1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Аллоҳнинг қаҳру ғазабига олиб борадиган савдолар

05:00 / 17.02.2017 4064 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу мавзуда айрим манҳиёт ларни зикр қилмоқчимиз. Мақсад —  ундай ишлар жамиятимиз гуллаб яшнашига халал бераётгани учун улардан халос бўлишга чора излаш. Уларни қандайдир маънода касаллик қўзғатувчи микробларга ёки компьютерга тушган вирус дастурларига ўхшатиш мумкин: индамай қўйилса, зарари ошиб кетаверади ва ниҳоят ўзи тушган объектни ишдан чиқаради. Ушбу китоб ўшандай микроб ва вирусларни енгиш учун ишлаб чиқилган муолажа ёки антивирус дастури вазифасини бажармоқчи бўляпти.


Ъалийм ва Ҳакийм Зот бандалари учун буткул зарарли бўлган нарса ва амалларни Ўзининг Китоби ва Расули орқали билдириб, бандаларидан ақлларини юритиб, мазкур зарарли нарса ва амаллардан узоқда бўлишни тавсия қилди. Ўша нарсалар ҳаром ва гуноҳ деган умумий ном билан аталди. Қайси бир инсон ёхуд қавм ҳаром ва гуноҳларга аралашиб қолса, энг биринчи навбатда бошқаларнинг эмас, ўзларининг жонларига зулм қилган бўлади. Зулмни содир этган кишига жазо белгиланди. Бу жазо зулм қилган кишини расво қилиш учун эмас, поклаш учун жорий қилинди. Ўта ашаддий золимларни эса У Зот Ўзининг амрларини писанд қилмаганлари учун, Роҳийм Зот сифатида ёғдирган меҳрибончилигини сезмагани, ношукрлик қилгани учун жаҳаннамга киргизишни ирода қилди.  

Лекин яна бир ҳақиқат бор: золимлар бутун дунёни тўлдириб зулм қилсалар ҳам, Аллоҳ таолога ҳеч бирор зиён етказа олмайди. Қайтага ундайлар Аллоҳнинг қаҳру ғазабига гирифтор бўладилар ва ўзларини шармандаю расво қиладилар. Ўша тоифадагилар хоҳ дунёда бўлсин, хоҳ охиратда бўлсин, азобга дучор бўладилар. Оддий азоб эмас, аламли азоб кутяпти уларни. Меҳрибон Роббимиздан ёлвориб сўраймиз: бизларни ва бу китобни ўқиб, унга амал қилганларни ундай расво тоифалар зумрасидан қилиб қўймасин, омийн!


Тана савдоси



Бу сўз бирикмаси зикр қилинган ҳамоно фоҳиша ва зиногарлар эсга олинади. Уларнинг қилаётган бу амаллари Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам манъ қилинган. Ҳалигина айтиб ўтдик, ҳаром амаллар энг аввало шу ишни қилган кишиларга, кейин эса бошқаларга зиён. Фаҳш ва зино билан шуғулланганлар ҳам биринчи ўринда ўзларининг бошларига бало чақириб оладилар. 

Тана савдоси билан шуғулланадиганлар, шу йўл билан пул топиб тирикчилик қилаётган, бола чақасини боқаётганлар ўзларининг вужудларини савдога қўядилар, бироқ бу вужудни улар ишлаб чиқармаган. Уларнинг вужудларини ҳам, ота оналарининг вужудлари таналарини ҳам Холиқ Аллоҳ яратган. Аллоҳ нафақат яратди, балки санаб саноғига етишнинг иложи бўлмаган анвоъ неъматлар билан ҳам сийлаб, азиз қилиб қўйди. Энди улар тайёрга айёр бўлароқ қилиш манъ этилган ишларни қилиб юришибди. Буни энг камида ноинсофлик дейиш мумкин. Ундан сўнг эса ношукр, нонкўр, муғомбир, фосиқ, гуноҳкор, ҳаддидан ошган тажовузкор, туғёнга кетган тоғий ва яна бир қанча бири биридан бадтар салбий маъноли сўзлар билан сифатлаш мумкин. Чунки улар Зул минан – миннатлар эгаси бўлган Аллоҳни танигиси, тан олгиси, Унга қуллик қилгиси келмаяпти.        

Тана савдосига иши маданий қотиллик бўлган, шу туфайли пул топадиган бир тоифани ҳам киритиш мумкин. Улар бу ишлари учун унча мунча оддий одамлар топа олмайдиган даромадни қўлга киритишадилар. Улар шу қотилликка мутахассислашиб олишди. Шунинг учун уларга хизмати тушганлар пулларини санаб беришади да, ҳожатларини битириб олишади. Улар аёлларнинг ичидаги ҳомилаларини олиш билан машғул. Бошқача айтганда – аборт. Ҳомиладор аёл фарзандини олдирмаса бўлмаслиги маълум бўлиб қолган мажбурий ҳоллар бундан мустасно. Қизлар, аёллар ножоиз ҳолларда, зино орқали, хиёнат туфайли ҳомиладор бўлиб қолишгач, қилар ишни қилиб бўлишгач, ўзларини бу “шармандалик юки”дан халос қиладиган “халоскор” излаб қолишади. Кимлардир орқали уларни излаб топишади ва улар келишилган суммадаги “иш ҳақи” эвазига туғилишини кутиб илк жаннат да роҳат қилиб яшаётган “гуноҳкор” болани бурда бурда қилиб олиб ташлайди. Чўнтагига кирган “иш ҳақи”га эса у бу нарса харид қилиб, оиласига, бола чақасига олиб боради. 

Жамият орасида бунақа яширин фаолият олиб бораётган қотиллар қанча ю, аборт қилдираётганлар қанча? Яна ёш қизлар билан даврларини суриб, улар ҳомиладор бўлиб қолгач, аборт йўли билан ишларини “силлиқ” қилиб, бу қизларни ўзидан узоқлаштириб юрган пулдорлар қанча? Жамиятимизда бунақа ношаръий ишларга аралашиб қолган таниш нотанишларга чиройли йўл билан таъсир ўтказиб, тавба йўлини, тўғри йўлни кўрсатиш жуда зарур ишлардандир.  

Яна қандайдир тоифа одамларнинг танасига ўйиб ёзиш билан пул топяпти. Улар хурсанд – мижозлар кўп, пул бисёр. Алданган мижозлар вақтинча хурсанд – баданлари ҳеч ўчмайдиган янги безак билан бойиди, энди уни одамларга намойиш қилиб юриш керак. Чунки кўрсатиб юрмаса, нима учун пул сочиб, баданини оғритиб бу ишни қилдирди? Балки унинг баданидаги ёзув ва расмларни кўриб кимдир ёқтириб қолар? Балки бунақа ёзувлар билан қизиқиб қоладиганлар топилиб қолса, ажаб эмаски, ўйиб ёзувчига бошлаб бориб уч тўрт танга пул ишлаб олса? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанобимизнинг “Инсон баданидаги ёзув шайтоннинг китобидир” деб айтилган дўстона танбеҳларини улар тушуна олмайди.

Яна қандайдир ишбилармонлар безаш баҳонасида одамларнинг юз кўзу бошқа жойларини бўяш билан пул топяпти. Улар пули борларни қизиқтиришнинг оригиналдан оригиналроқ йўлларини қидириш билан овора, чунки шу иш уларнинг касби, савдоси, ейдиган нони, ҳалолми, ҳалол эмасми, аҳамияти йўқ, муҳими пул.

Яна кимдир эртаю кеч шариатда ўстириш ёмон иш ҳисобланган тирноқларни эговлаш, шакл бериб ўстириш билан тирикчилик қиляпти. “Узун тирноқ кимга керак, нима фойдаси бор?” дейдиганлар уларнинг “душман”и, бизнес йўлларига халақит берувчи “тўғаноқ”лари. “Ўсиб турган тирноқ орасига шайтон кириб олади” деган ҳадиси шариф борлигини улар билмайди ҳам, билишни истамайди ҳам. Айтсангиз, қулоғини бекитиб олса ҳам, ажабмас. Инсоф берсин!

Яна кимдир шариатда аёллар кўча кўйда бекитиб юришлари шарт бўлган сочларининг устидан нон ейди. “Ишимни қиламан, пулимни оламан”, бошқа гап йўқ. Мижозлар эса сочларини алламбалолар қилиб берганлари учун уларга ҳақларини беради да, эркагу аёлларнинг кўзини куйдириш учун иш “кўрган” сочларини намойиш қилиб юришади. Уларга “Очилиб кетибсиз!” дейилса, хуш ёқади. Мабодо, “Сочингизни бекитиб юринг” дейилса, гапирган кишини туғилганига пушаймон қилдиради. Дўст киму, душман ким?


Ёлғон савдо



Пайғамбар жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ал каззаабу лаа умматий” деб қўйибдилар. Яъни “Ёлғончи – менинг умматим эмас”. Ўзини мўъмин мусулмон ҳисоблайдиган кишига мана шу ҳадиси шариф кўп нарса беради. Бу улуғ қоида ва чегара. Гап сўзда бўладими, ишда бўладими, савдода бўладими, қатъий назар, мўъмин инсон ёлғондан узоқда бўлади. Олдинги мавзулардаги баъзи фикрларни давом эттирадиган бўлсак, ёлғонни одат қилган киши энг аввало ўзига ёмонлик қилган бўлади; ёлғон аралашган жойдан барака қочади. Чунки ҳамма нарсадан хабардор Аллоҳ таоло ёлғончини яхши кўрмайди. 

Кўплар ширин, чиройли ёлғон билан ишларини битириб юришга уста бўлиб қолади. Уларнинг наздида: “Э э, ишинг битгунча чўчқани “тоға” де!”. Шунинг учун халқ ичида носамимий гапириш урфга айланиб боряптики, бу яхшилик аломати эмас. Бир инсон суҳбатдошига “Чой ичамиз!” ёки “Уйга ўтинг!” деб таклиф қилса ю, чин юракдан айтмаган бўлса, ёки шунчаки, бу таклифи амалга ошишини хоҳламай айтган бўлса, бу айни ёлғончиликдир. Бунақа муомалани ўзига қоида қилиб олган кишилар биринчи марта танишаётган кишисига ҳам шу гапини айтиб юбораверади, ваҳоланки, суҳбатдоши унинг уй манзилини ҳам билмайди, яхши танишган ҳам эмас. Агар  ўшандай сертаклиф кишига бирданига “Майли, юринг, уйингизга ўтаверамиз” деб қўйса, ҳалиги одам хижолат бўлиб қолиши аниқ. 

Ҳатто, шунга ўхшаш қизиқ ҳолатлар бўлиб ўтганини ҳам эшитганмиз. Бир олим йигит иккита учта шогирди билан бир бошқа шогирдиникига зарур юмуш билан ўтибди. Уй эгаси уйидан чиқибди. Салом аликдан сўнг олим мақсадга ўтибди да, нима учун келганини айтибди. Фалон вақтда фалон жойда учрашишни келишиб олишибди. Кейин хайр маъзур қилишиб, вақт зиқлиги сабабли келганлар кетмоқчи бўлишган экан, уй эгаси “Э э, йўқ, шунча замонда бир келиб қолибсиз, энди бизникидан бир пиёла чой ичмасдан кетмайсиз” дебди. Устози вақти йўқлигини айтибди. У эса яна қайта қайта уйга кириш учун қистайверибди. Охири олим “Майли, қўймадингиз, бир пиёла чойингизга кирганимиз бўлсин” дебди. Энди уй эгаси қисташ ўрнига гапни бошқа ёқларга бурибди. Яна озроқ вақт ўтгач, содда олим “Нима қилдик, уйингизга кирамизми?” дебди. Шунда мезбон аравани қуруқ олиб қочишнинг уддасидан чиқолмабди да: “Узр, мен бир жойга шошиб турган эдим, бошқа сафар ўтирармиз!?” дебди. Келганлар гапнинг мазмунини бирдан пайқашибди ва йўлга чиқишибди. 

Тўғри, инсончилик, ҳаммада ҳам, айниқса, тор жойда яшовчиларда меҳмон кузатишга шароит бўлавермайди. Лекин имкони йўқ одам сертаклиф бўлмаслиги керак. Чунки “Киринг” деб таклиф қилса ю, келганлар кирмоқчи бўлишганда киргизмаса, ўзини ҳам, келганларни ҳам хафа қилиб қўйган бўлади. Унақа хафа қилишнинг ўрнига таклиф қилмай жим турса, келганлар ҳам индамай кетаверишади.

Бу гаплар ку, майли, қўл силтаб кетиш мумкин, инсоннинг ичини билиш қийин, аммо йўқ нарсани савдо қилишиб, пулини олганлар, бузуқни соз деб сотганлар, яримни бутун деб сотганлар, ўзиники бўлмаган нарсани меники деб сотганларга қўл силтаб кетиш қийин. Бунақа ёлғон савдо инсоннинг ғазаби келишига сабаб бўлиши аниқ. Ёки бирор нарсани савдолашиб, пулини бермасдан кетиб юборса, пулини чал чулпа берса ю, қолганини бермай кетса, бунга чидаш қийин. Ундайлар ўзларича фойда қилдим деб ўйласа да, аслида зиён қилган бўлади, ишидан, ризқидан, хонадонидан файз барака кўтарилиб кетганини эса, афсуски, кеч билиб қолади. 

Ана шунақа, ёлғон билан фойдаю барака топиб бўлмайди. Чунки ўлмайдиган, чарчамайдиган, ухламайдиган, ҳаммасининг ҳисобини мукаммал олиб турадиган Зот Аллоҳ таоло ёлғондакам бўладиган иш ва гапларга рози эмас. Шунинг учун ундай савдою муомалалардан файзу баракотни кўтариб қўяди.


Пора савдоси


Мазкур савдо жаҳон мамлакатларини ўйлантириб турган катта муаммолардан биридир. Пора муомаласи деярли барча давлатларда жиноят ҳисобланиб, коррупция деган умумий ном билан юритилади. Коррупция баъзан икки киши, баъзан уч киши, баъзан муайян гуруҳ ўртасида бўлади. Икки олам саййиди Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам порадан қаттиқ қайтарганлар: “Пора берувчи ҳам, олувчи ҳам, ўртада турувчи ҳам жаҳаннамга ташланади”, “Қозининг пора олиши...”.  

Пора савдосида қатнашадиганларнинг ҳаммаси бола чақасини шунинг эвазига боқади: порадан қорнини тўйғизади, порадан кийим кияди, порани бирор жойига яшириб кўтариб юради, лекин бу кўтариб юргани дўзахга чипта бўлишини ўйлаб ҳам кўрмайди.  

1986 йилда Боку Халқ хўжалиги институти порахўрлик авж олгани сабабидан текширилган экан. Кўришса, ҳақиқатан ҳамма иш пора билан бўлар экан: талабаларнинг ўқишга қабул қилиниши, ўқиши, ўқишни битириши, домлаларнинг ишга олиниши, илмий иш қилиб диссертация ёқлаши, бирор юқори мансабга кўтарилиши деярли ёппасига ўша нарса билан амалга ошар экан. Қанчадан қанча студентлар оддийгина карра карра жадвалини билмай ўқишга кириб, ўқиб, ўқишни тугатиб, диплом олиб кетар экан. Натижада, институт бутунлай ёпилган экан.

Ўша даврларда ижтимоий ҳаётнинг ҳамма жабҳасида пора коррупция жинояти ўзининг юксак чўққиларига чиққан экан. Пора берилса, топширилмаган пахта учун “топширилди” деб ҳужжат берилади; бирор соҳада давлат плани бажарилмаган бўлса, пора билан бажарилади; завод ва фабрикалар сотув ташкилотларига тайёр саноат моллари етказиб беришни режадагидай уддалай олмадими, пора билан ҳал бўлади; чорва молларининг бош ёки туёқлар сони режадаги кўрсаткичларга тўғри келмадими, пора бўлса, ҳамма иш жойида; мактабда ёки бошқа ўқув юртларида ўқувчилар яхши ўқишмаяптими, унинг ҳам йўли осон, пора берилса, иш жойида; пора бўлса бўлди, ўтказилмаган йиғилишлар, мусобақалар ўтган бўлади, ем озуқани кам еган моллар кўп еган бўлиб чиқади, пишмаган ҳосил пишган, йиғилмаган ҳосил йиғилган бўлиб чиқади, ишлаб чиқариш корхоналарига бормаган хом ашё ортиғи билан етиб борган бўлади ва шунга ўхшаш гаплар.

“Порахўрликни қандай тугатамиз?” деган масалада мажлислар ўтказилар экану, бироқ фойдаси бўлмас экан. Бир институтнинг домласи вазиятни яхшиликка айлантириш, шу орқали порахўрликка тўлиқ барҳам бериб бўлмаса да, зарарини озайтириш мақсадида раҳбарият ва халққа таклиф ташлаб, матбуотда чиқиш қилибди. У кишининг тавсияси бўйича, ҳар бир ўқув юртида ишлайдиган ҳамма катта кичик домлаларга абитурентларни ўқишга киритиш учун бир неча ўрин берилади, кейин домлалар ўзига таниш ёки қариндош бўлган абитуриентлар топади, абитуриентлардан қанча олади, ёки нимага келишишади, бу уларнинг ораларида махфий маълумот бўлиб қолади, кейин ўша домла ўзи олиб келган абитуриентни махсус комиссияга таништиради, комиссия керакли жойга буни қайд қилиб қўйгач, абитуриент ўқишга киради, агар ўқиш давомида у ўзини яхши кўрсатса, жуда яхши, мабодо ўзини салбий томондан кўрсатса, уни ўқишга олиб келган домла маломат қилинади. Шундай бўлгач, ўзининг обрўсини ўйлаган домлалар ўзини уялтирадиган, қолоқ танишини эмас, балки фаол, илм ўрганишга қобилияти юқори бўлган танишини ўқишга жалб қилади. Пировард натижа: таниш билишга йўл қўйилган ҳолда ўқиш сифати ва самараси яхшиланади.

Табиийки, домланинг бу таклифини қабул қилишмади. Чунки бу нарса кўпчилик домлаларнинг обрўси пасайишига олиб келиши аниқ эди. Бошқа тарафдан қараганда, порага очиқдан очиқ йўл бериш эди.

Ҳозир эса... Замон ўзгарди. У кунлар ўтиб кетди. Худди булутли кунлардан сўнг чиққан қуёш янглиғ ислом дини бемалолчилик даврига қадам қўйди. Илм оласизми, марҳамат. Китоб ўқийсизми, ана, муқаддас динимизнинг ҳамма табаррук китоблари навбат навбати билан босилиб чиқди, босилиб чиқмоқда, иншааллоҳ, бу жараён яна барқарор, бардавом бўлиб кетаверади. Мусулмонларимиз Аллоҳнинг масжидларида хотиржам намозлару бошқа ибодатларини адо этиб, халқимиз, давлатимизнинг бугуни ва келажаги ҳақида дуолар қилишмоқда. Энди собиқ тузумдан қолган салбий иллатлар танқид кўзи билан таҳлил қилиниб, ижобий саъй ҳаракатларга айланмоқда. Аллоҳдан дуо қилиб сўрашимиз керакки, эскилик сарқитларидан бўлган порахўрлик орамиздан кўтарилсин, унда бунда адашиб, бундай номаъқул амални қилган кишилар бўлса, Таввобу Роҳийм Аллоҳимизга астойдил тавба билан мурожаат қилишиб, ўзларини тўғрилаб олишсин. Энди бундан буёғига унақа ношойиста амаллар қилиш уят. Иккинчи ўн йиллигини нишонлаётган мустақил давлатимизнинг ривожига ривож қўшишни ният қилиб турган илғор фикрли юртдошларимиз унақа манҳиётлардан бутунлай узоқлашиб кетишади, деб умид қилишимиз лозим. “Фақат Сенгагина ибодат қилиб, фақат Сендангина мадад сўраймиз!” . 


 

Хиёнат (хоинлик) савдоси



Хиёнат шундай ёмон савдоки, у ҳеч қайси бир соҳада яхшилик келтирмайди: дўстликка хиёнат, оиласига, жуфтига, яхши кўрганларига хиёнат, хўжайинига хиёнат, шеригига хиёнат, аҳдлашганларига хиёнат, ота она, ака ука, опа сингилга хиёнат, ватанига, ватандошларига хиёнат, динига, диндошларига хиёнат, омонатга, молга хиёнат, устозга, шогирдга хиёнат... Ҳеч бир давлатнинг ҳеч бир қонунчилигида, ҳеч бир динда хиёнат оқланмайди. Фақат оқланмайдигина эмас, балки қораланади. Шунинг учун хиёнатни ҳам жиноят, ҳам гуноҳ деса бўлади. 

Чунки баъзи нарсалар ундай эмас. Масалан, ароқ ҳаром бўлганлиги учун уни ичиш гуноҳ, лекин жиноят эмас. Бироқ ароқ ҳар қандай жиноятларни келтириб чиқувчи катта омил. Зотан, ҳар бир нарсанинг икир чикиригача биладиган Ъалийм Аллоҳ таоло ароқни шунинг учун ҳаром қилган. Такроран бўлса ҳам айтиш фойдали: Аллоҳ жалла жалаалуҳу ниманики ҳаром қилган бўлса, инсонларнинг фойдаси учун ҳаром қилган. Яъни бу қайтариқ наҳийлар Доно ва Билувчи Зотнинг қулларига бўлган чексиз меҳру марҳаматидандир.  

Яна бошқача мисол: чўпон мол боқиб юрибди, ё давлатнинг моли, ё бирор бойнинг моли. Эгалари узоқда. Бир ой, икки ойда бир кўришишади. Тоғ адир, кенг дала, одамзотдан ҳеч ким йўқ, чўпоннинг ёрдамчиси бўлган итнинг гапирадиган тили йўқ. Касал бўлган қўй ҳаром ўлиб қолмасдиги учун сўйиб олишга эгаларининг розилиги бор. Яқин атрофдан ўтаётган одамлар чўпондан сўйиш учун қўй сўрашди. Чўпон сотиб юборса, ҳеч ким билмайди. Қайтага, йўқ жойдан чўпоннинг чўнтагига пул киради. Агар тирик қўйлардан сотса ю, эгасига бирор арзийдиган нарсани баҳона қилса, эгаси ё индамай қўйиши, ё ишониб кетиши мумкин. Агар сўйиб сотса, зўрға ҳалоллаб олдим, дейиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, унинг нияти бузилса ю, шунақа ишлар қилса, ҳам хиёнат, ҳам ўғирлик, ҳам гуноҳ, ҳам жиноят қилган бўлади.

Ўқитувчими, ишчи хизматчими, шифокорми, инженерми, ким бўлса ҳам, иш вақтида ўзи бўлиши лозим жойда бўлмаса да, ойлик маошини олса, булар ҳам олдинги мисолдагидек кўп томонлама ёмон бўлган ишлардан ҳисобланади. Чегарачи чегарада ухлаб қолса, бу ҳам хиёнат. Постда турган посбон ёки қоровул иш жойини ташлаб кетса, бу ҳам хиёнат. Солиқ олувчи солиқ тўловчи билан келишиб, солиқни камайтириш ҳисобига бир қисмини ўзи ҳам ўзлаштириб олса, бу ҳам жиноят, ҳам хиёнат. Ҳар хил иморат қурувчи ва таъмирловчилар, йўллар қурувчилар ва таъмирловчилар ёхуд бошқа соҳаларнинг масъуллари қилинмаган ишни қилинди деб, ёки оз харажат қилинган жойга кўп харажат қилинди деб, давлатнинг пулини ўзлаштирса, гарчи буни ҳеч ким билмай қолса да, хиёнат, жиноят, ўғирлик ва гуноҳнинг каттасини қилган бўлади. Бундай иш пролетариат доҳийси В. И. Ленин таъбири билан “маданий ўғирлик” дейилади.

Бир табиий савол пайдо бўлиши сезиляпти: “Китоб ҳалол савдо ҳақида эди, нимага энди хиёнатга, жиноятга айланиб кетди?”. Жавоб олдинроқда ҳам айтилган эди: “Инсон нимаики иш қилмасин, Аллоҳнинг савдосидан ташқарида бўла олмайди. Бу савдога қўйилган икки нарса – жаннат ва жаҳаннамдан бировини сотиб олиш учун инсон кечаю кундуз нақдина жамғариб кетяпти. Юқоридагидек ҳам хиёнат, ҳам жиноят сирасидан бўладиган ишларни қиладиган кишилар шу ишлари билан рўзғор тебратяпти. Гуноҳ қилиб Худонинг жазосига, жиноят қилиб давлатнинг жазосига тортилиши жамиятимиз ҳаётига ярашмайди. Ўзини ақлли деб санайдиган  одамга кетидан жазони жалб қиладиган амаллар қилиш ҳеч тўғри келмайди. Уларнигн била туриб бундай қилиши худди “Қамоқхонага ҳам одам керак, дўзахга ҳам одам керак, биз ана ўшандайлар тоифасиданмиз” дегандай бўлади. Мақсад – мазкур икки жойга  юртдошларимиз тушмасин. Ҳаммамизнинг режамиз мана шу нуқтада кесишиши керак”.    


 Раҳматуллоҳ Сайфуддинов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз .гаров, деб таржима қилган сўз арабчада .раҳн, дейилиб, луғатда .тутиш,, .давомийлик, ва .субут, маъноларини билдиради.Шариатда эса, .қарз сабабидан ҳужжат давоми...

5416 05:00 / 17.02.2017
Экинларга офат етгандаги ҳолат .жоиҳа, дейилади. Экинларга офат етганда, хусусан, икки томондан молиявий муомалага кириб қолган экинларга офат етса нима бўлади давоми...

3395 05:00 / 17.02.2017
Одамларнинг шароитлари турли бўлади. Мисол учун боғбон ва деҳқонлар ҳар йили ишларини йўлга қўйиш учун сармояга муҳтож бўладилар. Бу мақсадда қарз олишларига давоми...

6196 21:20 / 10.04.2018
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан нархини кейин беришга таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга давоми...

3178 05:00 / 17.02.2017