1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳаж мавсумларида иштирок этишлари

16:00 / 28.07.2019 2006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоифдан қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини турли қабилаларга очиқ-ойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай фурсат ҳаж мавсумлари эди. Ҳажга атроф-теваракдаги қабилалар ҳар йили гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одам кўп тўпланадиган жойларга бориб, уларни Исломга чақирар, Қуръони Каримдан тиловат қилиб берар эдилар. У зот: «Эй Бану фулон! Мен сизларга Аллоҳ юборган расулман. Сизларни Аллоҳга ибодат қилишга, У Зотга бирор нарсани шерик қилмасликка буюришга амр қилинганман. У Зотдан бошқа ибодат қилаётган нарсаларингизни тарк этишга чақираман. У Зотга иймон келтиринг! Мени ўз ҳимоянгизга олинг. Токи У Зот юборган нарсани етказай», дер эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъзларини тугатишлари билан Абу Лаҳаб ўрнидан туриб: «Эй Бану фулон! Манави сизларни Лот ва Уззони ҳамда сизларга ошно бўлган жинларни бўйинларингиздан отиб ташлашга даъват қилмоқда. Ўзи келтирган бидъат ва залолатга чақирмоқда. Унга итоат қилманглар. Унга қулоқ османглар», дер эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларини ҳеч ким қабул қилмаса ҳам, ана шундай ҳолда давом эттирар эдилар.

Ясрибликлар билан учрашув

У зот ҳожилар шайтонга тош отадиган Ақаба номли жойда Ясрибда (Мадинада) истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бир гуруҳ кишиларга дуч келдилар. Улар олти кишидан иборат эдилар: Асъад ибн Зурора, Авф ибн Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳ.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан: «Сизлар ким бўласизлар?» деб сўрадилар. «Хазражликлармиз», дейишди.

«Яҳудийларнинг дўстлариданми?» дедилар. «Ҳа», дейишди.

«Ўтирсаларингиз, бир гапим бор эди», дедилар. «Хўп», деб ўтиришди.

У зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар ва Қуръони Каримдан тиловат қилиб бериб, Исломга чақирдилар.

Мазкур хазражликларнинг қалбларида Исломга киришга мойиллик бор эди. Уларнинг юртида яҳудийлар ҳам яшар, улар аҳли китоб бўлишгани учун кўп нарсаларни билишарди. Агар араблар билан яҳудийлар ўртасида жанжал чиқиб қолса, яҳудийлар уларга: «Бизнинг пайғамбаримизнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди. Биз унга эргашиб, сизларни ўлдирамиз. Од ва Эрам халқлари қирилиб кетгандек, сизлар ҳам қирилиб кетасизлар», дейишар эди.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хазражликларга гапириб бўлишлари билан улар бир-бирларига қараб: «Билдингизми? Бу яҳудийлар васфини келтирадиган пайғамбарнинг ўзи-ку! Улардан олдин иймон келтириб қолиш керак!» дейишди.

Уларнинг барчалари иймонга келишди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Биз ўз қавмимизни қолдириб келганмиз. Дунёда у қавм каби адоватли ва ёмон қавм бўлмаса керак. Шояд, Аллоҳ уларни сизнинг сабабингиздан жам қилса. Биз бориб, уларни ҳам сизнинг ишингизга даъват этамиз. Уларга сиздан қабул қилган динни таклиф қиламиз. Агар Аллоҳ уларни сизнинг атрофингизда жамласа, сиздан азизроқ одам бўлмайди», дейишди.

Сўнг келаси йили яна учрашишга ваъдалашиб, қайтиб кетишди. Ўша йили мазкур гуруҳнинг ҳаракати билан Ясрибда Ислом дини тарқалди.

“Ислом тарихи” биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломга биринчи бўлиб Хадийжа онамиз кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлишлари билан бирга, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар давоми...

3426 10:30 / 11.12.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдларига бордилар ва икковлари биргаликда йўлга чиқишди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2744 11:00 / 14.06.2020
Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва давоми...

2784 13:00 / 18.08.2019
Аллоҳ таоло Бану Исроилга Бобил подшоҳларидан бири Бухтанассор II ни ҳукмрон қилиб қўйди. Бухтанассор II бу даврда Байтул мақдисни бузди, Бану Исроилни қириб, ҳар давоми...

3155 15:00 / 14.04.2019
Аудиолар

210862 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130127 14:35 / 11.08.2021