1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзанинг фазилатлари (олтинчи мақола)

20:00 / 09.05.2019 1693 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи боб

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Кетаётганимизда у зотга яқинларида бўлиб қолдим. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», дедим.

«Батаҳқиқ, мендан буюк нарса ҳақида сўрадинг. Зотан, у Аллоҳ муяссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир. Аллоҳга ибодат қилурсан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмассан ҳамда намозни қоим қилурсан. Закотни адо қилурсан. Рамазон (рўзаси)ни тутурсан. Байтни ҳаж қилурсан, – дедилар. Сўнгра: – Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми? Рўза сақловчидир. Садақа худди сув оловни ўчирганидек, хатоларни ўчиради. Кишининг кечаси ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир, – дедилар, сўнг «Ёнбошлари ётар жойлардан йироқ бўлур» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра эса: – Сенга ишнинг боши, устуни ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми? – дедилар.

«Ҳа, албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.

«Ишнинг боши Исломдир. Унинг устуни намоздир. Ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир, – дедилар. Сўнгра эса: – Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?» дедилар. Мен:

«Ҳа, албатта, эй Аллоҳнинг Набийси», дедим. 

Шунда у зот тилларини тутдилар ва: «Мана буни тийгин!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Набийси, биз гапирган нарсамиз учун албатта (иқобга) олинамизми?» дедим.

«Онанг азангни тутсин, эй Муъоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди?!» дедилар». 

Имом Термизий «Иймон» бобида ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда ҳар бир мўмин банда билиши ва амал қилиши лозим бўлган улкан ишларга далолат бор.

Бу ишларни бирма-бир кўриб чиқишдан олдин саҳобаи киромларнинг, хусусан, Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг солиҳ банда бўлиш учун қанчалар иштиёқманд эканликларини тушуниб етишимиз ва улардан ўрнак олишимиз керак.

Ҳазрати Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу борада қилган илтимосларига назар солинг:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг».

Демак, мақсад нима қилиб бўлса ҳам жаннатга кириш эмас. Мақсад – жаннатга дўзахдан узоқлашган ҳолда, унга яқинлашмай туриб кириш.

Бугунги кишилардан баъзилари эса «фалон ишни қилса, жаннатга кирар экан, биз ҳам қилганмиз», деб, умрида бир-икки марта ийд намозига бориб қўйгани ёки шунга ўхшаш бир нарсани айтадилар.

«Тўғри, ўша қилинган иш учун маълум муддат жаннат мукофоти бўлиши мумкин, аммо тарк қилинган ҳар бир фарз ёки вожиб амал учун, ўқилмаган ҳар бир ракъат намоз, тутилмаган ҳар бир лаҳза рўза, берилмаган ҳар бир тийин закот учун қанчадан-қанча дўзахда ётиш ҳам бор», дейилса, эътибор бермайдилар.

Бу эса ўта масъулиятсизлик, Аллоҳнинг дийнини писанд қилмасликдир. Аслида мўмин-мусулмон банда жаннатга элтувчи ҳар бир амални кичик санамасдан қилиши, дўзахга элтувчи ҳар бир нарсадан қочиши лозим. Чунки жаннатга кириб, дўзахдан узоқлашиб қолиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда айтганларидек, буюк, лекин Аллоҳ муяссар қилганлар учун осон ишдир.

Ана энди бу ҳадисда зикри келган ўта муҳим ишларни бирма-бир кўриб чиқайлик:

I. Инсонни жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган ишлар:

1. «Аллоҳга ибодат қилурсан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмассан».

Демак, эътиқодда ҳам, амалда ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиб, У зот «эътиқод қил», деган нарсаларга эътиқод қилиб, амрларига бўйсиниб, кўрсатмаси ила Ўзига итоат қилган ҳолда яшаб ўтиш лозимдир.

2. «Намозни қоим қилурсан».

Демак, банданинг дўзахни четлаб, жаннатга кириши учун зарур ва лозим бўлган омиллардан бири намозни қоим қилиб, тўкис ўқишидир. Намоз фарз бўлганидан бошлаб, умрнинг охиригача уни бир ракъат ҳам қолдирмай ўқишга ҳаракат қилиш ва уни адо этишдир. Намоз ўқимаган одам бу бахтга муяссар бўла олмайди. Шунингдек, ёлғиз ийд ёки жумъа намозини ўқиб юрганлар ҳам ўзларини намозни қоим қилганлар қаторига қўша олмайдилар.

3. «Закотни адо қилурсан».

Моли нисобга етган мусулмон одам учун закот бериш худди иймондек ва намоз ўқишдек фарздир. Закотни инкор қилган одам кофир бўлади, уни эътироф қилиб туриб, бермаган одам эса осий бўлади. Жаҳаннамни четлаб, жаннатга киришни хоҳлаган банда бошқа ибодатлар қатори закотни ҳам адо этиши лозиму лобуддир.

4. «Рамазон (рўзаси)ни тутурсан».

Банданинг жаҳаннамни четлаб, жаннати наъимга кириши учун зарур бўлган омиллардан яна бири Аллоҳ таоло фарз қилган Рамазон ойи рўзасини иймон ва ихлос ила тутишдир. Бусиз дўзахни четлаш ҳам, жаннатга кириш ҳам мумкин эмас.

5. «Байтни ҳаж қилурсан».

Қодир бўлганларга умрида бир маротаба байтни ҳаж қилиш фарз эканлиги ҳаммага маълум ва машҳур.

Жаннатга кирмоқчи, жаҳаннам азобидан қутулиб қолмоқчи бўлган ҳар бир банда Исломнинг беш рукнига оғишмай амал қилиши лозим. Ислом Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол дийндир. Мусулмон эса ана шу мукаммал дийнга мукаммал амал қиладиган одамдир.

Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг «Мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», деган илтимосига «Калимаи шаҳодатни айтишинг», деб жавоб бермадилар? Чунки Ислом иймонни тилда тасдиқлашдан ташқари, шариат буюрган амалларни адо этишни ҳам кўзда тутади.

Шунингдек, ким намоз ўқиса, жаннатга киради, ким рўза тутса, жаннатга киради ёки ким закот берса, жаннатга киради, ким ҳаж қилса, жаннатга киради, деган мазмундаги ҳадислар ҳам бор. Ҳатто баъзи ҳадисларда бир итни ўлимдан қутқариб қолган аёлнинг жаннатга кириши ҳақида ҳам таъкид келган. Лекин бу бошқа ишларни, ибодатларни қилиш керак эмас, дегани эмас. Балки ўша зикр этилаётган ибодатга кишиларни тарғиб қилишдир.

Одатда инсонлар орасидаги оддий муомалаларда ҳам «фалон ишни қилсанг, мақсадингга етасан», деган гап кўп ишлатилади. Лекин бу биргина ўша иш билан мурод ҳосил бўлади, бошқасини қилма, дегани эмас. Балки мазкур ишнинг аҳамиятини таъкидлаш, холос.

Қолаверса, банда жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган беш рукн билан ҳам кифояланиб қолмаслиги керак. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга, у киши сўрамасалар ҳам, бошқа ишларни баён қилар эканлар:

«Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми?» демоқдалар.

Демак, мўмин-мусулмон қандай қилиб бўлса ҳам дўзахга тушмаслик, дўзахдан қутулиб қолиш нияти билан эмас, балки ундан кўра юқорироқ даражаларни кўзлаб яшаши лозим. Мўмин-мусулмон банда яхшилик эшикларини ахтариб юриши ва улардан киришга ҳаракат қилмоғи лозим. Унга раҳм қилиб, ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари яхшилик эшикларини кўрсатиб бермоқдалар.

II. Мўмин учун яхшилик эшиклари:

1. «Рўза сақловчидир».

Фарз рўза олдин зикр қилинганлиги учун ушбу иборадаги «рўза»дан нафл рўза кўзда тутилганлиги ўз-ўзидан равшан. Демак, мўмин-мусулмон банда ўзи учун яхшилик эшигининг очилишини истаса, фақат фарз рўза билан кифояланиб қолмай, нафл рўза ҳам тутиши керак.

Чунки рўза сақловчидир.

Чунки Рўза рўзадорни турли ёмон ишлардан ва гап-сўзлардан сақловчидир.

Шаҳватга берилишдан сақловчидир.

Ёмон ахлоқлардан сақловчидир.

Турли-туман касалликлардан сақловчидир.

Шундай экан, рўза мўмин-мусулмон киши учун яхшилик эшикларидан бўлмай, нима бўлсин?

2. «Садақа худди сув оловни ўчирганидек, хатоларни ўчиради».

Закот молиявий фарз ибодат бўлса, садақа молиявий нафл ибодатдир. Демак, мўмин-мусулмон инсон фақат молиявий фарз ибодат билан кифояланиб қолмай, молиявий нафл ибодат қилиб ҳам туриши керак.

Сув ҳўл-қуруқни куйдириб бораётган оловни ўчиргани каби инсоннинг икки дунёсини куйдириб бораётган гуноҳларини садақа ўчиради.

Шунинг учун билиб-билмай қилган гуноҳ-хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир фуқароларга, етим-есирларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадига эришади. Шундай экан, садақа қилиш яхшилик эшикларидан бири бўлмай, нима бўлсин?!

3. «Кишининг кечаси ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир».

Фарз намоз бандани дўзахни четлаб, жаннатга киришини таъминласа, кечаси ўқиладиган нафл намоз уни солиҳлар даражасига кўтаради. Кечаси туриб, бедор бўлиб, таҳажжуд намозларини бардавом ўқиб юрмаган киши солиҳлик даъвосини қила олмайди.

Ҳа, тун қаърида ғофиллар ухлаб ётганида бедор бўлиб, ўз Роббиси ила муножотда бўлиб, таҳажжуд намози ўқиб, солиҳлар шиорини қоим қилган бандаларгина ўзлари учун яхшилик эшикларидан бирини очган бўлади. Бундай бандаларни Аллоҳ таоло ҳам Ўз каломида мадҳ этмиш.

Шунинг учун Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга қуйидаги ояти каримани тиловат қилиб бердилар:

«Ёнбошлари ётар жойлардан йироқ бўлур».

Яъни ёнбошлари роҳат жойидан узоқда бўлиб, ётмасдан, намоз ўқиш билан машғул бўлурлар.

Дарҳақиқат, тунда бедор бўлиб, нафл намоз ўқиш кишини улкан фазлга эга қилади ва унга яхшилик эшигини очади.

Шунинг учун ўзига яхшилик эшиги очилишини истаган ҳар бир мўмин-мусулмон кечаси таҳажжуд намози ўқиб туришни одат қилиб олиши керак.

Мўмин-мусулмон инсон ўзининг жаннатга кириши, дўзахдан бутунлай қутулиши ва ўзи учун яхшилик эшикларининг очилиши билан кифояланиб қолмаслиги керак.

Шунинг учун ҳам ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга:

«Сенга ишнинг боши, устуни ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?» дедилар».

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлган бу таклифга ҳар бир мусулмон Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга қўшилиб:

«Ҳа, албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейиши турган гап. Ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси нима экан?

1. «Ишнинг боши Исломдир».

Икки дунё ишининг боши Исломдир.

Бошсиз тана ҳеч нарсага арзимаганидек, Исломсиз бўлган ҳамма ишлар ҳам ҳеч нарсага арзимайди.

Шунинг учун ҳар бир иш Исломга мувофиқ, исломий равишда бўлиши шарт. Ўшандагина ишнинг боши бўлади. Тананинг бошқа аъзолари ҳам яхши ҳаракат қилади.

2. «Унинг устуни намоздир».

Ҳеч бир жонзот умуртқа поғонасисиз тиклана олмайди, ҳаракатга келмайди. Агар умуртқа поғонаси бир оз шикастланса ҳам оғир аҳволга тушиб қолади. Намоз ишнинг умуртқа поғонаси эканлиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан таъкидланганидан кейин, қолганини билиб олсаверсак бўлади.

Намознинг аҳамиятини яхшилаб тушунтирувчи ушбу ўхшатиш мўмин-мусулмонман деган инсоннинг зеҳнида яхши ўрнашган бўлиши керак.

3. «Ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир».

Демак, мусулмон инсон орзу қилиши мумкин бўлган энг олий мартаба Аллоҳ йўлида ўзидаги бутун имкониятларга қўшиб, жонини ҳам фидо қилишга уринишдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ана шу чўққига чиқишни ўзининг олий мақсади қилиб қўймоғи лозим.

Мазкур ишларни амалга ошириш билан бирга, битта нарсага ўта эҳтиёт бўлиш керак. Ўша нарса уларнинг ҳаммасига молик, у билан мазкур ишлар ҳам ҳабата бўлиб кетиш хавфи бор. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?» дедилар.

Ва Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг тасдиқларидан кейин:

«У зот тилларини тутдилар ва: «Мана буни тийгин!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Набийси, биз гапирган нарсамиз учун, албатта (иқобга) олинамизми?» деди Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу. Бунга жавобан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Онанг азангни тутсин, эй Муъоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди?!» дедилар».

Ушбу «Онанг азангни тутсин» деб таржима қилган жумламиз араб тилида қарғиш маъносида эмас, танбеҳ учун ишлатиладиган одатий жумладир.

Бунга ўхшаш жумлалар бошқа ҳалқларда ҳам мавжуд. Мисол учун, бизда «Ҳаҳ, энанг ўлсин!» деб қўйилади.

«(Ёки тумшуқлари ила)» деган жумла эса ровийнинг шарҳидир.

Тўғри, банданинг тили бошига бало бўлиши мумкин. «Ҳар не келса бошингга, тилингдандир», деб бежиз айтилмаган. Тилини тиймаган одам ҳар хил куфр, ширк, гуноҳ сўзларни гапириб қўйиб, иймондан чиқиши ҳеч гап эмас.

Шунингдек, тилига эрк берган одам ўзи ўқиган намозини, тутган рўзасини, берган закотини ва қилган ҳажини ҳабата қилиб юбориши жуда ҳам осон.

Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон тилига ўта эҳтиёт бўлмоғи, ҳар доим фақат иймон-Ислом, одоб-ахлоқ доирасидаги сўзларни гапирмоғи лозим. Куфр, ширк, гуноҳ, ёлғон, ғийбат, бўҳтон гапларни зинҳор тилига олмаслиги зарур.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишни, олий мақомларга эришишни хоҳласак, ушбу ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганиб, унга амал қилишга астойдил тиришмоғимиз керак.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қалб хотиржамлигисиз бахтсаодатга эришиш мушкул. Токи киши ғамқайғу, ташвиш ва ваҳимада юрар экан, нотинч қалби осойишталикни истайди. Жадаллашиб бораётган давоми...

7560 19:30 / 08.05.2019
Абу Абдуллоҳ Шомийдан ривоят қилинади .Товуснинг уйига келдим. Уйдан бир қари киши чиқди. .Сиз Товусмисиз, десам, .Ўғлиман,, деди. .Сен унинг ўғли бўлсанг, отанг қариб давоми...

1524 07:16 / 25.07.2019
Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади .Абу Салама ибн Абдурраҳмонга .Менга отангдан эшитган, отанг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

2152 15:10 / 05.05.2019
Баъзи ёмон жинларнинг одамларга таъсири бўлиши мумкин, дейишади уламоларимиз. Бунда кўпроқ одамнинг ўзи айбдор бўлади. Жинлар одамлардан ўзларига ишонганларига, давоми...

5933 09:11 / 31.10.2018