1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

«Hilol-nashr» нашриётида иккита янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

16:00 / 15.05.2019 2430 pdf Ўқиш режими + -

2019 йил 15 май куни «Hilol-nashr» матбаа нашриётининг мажлислар залида Ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Эй фарзанд!» (Одинахон Муҳаммад Содиқ таржимаси) ҳамда фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ қаламларига мансуб «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни “Яланғоч ота” жоме масжиди имом ноиби, Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти Мирҳамидов Акмал Абдуғофур ўғли олиб борди.

Тадбир анъанага кўра Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Тақдимотни очиб бериш учун сўз «Hilol-nashr» матбаа нашриёти, Islom.uz портали раҳбари ва айни пайтда “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби  Исмоил Муҳаммад Содиққа берилди. У киши тақдимотга йиғилган барча меҳмонларни муборак Рамазон ойи ва куни кеча янги очилган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги масжид билан муборакбод этдилар. Шундан сўнг тақдимотга киритилган икки китобнинг аҳамияти, моҳияти ҳақида кириш сўз қилиб, унинг ишига муваффақият тиладилар.

Сўнгра тақдимотнинг биринчи қисми бошланди. Унда Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Эй фарзанд!» асари ҳақида сўз борди. Ушбу асар ва унинг таржимаси юзасидан «Ҳазрати Али» жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов маъруза қилди.

– Ушбу асар Ислом оламида машҳур рисола бўлиб, айниқса тасаввуф аҳли орасида кенг довруғ қозонган.

Фарзанд – инсоннинг жигарбанди. Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандга катта эътибор қаратишга буюрганлар. Ислом шариати фарзанднинг таълим-тарбияси, руҳий покланиши ва дунёқарашининг тўғри шаклланишига жиддий эътибор қаратади. Бундан мақсад – фарзанд ёшликданоқ Аллоҳ ва Расулига муҳаббатли бўлиб улғайиши, дунё ва охиратини обод қилишга интилиши, қалби, ақли ва жисмини дини, уммати ва Ватанининг хизматига сафарбар қилишидир.

Рисолада мусулмон оилада фарзанд тарбияси учун тавсия қилинган энг тўғри йўллардан бири баён қилинган. Шунингдек, ҳар бир толиби илм ўрганиши керак бўлган илм турлари белгилаб берилган. Шу билан бирга мударрис ўзида касб қилиши зарур бўлган сифатлар айтиб ўтилган, муаллим ва шогирд орасидаги алоқа қандай бўлиши кераклиги ҳам кенг изоҳлаб берилган.

Таржимон ҳақида сўз юритадиган бўлсам, фазилатли шайхимизнинг фарзандлари олима Одинахон Муҳаммад Содиқ имом Ғаззолийнинг ушбу рисоласини таржима қилиб, халққа етказиш учун саъй-ҳаракат бошладилар. Аллоҳ азза ва жалла фозила, карима, олима, тарбиячи устоз Одинахон Муҳаммад Содиқни бу муборак ишни якунига етказиб, даъват нурини порлатиш учун ушбу рисолани чоп қилишга муваффақ қилибди.

Аллоҳ таоло ушбу мўъжазгина рисола орқали иймоний тарбия байроғини юксак кўтарсин, ўғил-қизларимизнинг қўлидан тутиб, комиллик сари, икки олам саййиди, Ҳақ таолонинг ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёт йўллари сари етакласин.

Ўйлайманки, таржимоннинг бу гўзал таржимаси барчамизга манфаатли бўлади.

Маъруза якунида тадбир иштирокчиларига суриялик машҳур муҳаддис аллома шайх Муҳаммад Аввоманинг фарзандлари доктор Муҳйиддин Муҳаммад Аввома томонидан «Эй фарзанд!» асари ва унинг таржимонини қутлаб сўз юритилган видеоролиги намойиш қилинди.

Тақдимотнинг иккинчи қисми устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар»  асарларига бағишланди.

Асарнинг муқаддимаси шундай бошланади: «Гоҳида баъзи бир ҳодиса ёки гап-сўзлар ўзидан кўра каттароқ нарсаларга сабаб бўлади. Бундай бўлиши Аллоҳ таолонинг ҳикмати бўлса керак. Қабулимга кирган бир киши ўз танишларининг динимизни ўрганиб боришдаги ихлослари, ҳаракатлари ва шунга ўхшаш гапларни айтиб бўлгандан кейин асосий мақсадга кўчди. Ўз танишларидан баъзилари динимиз таълимотларини ўрганиб, қабул қилишлари билан бирга вафот этгандан кейин қайта тирилиш ҳақидаги эътиқодни қабул қилмаётганларини, уларга бу ҳақиқатни англатиш борасидаги уринишлар беҳуда кетаётгани борасида афсус-надомат билан гапирди... 

Бу қарашлар мени ўйлантириб қўйди. Мазкур одамлар нима учун ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақидаги ақийдани инкор қилишмоқда экан? Аллоҳ таолога ишонса, Қуръони каримга ишонса, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонса... 

Охири бу масалани батафсил баён қилиб, алоҳида мақола ёзиш, шунга ўхшаган бошқа долзарб масалаларни жамлаб, бир китоб қилиш режаси тузилди. Аммо мазкур долзарб масалаларнинг ўзи кичикроқ бир китоб бўлиб қолди. Мавзулар турлича бўлгани учун ўлгандан кейин қайта тирилиш ақийдаси борасидаги мақола уларга унча мос келмай қолди. Мазкур масалани ёритиш пайтида, бугунги кунимиздаги илмий кашфиётлар ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақиқат эканини исботлагани ҳақидаги маълумотларни тақдим қилиш жараёнида ўз-ўзидан Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар мавзуси кўтарилиб қолди...»

Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламои киромларнинг вазифаси ҳам асри саодатдан то қиёматга қадар айнан ушбу илоҳий омонатни – Қуръон ва Суннатни халққа етказиш бўлиб келган ва келмоқда. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, ушбу улкан масъулиятни шараф ила адо этишда уламои киром шайхимизнинг ҳам ана шундай улуғ хизматлари бор. Устозимиз ҳам халқимизга Қуръон ҳамда Суннатни етказишга кўп ғайрат қилдилар.

Хайруллоҳ Турматов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби:

– Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳара инсонларни икки дунё саодатига бошловчи ҳидоят манбаларидир. Шу билан бирга, улар инсонларни илмга чорловчи манбалар ҳамдир. Мазкур манбаларда илмий гаплар ҳам келган. Тарих давомида ўқиш ва ёзишни билмаган ердан, жамиятдан ва одамдан кўплаб асрлар ўтгандан сўнг ривожланган илм тасдиқлайдиган илмий гапларнинг чиқиши ҳақиқий мўъжизадир. Ҳозирги замон илми Қуръони карим ва Суннатда келган гапларни тасдиқлаётгани мулоҳаза қилинганидан кейин бу соҳага мусулмонлар алоҳида аҳамият бердилар.

Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар – бу Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бирор ҳақиқат ҳақидаги берган хабарлари бўлиб, илм-фан турли тажрибалар орқали уларнинг ҳақиқат эканини исботлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналарида эса уларни инсон кашф этган воситалар билан идрок қилиш имконияти бўлмаган. Аллоҳ таолони таниш фақат У Зотнинг ўқиладиган азиз Китобига назар солиб, тадаббур қилиш орқали бўлади. Аллоҳ таолонинг Китоби эса илм-фанда кенг кўламда фойдаланиладиган китобдир. Бу У Зотнинг махлуқотларига ақл ва ибрат кўзи ила назар солиш ҳамда тафаккур қилиш билан ўз ҳақиқатини топади.

«Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» асарининг ўзига хос жиҳати, ундан Қуръон ва Суннатнинг таърифи, Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар ҳақида мавзулар ўрин олган.

Баъзида мавзулар умумий ёритилган бўлса, баъзида катта мавзулар алоҳида сарлавҳалар остида баён қилинган.

Аллоҳ таоло ҳазратимизнинг бу ожизона ва камтарона амалга оширилган ишларини барчамиз учун фойдали қилсин!

Шундан кейин Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ва Муҳаммад Бобур Юсуф Жалолийлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Тадбир якунланганидан сўнг иштирокчилар фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжидни зиёрат қилдилар.


Islom.uz портали таҳририяти


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ойи ва ҳайитини аниқлаш учун тузилган Ишчи гуруҳи хориждаги нуфузли астрономия марказлари ва Ўзбекистон Республикаси давоми...

1954 10:33 / 20.04.2023
Бугун, 11 январь куни Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг мажлислар залида Қуръон ходими, .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жомеъ масжиди имомноиби, воиз Ҳасанхон давоми...

1234 09:58 / 11.01.2022
Швейцариядаги Женева университетида Ислом цивилизацияси профессори, коронавирус эпидемияси авж олган пайтда мусулмон аёлларнинг Ғарб жамиятларидаги ролини давоми...

1665 16:48 / 18.02.2022
Бугун, 15 июл куни юртимизнинг таниқли уламолари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ва Бўстонлиқ туманларига ташриф буюришади.Бугуннинг ўзидаquotМарказийquot жоме давоми...

1607 10:06 / 15.07.2021
Видеолар
Аудиолар

137646 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57716 14:35 / 11.08.2021