1447 йил 28 жумадул аввал | 2025 йил 19 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Закариё алайҳиссалом

20:00 / 20.04.2019 17563 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётларидан бўлиб, Бану Исроилнинг набийларидан ҳисобланадилар. Аллоҳ таоло у зотни бефарзандлик билан синаган эди. Аммо Закариё алайҳиссалом ноумид бўлмадилар. Ўзлари ва жуфтларининг ёшлари ўтиб қолган бўлса ҳам, сабр ила Аллоҳдан фарзанд сўрайвердилар.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

«...ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди. Бас, уни (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйсунувчи эдилар» (89–90-оятлар).

Яҳудийларнинг «Ҳайкал» деб номланган асосий ибодатхонаси хизматларини қилиш шу авлодга насиб этган бўлиб, Закариё алайҳиссалом ўз даврларида ушбу ибодатхонанинг бошлиғи бўлганлар. Бу ҳақда Оли Имрон сурасида муҳим хабарлар келган.

«Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди» (37-оят).

Марям ибодатхона бошлиғи Закариё алайҳиссаломнинг кафилликларида алоҳида эътибор остида, иззат-икром билан ўсиб-улғайди. Аллоҳ таоло унга Ўзи иноят кўрсатиб турди.

Табиийки, Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туришлари лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирсалар, унинг ҳузурида ризқ турар эди. Бу ризқни ўзи келтирмаганини яхши билган Закариё алайҳиссалом ажабланиб, Марямга: «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди».

Пайғамбар Закариё алайҳиссаломники таажжубга солибдими, демак, у ризқнинг манбаи албатта эътиборга лойиқдир.

Марям эса бу манбадан хабардор, шунинг учун бамайлихотир:

«Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди».

Бу манзарани кўриб туриб, бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда фарзандли бўлиш ҳаваси янгидан уйғонди:

«Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб: «Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан», деди» (38-оят).

Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг дуоларни эшитувчи Зот эканига тўла ишонч, чин ихлос билан дуо қилдилар. Шунинг учун ҳам, одатда бефарзанд катта ёшдаги кишиларнинг фарзанд кўриши эҳтимолдан йироқ бўлса-да, Аллоҳ таоло бу дуони қабул этди.

«Меҳробда намоз ўқиб турганида фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган «калима»ни тасдиқловчи, пешво, шаҳвати тийилган, набий ҳамда солиҳлардан бўлган Яҳёнинг хушхабарини бермоқда», деб нидо қилдилар» (39-оят).

Закариё алайҳиссаломнинг чин дилдан қилган дуолари қабул бўлди. Аллоҳнинг фаришталари келиб, у зотга суюнчилик хабарини етказдилар.

Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд беришни ирода қилди. Оятда Яҳё исмли бўлажак фарзанд солиҳ пайғамбарлардан бўлишининг башорати қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Закариё алайҳиссалом нажжор (дурадгор) бўлган эди», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Закариё алайҳиссаломни Бану Исроилнинг ҳукмдорлари арралаб ўлдиришган.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҳижрий 41ndash132 милодий 661ndash750 Умавийлар халифалиги даври рошид халифалик тугагандан сўнг, ҳижрий 41 йил милодий 661 йил Рамазон ойида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу давоми...

1793 11:44 / 22 январь
Замонга келадиган бўлсак, ўша пайт бутун дунёга, барча инсониятга аталган, барча замон ва маконларга салоҳияти бор, барчага қиёматгача икки дунёнинг бахтини давоми...

2422 20:00 / 24.08.2019
Ҳуд алайҳиссалом мўъжиза келтирмаганга ўхшайдилар, шунинг учун ҳам Од қавми таъна қилиб.Эй Ҳуд, бизга очиқойдин ҳужжат келтирмадинг,..Шу туфайли биз сенинг давоми...

2451 14:40 / 26.05.2019
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар халифаси, уларнинг бош раҳбари сифатида олиб борган фаолиятлари намозга ўтиш, узоқдан туриб шимол тарафда кетаётган давоми...

1594 10:58 / 25.05.2024
Аудиолар

206311 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

125718 14:35 / 11.08.2021