1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Шукрнинг қоидалари

10:30 / 14.06.2021 5305 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ферузободий айтади: «Шукр соликларнинг энг олий даражасидир. У ризо манзиласидан устундир. Чунки у ризони ўз ичига олади ва яна зиёда ҳам бўлади. Ризо шукрнинг ичида бўлади. Зотан, ризосиз шукр бўлмайди. Шукр иймоннинг ярмидир. У беш қоида асосига бино қилинган:

1. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига хузуъси.

2. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига муҳаббати.

3. Шукр қилувчининг шукр қилинувчининг неъматини эътироф қилиши.

4. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига неъмат учун мақтов айтиши.

5. Шукр қилувчининг ўзига етган неъматни неъмат берувчига ёқмаган нарсага ишлатмаслиги.

Бас, бу қоидалардан бирортаси йўқ бўлса, шукрда ўша миқдорча нуқсон бўлади».

Шукрнинг турлари.

Шукр уч турга тақсимланади:

1. Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат.

2. Тил шукри. Бу неъмат берувчига мақтов айтишдир.

3. Аъзолар шукри. Бу неъматга яраша мукофот ила бўлади.

Шукр ҳақида келган ҳадислардан намуналар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Одамларга ташаккур қилмаган (инсон) Аллоҳга ҳам шукр қилмайди», дейилган.

Аллоҳ таолонинг яхшилигини билмаган нобакор шахс банданинг яхшилигини билармиди?! Бундай нусхалар доимо ва ҳар кимга нисбатан ношукр бўладилар. Аллоҳ таоло ўшалардан бўлишдан асрасин! Омин!

Абдуллоҳ ибн Ғанном ал-Баёзий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким субҳ кирганда «Аллоҳумма маа асбаҳа бий мин неъматин фа минка ваҳдака лаа шарийка лака. Фалакал ҳамду ва лакаш шукр», деса, батаҳқиқ, ўша кунининг шукрини адо қилибди. Ким худди ўшани кеч кирганда айтса, батаҳқиқ, ўша кечанинг шукрини адо қилибди», дедилар». 

(Маъноси: Аллоҳим, нимаики неъматга эга бўлсам, ёлғиз Сенинг Ўзингдандир. Сенинг шеригинг йўқдир. Сенга ҳамд бўлсин ва Сенга шукр бўлсин)

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббим менга Макканинг Батҳосини олтин қилиб беришини таклиф қилди. Мен: «Йўқ, эй Роббим! Лекин бир кун тўйиб, бир кун оч бўлганим яхши, – деб уч ёки шунга ўхшаш айтдилар ва давомида: – Оч қолсам, Сенга тазарру қилиб, Сени зикр қилурман. Тўйган чоғимда Сенга шукр қилиб, ҳамд айтурман», дедим», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб: 

«Эй Муъоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўрурман. Эй Муъоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма аъинний ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибодатика», дейишни тарк қилмаслигингни тавсия қиламан», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси:

«Аллоҳим, менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг ёрдам бергин».

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб, ҳаттоки қадамлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин у зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, у зот: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дердилар».

Икки шайх, Насоий ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб, икки оёқлари шишиб кетди. 

Шунда у зотга: «Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?!» дейилди. 

Бас, у зот: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар», дейилган.

Камтарликни қаранг!

Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг!

Инсониятнинг улуғи, Аллоҳ таолонинг энг севикли Набийси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум – гуноҳ қилмайдиган зот эдилар. Бунинг устига, Аллоҳ таоло у зотнинг олдингию кейинги гуноҳларини – фаразан гуноҳлари бўлса – мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди.

Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин, шундай бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан оёқлари шишиб кетибди. Бу ҳолга етишдан мақсад битта – шукр қилувчи банда бўлиш.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кейинга суриш офатлариБугунлик вазифани кейинга суришда, эртага қолдиришда офат бор.Биринчидан, албатта, эртагача яшашга кафолат йўқ. Амирларнинг биттаси бир давоми...

1849 17:00 / 22.05.2022
. ,. . Солиҳ ибн Дирҳам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳажга жўнаб кетдик. Йўлда олдимиздан бир киши чиқиб, .Сизларга яқин давоми...

832 20:16 / 20 июль
Аллоҳ таолонинг биз бандаларига ато қилган улкан неъматларидан бири вақтдир. Вақт кетса қайтиб келмайдиган неъматдир. Ҳикматларда шундай дейилган Вақт қилич давоми...

2308 09:39 / 13.10.2021
.Тафаккур, .фикр, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, бир нарса ҳақида чуқур фикр юритиш маъносини англатади.Аллоҳнинг Китобида ўн еттита оятда тафаккур қилишга давоми...

1914 11:00 / 26.05.2020