 1661 йили Ассамни эгаллаган кекса киши Мир Жумла Аврангзебнинг амакиси билан бир пайтда дунёдан ўтди. Мир Шоистахон Бенгал ва Ассам ҳокими этиб тайинлангач, Брахмапутра дарёсининг қуйи қисмини қароқчилардан тозалаб, Читтагонгни қўлга киритди. Бу вилоятларда ўттиз йил ҳукмронлик қилиб, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтирди. Шимолда патанлар афридийлар бошлиғи Акмалхон раҳбарлигида қўзғолон кўтаришди. Аврангзебнинг ўзи унга қарши бориб, патанларни тартибга чақирганида улар бошқа ҳеч қачонлар мўғуллар оромини бузмасликка ваъда бердилар.


ҲИНДЛАР ИСЁНИ. Акбарнинг узоқ муддатли подшоҳлиги Жаҳонгир ва Шоҳ Жаҳон олиб борган дўстона сиёсат шароитида ҳиндлар шу даражада кучайиб кетдиларки, ҳатто ҳиндлар кўпчиликни ташкил қилган жойларда бу шаҳаншоҳлар мусулмонларнинг фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга мажбур бўлдилар. Мамлакатнинг деярли барча қисмларида кўпчиликни ташкил этувчи ҳиндлар, ўз-ўзидан маълумки, мусулмонларга қараганда катта кучга ҳам эга эдилар. Масалан, улар мусулмонларга нафақат янги масжидлар қуришга, балки баъзи эски масжидларини таъмирлашга ҳам йўл қўймадилар. Лекин янги қасрлар бунёд этишга монелик қилишмасди. Мусулмон уламолари масжидлар ёки хонақоҳлар ёнида дарсхоналар ташкил этганлари мисоли бараҳманлар ҳам бундай кошоналардан ўқишхоналари бўлган патшалалар6 сифатида фойдаланардилар. Маҳаллий мусулмонлар фарзандларини Исломга қарши рисолалардан сабоқ берувчи ана шундай патшалаларда ўқитишга интилардилар. Бу тўғрида Аврангзебга ахборот берганларида, у бундай амалиётга чек  қўйиш тўғрисида фармон чиқарди. Шунингдек, хоналарга бўлинмаган қасрлар қуриш тўхтатилишини амр қилди. Эски кошоналарни ўз ҳолича қолдириб, янгиларини албатта патшала хоналари билан бунёд этиш лозим топилди. Бу мамлакатда аллақачондан бери мусулмончиликка қарши пишиб келаётган кайфиятларни янада авж олдириб юборди. Дастлабки мафкуравий ҳаракат бўлган бахтийлар ҳаракати шу бугунгача, масалан, сиқҳлар ҳамда махраттанларга ўхшаган миллатчилик оқимлари ва ҳарбий тузумларини вужудга келтиришда давом этмоқдалар. Аврангзебнинг мусулмон маданиятини муҳофаза қилишга қаратилган хатти-ҳаракатлари катта норозиликка сабаб бўлди. Кўпгина гуруҳлар, айниқса, дарғазаб бўлиб, жазавага туша бошладилар. 1669 йилда Марказий Ҳиндистонда кўтарилган жетлар қўзғолони бостирилди. 1672 йилда сетнамийлар исён уюштирдилар. Исломга нисбатан ашаддий ёвлик қарашларига эга бўлган бу тоифага мансуб ҳиндларнинг мусулмонларни кўришга кўзлари йўқ эди. Улар исёни ҳам бостирилиб, кўплаб сетнамийлар қирилиб кетди.


СИҚҲЛАР. Шундан кейин сиқҳлар ғуру Тег Баҳодур бошчилигида мўғулларга қарши муқаддас уруш бошлаб юбордилар. Бобурийлар томонидан бир неча бор тор-мор келтирилганликларига қарамасдан, улар махраттанлар сингари партизан уруши усулларидан фойдаландилар. Тўқнашувлардан бирида асир тушган Тег Баҳодур давлат хиёнатчиси сифатида суд қилиниб, бошидан жудо қилинди. Бу воқеа сиқҳлар ғазабини баттар қайнатиб юборди. Улар ўзларининг сўнгги ғуруси Гобинд Сингх исми билан машҳур бўлган истеъдодли ҳарбий бошлиқ раҳнамолигида янада кўпроқ куч билан курашга киришдилар. У сиқҳларни қайта уюштириб ҳаракат қилган бўлса-да, империя қўшинларига дош бера олмади. Махфий ҳолатга ўтиб, анча саргузаштлардан кейин Деканнинг Ҳайдаробод туманига қочди. У 1507 йили Голдавари дарёси соҳилидаги Нандер деган жойда Гурудвар қурдирди. 1708 йилда, яъни Аврангзеб вафотидан бир йил кейин мутаассиб патанийлар томонидан ўлдирилди.


РАЖПУТЛАР. 1679 йили ражпутлар оёққа туришди. Рожа Жасвант Сингх оламдан ўтгач, Аврангзеб унинг ёш болаларини подшоҳлик оталиғига олиб, Жапур вилоятини уларга атади. Ражпутлар шоҳнинг бундай саховатига ишончсизлик билан қараб, унинг фармонига нисбатан норозилик билдиришга бел боғладилар. Деҳлига гўдакларни олиб келаётган навкарларга ҳужум қилишиб, уларнинг бошлиғини ўлдиришди, болаларни эса ўзини ражпутлар курашчиси деб эълон қилган рожа Удайпурга олиб бориб бердилар. Аврангзеб барча ражпутларни ўз бошчилигида уюштирган рожага қарши шахсан ўзи курашга чиқиб, уни мағлуб қилди. Сулҳ сўраганлиги учун рожа авф этилиб, империя зодагонлари сафига киритилди. Ўз навбатида у Бандалпур ва Банднхарни Аврангзебга инъом этди. Шу бўлди-ю, ражпутлар бошқа ҳеч қачон безовта қилмадилар.


ЖУЗЪЯЛАР. Бутун подшоҳлиги давомида Аврангзебнинг ҳиндлардан кўргани фақат ишончсизлик, таъна-дашном, ғанимлик ва исёнлар бўлди. У шунга ишонч ҳосил қилдики, ҳиндлар уни самимий муносабатга номуносиб келгинди босқинчи ҳисоблашади. Шу жиҳатдан ҳам уларнинг тартиб-қоидаларига бўйсуниш Исломга қарши қонунсизликларга йўл қўйишни англатарди. Марҳаматли мусулмон бўлган Аврангзеб ҳамма жойда номусулмонларга илгаридан қандай муомалада бўлиб келган бўлсалар, у ҳам шунга амал қилишга қарор қилди. Шундан келиб чиқиб, уларга ҳарбий ишда ишонмайдиган бўлди, жангда қатнашмаган киши эса жузъя деб аталмиш жон солиғини тўлашга мажбур эди. Бундай амр-фармондан ҳиндлар дили хуфтон бўлганлигига қарамасдан, солиқ улар айби билан юзага келганлиги сабабли Аврангзеб уни бекор қилиб ўтирмади. Даршанлар удумига кўра, эрталаб император қаерда пайдо бўлмасин, уни бутун бир тўда кишилар кутиб олиши лозим эди. Бу маросимга ҳам чек қўйилди. Сарой – бу кўнгил ёзиш жойи эмас, балки император кенгашадиган муассаса, адлия маскани, олий даражадаги қабулхона эканлигини билдириб, у ердан созандаларни чиқартирди. Унинг ўзи кун бўйи астойдил меҳнат қилар, ўзгалардан ҳам шуни талаб этар эди. Аврангзебни бошқа идораларни соддалаштириш ва изга солишга доир барча ислоҳотларини ҳиндлар мутаассибликнинг ўзларига қаратилган ифодаси сифатида қабул қилдилар. Император ҳақида кишилар қандай фикрда эканликларини ақлдорлар унга етказиб туришарди. Лекин у ўзи раҳбар экан, ҳеч қачон енгилтаклик ва дангасаликка эрк бермаслигини қатъий таъкидлар эди.


МАХРАТТАНЛАР ВА СИВАЖИЙЛАР, Шоҳ Жаҳонга қарши Шаҳжи Бхонсле бошчилигида курашган махраттанлар энди унинг ўғли Сиважи раҳбарлигида мўғуллар ҳудудига босқинчиликлар уюштира бошладилар. Шу давргача улар Бижапур ерларига ана шундай юришлар қилиб туришарди. Мўғулларнинг Сиважи ҳужумларини қайтаришга қаратилган дастлабки уринишлари омадсиз бўлди. Лекин 1664 йили Суратни талон-тарож  қилганида Аврангзеб унга қарши Жан Сингхни сараланган чоғроқ қўшинига бош қилиб юборди. Кўп ўтмай, Жан Сингх рақибини енгиб, махраттанларнинг кўпчилик истеҳкомларини қўлга киритди. Донишманд Сиважи ўзини дўстона кўрсатиб, сулҳ тузди. Жан Сингх эса унга империя зодагони унвони берилиши учун жон куйдиришни ваъда берди. Сиважини Деҳлига бошлаб келиб, императорга таништирдилар. У беш минг от қийматига эга бўлган зодагон унвонини олгач, ўзини аразлаган кўрсатиб қочиб кетди, тоққа қайтиб келиб, қаттиқ тайёргарлик бошлаб юборди. Бу гал ҳеч қачон Аврангзебга садоқат кўрсатмаган Рожа Жасвант Сингх унга қарши юбориладиган бўлди. У эса вазиятга мослашиш мақсадида вақтни чўзаверди. Айни шу пайтда Сиважи тобора кучайиб борарди. Ҳатто у рожа унвонини талаб қилганида Жасвант Сингх бу масалада унга ён берди, Аврангзеб ҳам рози бўлди. Лекин биважи бирор марта ўз сўзининг устидан чиқмади. Гарчи у императорга қарам бўлса-да, мўғуллар тасарруфидаги элларни безовта этишда, зиёратчилар йўлида қароқчилик қилишда, шаҳарларни талашда давом этди. 1670 йилда у очиқдан-очиқ мўғуллар билан алоқасини узиб, ўзларининг барча истеҳкомларини қайтариб олди. 1674 йилда эса ўзига ўзи шоҳ тожини кийдирди. 1677 йили ошкора ёрдам бераётган Голконд, Манна ва Акна подшоҳликларининг икки бараҳман вазири кўмагида Бижапур подшоҳлигини талаб, шип-шийдам қилди. У 1679 йилда вафот этгач, ўрнини ўғли Самбажи эгаллади. Бошқа ҳеч ким махраттанлар билан муносабатни йўлга қўя олмайди, деган фикрга келган Аврангзеб бу сафар уларга ўзи қарши борди. Мўғуллар истеҳкомларидан қувиб чиқараётган Голконд ва Бижапур қўшинларига махраттанлар бошпана ва пистирма бериб, фаол ёрдам кўрсатишарди. Шунинг учун ҳам у биринчи бўлиб улар устига ҳужум қилишга қарор берди. Ҳаракатларни махраттанлар ҳудудига яқинроқ жойлашган Бижапур устига юришдан бошлаб, 1687 йили истило қилди, келаси йили Голкондни ҳам забт этди, сўнгра махраттанларга қарши борди. Уларнинг барча қўрғонларини эгаллади. 1679 йили Самбажини қўлга тушириб, унинг ўғлини гаровга олди. Бироқ болага яхши муомалада бўлиб, шаҳзода сифатида тарбия берди. Махраттанлар вужудга келтириб турган хавф-хатар даф этилганидан кейин Аврангзеб яна ўн саккиз йил ҳукм сурди.


АВРАНГЗЕБНИНГ ТАЪРИФИ. У хулқ-атвори жиҳатдан жуда ажойиб инсон сифатида ҳар доим кишиларни қойил қолдириб турарди. Унинг қатъиятлилиги, жасурлиги, ниятлари ҳалоллиги ва тўғрилиги, бурчига садоқати, Исломга муҳаббати, камтаринлиги ва билимдонлиги барча томонидан эътироф этилган. Декан подшоҳига вазир бўлган пайтидаёқ у ўзининг маъмурий қобилиятини кўрсата билди. Тартиб-интизомли ва синчковлигидан ташқари у жуда кўп нарсага қизиқарди. Шундай фазилатлари шарофатидан мусулмонлар бой бериб қўяёзган Бобур ва Акбар меросини тушуниб етишга муяссар бўлди. Бу ниҳоятда адолатли инсон ўзини ҳам, ўғилларини ва қарамоғидаги кишиларни ҳам аямасди. У Ислом давлатининг бошлиғи сифатида ўз идорасининг юксак ҳурматига сазовор эди, қонунга адолатли риоя этилишига ҳеч қандай монелик қилмасди. Бироқ у ҳазил-мутойибани яхши тушунмас ва албатта енгилтакликдан йироқ, аммо ўз бурчини юксак даражада ҳис қилувчи инсон эди. Номи бутун дунёга машҳур бўлган унинг 50 йиллик подшоҳлиги мўғулларнинг буюк авлодини барча халқлар тилларида достон қилди. Уни ҳиндларга қарши сиёсатда қоралашади, лекин ўша пайтда ҳиндлар кўп асрлар давом этган мудроқликдан уйғонаётган ва ҳар қандай якка ҳоким ихтиёрий, яъни жангсиз бериши мумкин бўлганидан анча кўп нарсага даъвогарлик қила бошлаган эдиларки, буни умуман унутиб қўядилар. Императорга бутун қаҳр-ғазабини ишга солиб курашган сиқҳлар ва махраттанларга у ҳам тегишли жавоб қайтаражаклиги тўғрисида пўписа қилди. Декан вилоятлари мўғул ҳукмдорларининг уч авлоди даврида уларга қарши кураш олиб бордилар. Узоқ давом этиши мумкин бўлмаган бундай ҳолга кучли давлат вужудга келиши билан чек қўйилди. Аврангзеб сиёсат бобида буюк авлодларига муносиб бўлишига шак-шубҳа йўқ эди. Улар ҳам унинг заифлигини кечиролмаган бўлардилар.


АВРАНГЗЕБНИНГ ВОРИСЛАРИ. Аврангзебдан кейин тахтга ўтирган валиаҳд Баҳодуршоҳ биринчининг қисқа муддат давом этган подшоҳлик даври ва шундан кейинги бир қанча императорлар ҳукмронлиги ҳам сиқҳлар билан урушларга ва ички адоватларга, сарой фитналарига, ночорлик ва порахўрликка бой бўлди. Унинг вафотидан сўнг ўн икки йил ичида узоқ вилоятлар марказдан ажралиб кетдилар. Декан шоҳининг вазири Асаф Шоҳ Низом ул-Мулк мустақил Ҳайдаробод давлатига асос солди. Ауд набоби Саодатхон мустақилликка эришди. 1740 йили Аливердихон ҳам Ганга дарёсининг юқори қисмида ўзининг алоҳида подшоҳлигига эга бўлди. Сал ўтиб Синд ажралиб чиқди. Деҳли императори Муҳаммадшоҳ айш-ишратга берилиб кетиб, ҳаётини бекорга совурувчи киши сифатида донг таратди. Форснинг жанговар ҳукмдори Нодиршоҳ Ҳиндистонга юриш қилиб, Деҳлини талон-тарож этиб, ҳамма бойликларини ташиб кетди. Ундан кейин келган Афғонистондаги абдолийлар давлатининг асосчиси Аҳмадшоҳ Абдолий шимолий Ҳиндистонни ўзининг ҳарбий ҳаракатлари майдонига айлантирди. Жануби-ғарбда махраттанлар ўртасида 1760 йил 19 октябрда бўлиб ўтган учинчи Панипат жанги Абдолий ғалабаси ва махраттанларнинг империя давлати ташкил топиши билан якунланди. 1757 йилда британияликлар Бенгал набобига қарши Плессей жангида, 1764 йилда эса Бихарда яна бир жангда ютиб чиқиб, шимоли-шарқий Ҳиндистонда ўз ҳокимиятини ўрнатдилар. Омадли ажойиб жангчи Ҳайдар Али жанубда Майсур подшоҳлигини қўлга киритиб, британияликларга басма-бас жанг қилди. Отасидан ҳам истеъдодлироқ чиққан унинг ўғли Султон Типу чет келгиндилар ҳукмронлиги нақадар хатарли бўлиши мумкинлигини яхши ҳис қилганлигидан бутун куч-ғайрати ва имкониятларини британияликларга қарши урушга қаратди. Бироқ бошқа ҳинд давлатлари қўллаб-қувватламаганликлари сабабли муваффақият қозонолмади. У 1799 йилда инглизлар билан бўлиб ўтган Серингапатам жангида қаҳрамонларча савашиб, ҳалок бўлди. Ўша пайтда Панжобдаги подшоҳликни босиб олган Ранжита Сингх қиёфасида сиқҳларнинг буюк раҳнамоси пайдо бўлди. Уни император деб атай бошладилар. Ёвуз роҳиллалар улар устига ёпирилдилар. Ҳужумга ёрдам берган махраттанлар бошлиғи Маҳадожи Синдҳия ҳомий унвонини олди. Бундай оғир ҳолатдан императорни британияликлар қутқариб, унга нафақа тайинлашди ва Деҳлининг Қизил қалъаси императори деган унвоннигина раво кўрдилар. Шу билан буюк мўғуллар ҳокимияти, шон-шуҳрати барҳам топди. Уларнинг меъморчилик, тасвирий санъат ва мусиқа бобида эришган ютуқлари, маданияти, улар даврида вужудга келган урду тили мусулмонлар мустақил маданий воқелик бўлиб келганлар ва шундай бўлиб қоладилар, деган фикрни  исботлайди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҳижратдан аввалги 47 йил милодий 577 йилПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга кирганларида, оналари у зотни Ясрибга Мадинага олиб бордилар. Онабола давоми...

5067 19:35 / 19.09.2019
Тоифдан қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини турли қабилаларга очиқойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай давоми...

1682 16:00 / 28.07.2019
Зулкифл алайҳиссалом Айюб алайҳиссаломнинг ўғилларидир. Бу зот ҳақларида Қуръони каримнинг икки жойида қисқагина маълумот келган. Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам давоми...

5530 14:40 / 10.03.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва ҳамроҳлари юриб бориб, Хузоъа қабиласига мансуб Умму Маъбад исмли аёлнинг чодири олдидан ўтдилар. У аёлнинг давоми...

2429 19:08 / 30.06.2020
Аудиолар

137920 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57958 14:35 / 11.08.2021