1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қоидалар

05:00 / 17.02.2017 4256 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таърифи: Барча жузъийётларга ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади.


Ҳамаср олимлардан баъзилари қоидани шундай таърифлайди: 

«Қоида умумий ҳукм бўлиб, шаръий далилга суянади. Жумлалари ихчамлиги ила бошқа жумлалардан ажраб туради. Ўзи қўйилган ҳукмнинг жузъийётларига доимий ёки кўпинча қўлланилади».

Қоидаларни тузишдан бир неча фойдалар назарда тутилади: 

1. Бир неча масалаларни ечимини бир йўлга тартиблаб қўйиш;

2. Майда масалаларни ёдда сақлашни енгиллатиш;

3. Фатвога ёрдам бериш;

4. Шариатнинг мақсадларини тушунишни қулайлаштириш;

5. Оммага фиқҳни ўрганишни осонлаштириш ва ҳоказо. 

Ушбу қоидалар гоҳида умумий бўлиб, баъзида муайян бир мазҳабга хос ҳам бўлади. 

Яъни, ҳамма уламолар иттифоқ ва ихтилоф қилган қоидалар ҳам бор. 

Баъзан бу қодаларга ҳадиси шарифнинг ўзини келтириб қўйилса, баъзида ҳадисдан умумий маънони олиб қоида қилинади. Шу билан бирга, бу қоидалар фиқҳий ҳукмларни чиқариб олиш учун далил бўла олмайди. Чунки қоидаларда бир қанча истиснолар ҳам ворид бўлади. 

Яна қоидалар қатъий илмга асосланмайди, балки зонний бўлади. Чунки қоидаларнинг аксари бир масалани ўрганиш жараёнида ҳосил бўлган хулосадан олинади. Бу каби хулосалар гоҳида нуқсонли бўлиши табиий. 


ФИҚҲИЙ ҚОИДАЛАРДАН НАМУНАЛАР


1-қоида.

 الأُمُورُ بِمَقَاصِدُهَا.

 Ишлар мақсадга кўра баҳоланади.

Бу қоида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: 

«Албатта амаллар ниятлар эътибори биландир»,-деган муборак ҳадисларидан олинган бўлса ажабмас. 

Ушбу қоидани татбиқини вакиллик масаласида кўрсак бўлади. Бир киши бошқа бир кишини савдо моли сотиб олиши учун вакил қилди. Вакил савдо молини сотиб олишда вакил қилувчининг номидан оляпман деб ният қилса ёки вакил қилувчининг пулидан тўласа, савао вакил қилувчининг савдоси ҳисобланади. 

Аммо вакил савдони ўзи Ѓчсн ният қилса ёки Вакил қилувчининг пулини ишлатмай ўзининг пулидан тўласа бу савдо ўзининг савдоси ҳисобланади. 

Яна бир киши ёмғир сув8 тўпланса, ишлатаман деган ният билан очиқ жойга бир идиш қўйса, тўпланган сув унинг мулки ҳисобланади. Аммо нияти бўлмаса, идишда тўпланиб қолган ёмғир сувини ким олса, ўшаники бўлади. 

Агар ов ниятида бир жойга тўр ташланса ёки чуқур қазилса, тушган ўлжа тўр ташлаган ёки чуқур қазиган кишиники ҳисобланади. Лекин тўр ташлаш ёки чуқур қазишда ов нияти бўлмаса, тўрга илинган ёки чуқурга тушиб қолган ўлжа ким олса, ўшаники бўлади.

Агар киши йўлдан бир нарсани топиб эгасига бериш ниятида олса, ўша нарса унинг қўлида омонат ҳисобланади. Унинг айбисиз омонат йўқолса зомин бўлмайди. Лекин топилган нарсани ўзи учун олса, у босқинчи ҳисобланади. Ҳар қандай ҳолда ҳам, топилмани тўлайди. 

Ушбу қоида шариатнинг мақсадларига хилоф бўлган барча ҳийлаларни ботил қилади. 


2-қоида.

الأَصْلُ فِي الْمُعَامَلاَتِ الإِبَاحَةُ.

Муомалалар аслида мубоҳдир.

Яъни, ҳар қандай муомала, олди-берди аслида мубоҳдир. Фақат ҳаромлиги тўғрисида далил келган бўлса, ўша ҳаром ҳисобланади. 

Бу қоида жумҳур уламоларининг сўзлари ҳисобланади. Бу ўринда: 

«Муомалалар аслида ҳаромдир, токи мубоҳлигига далил келмагунча», деган заиф фикр ҳам бор. 

Яна баъзилар:

«Муомалалар аслида мубоҳ ёки ҳаромлигига далил келмагунча (ҳукмини айтмай) тўхтаб туришдир»,-дейишади. 


3-қоида.

 الأَصْلُ فِي الْعُقُودِ وَالشُّرُوطِ الصِّحَّةُ. 

Аслида ақдлар ва шартлар саҳиҳдир.

Яъни, ҳамма ақдлар ва шартлар аслида дуруст деб ҳисобланади. Фақат шариатни жорий қилувчи Зот ботил деган ёки ундан қайтарган ақд ва шартномалар дуруст ҳисобланмайди. 

Тўрт фиқҳий мазҳаб уламолари ичида шартларни энг кўп дуруст деган киши имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳ ҳисобланадилар. 


4-қоида.

 الأَصْلُ بَرَاءَةُ الذِّمَّةِ. 

Аслида (инсоннинг) зиммаси покдир.

Яъни, маҳкама қарор чиқариб, бир кишининг жиноятини исботламагунча у айбсиз ҳисобланади. 

Бир киши бошқа одамга пул берса, кейин нима учун бергани тўғрисида тортишиб қолишса, берган қарз эди деса-ю, олган совға деб бердинг деса, қози олганнинг совға деган гапини қабул қилади. Чунки иккисидан бирининг гапини қувватлашга гувоҳлар йўқ. Аммо олган ўзининг зиммасининг поклигини даъво қилмоқда. Шу ўринда инсоннинг зиммаси покдир деб уни оқланади. 


5-қоида.

الْعِبْرَةُ فِي الْعُقُودِ لِلْمَقَاصِدِ وَالْمَعَانِي لاَ لِلأَلْفَاظِ وَالْمَبَانِي. 

Ақдномаларда лафзлар ва уларнинг тузилиши эътибори йўқ, балки маъно ва мақсадларнинг эътибори бор.

Ушбу қоида ўзидан олдинги, инсоннинг зиммаси аслида покдир, деган қоида каби умумий эмас, балки хосроқдир. 

Бунинг татбиқини совғада кўрсак. Бир киши бошқа кишига совға берса ва эвазига бир нарса сўраса, аввал беришида совға ҳисобланиб, шарт қўйгандан сўнг савдога айлданиб қолади. Яъни, бир нарса эвазига берилган совға савдо ҳисобланади. Ҳадя фойдаланиб туриш эвазига берилса, ижара ҳисобланади. 

Энди ушбу қоидани музорабадаги татбиқини ўрганамиз. 

Бир кишига пул бериб буни ишлатгин ва фойдасини ҳаммасини ўзингга ол, менга пулни ўзини қайтарасан деса, бу қарз бўлади. 

Ҳамма фойдани пул берган киши олиб, ишлаган кишига фақат ойлик берилса, буни ибзоъ яъни ишдан сўнг ҳаққ бериш дейилади. 

Музораба деб пул эгаси билан ишбилармоннинг фойдадаги шерикчилигига айтилади. 

Шунингдек, банкларга пулни сақлаб бериш учун қўйишлик вадийаъ дейилади. Яъни омонат топшириш дегани. Ҳақиқатда эса бу қарз ҳисобланади. Баъзилар бу муомалани хасм ёки хосм (яъни вексел, банкнинг қарз ҳужжатлари) деб номлашсада аслида бунинг барчаси қарз ҳисобланади. 


6-қоида. 

الْمَشَقَّةُ تَجْلِبُ التَّيْسِيرِ. 

Машаққат енгилликни жалб қилади. 

Яъни, машаққатлар бор жойда енгилллик жалб қилинади. Чунки, Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни хоҳламаслигини балки енгиллик ва осонликни хоҳлашлигини баён қилган.

«Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди».(Бақара-185)

Лекин шу билан бирга, енгилликни талаб қилиш шариатдаги далилларга қарама-қарши бўлмаслиги керак. Яъни, бу қоидадаги енгиллатиш керак бўлган машаққат шариат таклифларидан ташқаридаги машаққат ҳисобланади. Аммо бу қоида орқали шариат таклифлари ичидаги машаққатларни енгиллатиш тушунилмайди. 

Чунки, шаръий таклифлардаги машаққатлар, аслида, юқорида айтганимиздек машаққат деб эътибор қилинмайди. Балки улар орқали унданда оғирроқ машаққатларни олдини олиш кўзда тутилади.

Мисол учун жиҳоддаги машаққат. 

Аллоҳ таоло шариатда жиҳодни фарз қилган. Жиҳод мобайнида тортиладиган машаққатлар мустамлакачилик ва хорлик машаққатларидан енгилроқ ҳисобланади. 

Ҳадд ва жазоларнинг оғриқлари жиноятчиларни қатл қилиш кабиларда ҳам осонликни эмас, бироз енгилликни ҳам талаб қилинмайди.

Агар буларда енгиллик талаб қилинса, жиноятчилар кўпайиб, натижада жамият танг аҳволга тушиб қолади. 

Бу қоидани татбиқини шариат рухсат берган ўринларда кўришиимиз мумкин. Мисол учун сафардаги машаққатни енгиллатиш.

Мусофир киши намозларини қаср ўқиши. Ёки рўза тутиш, жумъа намози ўқиш, қурбонлик қилиш мажбуриятларидан озодлиги ва бошқалар.

Касаллик юзасидан машаққатни енгиллатиш.

Намозни тик туриб ўқий олмаса ўтириб ўқишга, ўтириб ўқий олмаса, ёнбошлаб ўқишга рухсат бериш. Беморлиги туфайли рўза тутмаса мумкини ва ҳакозо. 

Мажбурлангандаги машаққатни кетказишга мисол. 

Кишининг жонига ёки бир аъзосини кесиб ташлашга таҳдид бўлса, ўша ҳолатдан чиқиб кетиш учун ҳийла ишлатиш мумкини.

Ва яна шунингдек эсидан чиқарганлар, билмайдиган, гўдаклик ва жиннилик каби нуқсони борлардан ҳам машаққат енгиллатилади. Камбағаллик юзасидан қийналганлар учун ҳам танглик осонлаштирилади. 

Мисол учун, аёлнинг нафақасини қилолмай қолган эрнинг машаққати кенгликка чиққунга қадар енгиллатилади.

Оммалашиб кетган ишларда ҳам енгиллик талаб қилинади. 

Бунга бугунги кунда эмулигаторларни мисол келтириш мумкин. Деярли ҳамма егуликларда улар ишлатилади. Шунинг учун, фатво юзасидан бугунги кун уламоларимиз уларга рухсат беришади.


7-қоида. 

إِذَا ضَاقَ الأَمْرُ اتَّسَعَ. 

Иш агар торайса кенгайтирилади ва кенгайса торайтирилади.

Яъни, зарурат ва машаққат юзасидан бирор ишни кенгайтириш лозим бўлиб қолса, ўша зарурат ва машаққат кўтарилгунга қадар енгиллатилади. Зарурат ва машаққат кетгач иш яна ўз ўринига қайтарилади. 

Бу қоидадан «Зарурат ўз ўлчови билан ўлчанади», «Зарурат манъ қилинган нарсаларни мубоҳ қилади», деган қоидалар ҳам келиб чиқади. 

Демак, бу қоидадаги енгиллатиш вақтинча бўлади. Мисол учун, бир камбағал киши қарз бўлиб қолса ва қарзини бир йўла адо қилиш имконияти бўлмаса, у учун ишни енгиллатиб қарз муддатини чўзилади ёки топган миқдорини олиб қолганини кейин беришга рухсат этилади. 


8-қоида.

 لاَ ضَرَرَ وَ لاَ ضِرَارَ. 

Зарар етказиш ва зарарга зарар қайтариш йўқ.

Ушбу қоида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан биридир. 

Бу ҳадисни Ибн Можа, имом Молик, имом Аҳмадлар ривоят қилишган.

Шу қоидага кўра, мўъмин киши ўз биродарига зарар бермаслиги мабодо ундан зарар кўриб қолса ҳам зарар билан жавоб бермаслиги вожиб бўлади. 

Зирор (ضرار) калимаси интиқом ва ўч олиш учун қилинадиган зарар маъносида бўлиб, унинг ушбу ўринда келишига асос бор. 

Ушбу маънода учта қоида бор. 

1. Ушбу зикр қилинаётган қоида бўлиб, унда зарарни воқеъ қилишдан қайтариш бор.

2. الضَّرَرُ يُزَالُ – Зарар кетказилади қоидаси бўлиб, мабодо бирор ўринда (инсоннинг шахсида, оиласида ёки жамиятда) зарар пайдо бўлса, уни йўқотиш мусулмонлар учун вожиб бўлади. 

3.الضَّرَرُ يُدْفَعُ بِقَدْرِ الإِمْكَانِ  – Зарар имкон қадар йўқотилади қоидаси бўлиб, ҳосил бўлган зарарни мутлақ йўқотиш имконсиз бўлса, имконият даражасида кетказиш вожиб бўлади. 

Ушбу 

«Зарар етказиш ва зарарга зарар қайтариш йўқ» қоидасини татбиқ қилиниб савдода харидорга кўриш ихтиёри берилади. Бу билан сотиб олувчидан зарар дафъ қилинади. Яъни, ушбу қоидага биноан сотилган нарсани олувчи кишида кўриш ихтиёри бўлади. У молни кўрганда ўзи хоҳлаган нарса бўлмаса, савдони бузишга ҳаққи бор. 

Яна ихтиёр шарти ҳам, шу қоида асосида жорий бўлган. Бунда олувчи учун эҳтиёт чораларини кўриш ва алданиб қолишдан сақланиш имконияти бор. 

Яъни, шундай нарсалар бўладики, уларни сифатлаш ёки кўриш билан қандай эканини аниқ билиб бўлмайди. Мисол учун, сигирни сотувчи одам уни уч кунгача соғиб кўрай деган шартни қўйишга ҳаққи бор. Шу орада у сигирни соғиб кўради, сотувчи айтгани каби ўн литр сут берса олади, ундан кам берса қайтариш ҳаққи бўлади.

Деҳқончиликда ҳам, ушбу «Зарар етказиш ва зарарга зарар қайтариш йўқ» қоидаси қўл келади. 

Мисол учун, бир кишига ерини фойдаланиб туриш учун ёки ижарага берди. Мабодо айтилган муддатда деҳқоннинг ҳосили пишмай қолса, ер эгаси ерини талаб қилиши жоиз бўлмайди. Балки деҳқон экинни йиғиштириб олгунга қадар, ерни унга топширади. Чўзилган муддат эвазига ўша давр ҳисоби бўйича ерининг ҳаққини олади. 

Яна шу жумладан, қўшнига зарар бермаслик учун уйни сотиб олиш имтиёзи берилган. Яъни, сотиладиган уйни олишда аввало қўшни ҳақли бўлади. Мабодо у олмаса, кейин бошқага сотиш мумкин. 

Эси паст кишининг молу давлати унинг оиласи ва меросхўрлари зарар кўрмасликлари учун қози томонидан ҳажр қилинади, яъни музлатилади. 

Қарз берувчилардан зарарни йўқотиш учун муфлиснинг мулкка оид нарсалари музлатилади. 

Муфлис деб банкротга яъни касодга учраган кишини айтилади. 

Ушбу қоиданинг татбиқини мол тақсимлашда ҳам кўришимиз мумкин. Мисол учун, бир қимматбаҳо лаълини икки шерик бўлишмоқчи бўлса, уни майдалаб бўлишишга рухсат этилмайди. Чунки бунда лаълининг қадр-қиймати ва манфаати йўқолиб, мол зое бўлади. Шариатда эса, молни зое қилишдан қайтарилган. 

Демак, бунда ҳам икки томон ҳам зарар кўрмаслиги учун лаълин сотиб, унинг пули тақсимланади. 


9-қоида. 

الضَّرَرُ يُزَالُ. 

Зарар кетказилади.

Яъни, зарарни кетказиш вожибдир. Бир киши бошқа бир кишига маълум муддатга дарахт экиш ёки бино қуриш учун ерини берса, ерни олган у жойга бинони қурса ёки дарахт экса, сўнгра муддат тугамасдан олдин ерни берган киши фикридан қайтса, ерни олган одамга бинони бузиб олиш ва дарахтларни кўчириб кетиш таклиф қилади. Бунинг эвазига бинони бузиш ёки дарахтларни кўчиришдаги зарарни ер эгаси тўлайди. Агар бузгандаги нарх беш м8нгга баҳЮланиб, бузмаган4аги нархи ўн мингга баҳоланса, ўртадаги фарқни ер ўгаси тўлайди. 

Шартномалардаби баъзи ихтиёрлар ҳам зарарни йўқотиш учун шариатда жорий қилинган. 

Мисол учун, айб сабабидан берилган ихтиёр. Эъни, олган нарсасидан эгаси айтмаган айб чиқса, олувчи савдони бузишга ҳаққи бўлади. 

Шунингдек алдов сабабидан берилган ихтиёр. Қўйнинг ичига ҳаво дамлаб сотилса, олувчи уни уйига олиб боргач билса ҳам, савдони бузишга ҳаққи бор. Яъни, қўйни эгасига бериб, пулини қайтариб олади.

Яна шу қоида асосида, қарзини тўламай юрган қарздорнинг мулкини мажбуран сотишлик мумкиндир.


10-қоида.

الضَّرُورَاتُ تُبِيحُ الْمَحْضُورَاتِ. 

Заруратлар манъ қилинган нарсаларни мубоҳ қилади.

Зарурат деб қаттиқ муҳтожликка ёки инсоннинг оғир вазиятга тушиб қолишига айтилади. Бундай пайтда у ўзини ҳалокатдан қутқариш ёки молини зое бўлишдан сақлаш ёхуд қутқариб бўлмайдиган азиятни йўқотиш учун ҳаром ишни қилишга мажбур бўлади. 

Ушбу заруратлар илми яқийн ёки зонн билан маълум бўлса, улардан қутилиш учун ҳаромни қилишга рухсат берилади. 

Илми яқийн билан зонннинг таърифини юқорида айтдик. Демак шак, ваҳм, жаҳл билан ҳаром ишга қўл уриш мумкин эмас. 

Шу қоидага биноан, юкининг кўплиги сабабли чўкиб кетиши мумкин бўлган кемадан баъзи юкларни сувга ташлаш лозим бўлади. Молни зое қилиш аслида ҳаром бўлса ҳам, шу ўринда зарурат юзасидан мубоҳ бўлади. 

Пора бериш аслида ҳаром бўлсада, ўзидаги зулмни дафъ қилиш учун мубоҳ ҳисобланади. 

Бозордаги нарх-наво ҳаддан зиёд ошиб, халқ ночор аҳволга тушиб қолса, ҳукумат адолат билан нархни чегаралаши дурустдир. 

Аслида, бозордаги нарх-навога аралашиш ҳеч кимнинг ҳаққи эмас. Лекин истисно тариқасида халқни оғир қийинчиликдан қутқариш учун ушбу қоида асосида нархни белгилаш мубоҳ бўлади.

Фойдага қарз олиш, эркакларни шойи либос кийиши, тилла ва кумушдан тиш сифатида фойдаланишлари зарурат юзасидан жоиз бўлади. 

Агар маҳаллада ёнғин бўлса, бир-бирига ўтиб кетишини олдини олиб ишбошилар баъзи уйларни бузишга буйруқ қилиши ҳам жоиз бўлади. 

Шунингдек, вабо касаллиги билан касалланган одамларни бир жойга тўплаб, бошқаларга аралашишларини манъ қилишлари ҳам мумкин. Бу билан касалликни тарқаб кетиши олди олинади. 

Демак, юқоридаги ишларнинг барчаси аслида шариат кўрсатмаси бўйича манъ қилинган. Лекин зарурат юзасидангина уларни амалга ошириш мубоҳ бўлади.


11-қоида.

الضَّرُورَاتُ تُقَدَّرُ بِقَدْرِهَا. 

Заруратлар миқдори ўлчанади.

Ушбу қоида юқоридаги қоидани чегаралайди. Ҳосил бўлган заруратни йўқотишда ҳаром нарсаларнинг истеъмоли чегараланмаган тарзда жоиз эмас, балки ўша заруратни дафъ этишга керак миқдоригина жоиз бўлади. 

Мисол учун бир киши очликдан ўлар ҳолда бўлса, бировнинг таомидан ўлмагудек ейишга рухсат этилади. Бу ўринда унга хоҳлаганча истеъмол қилиш кенглиги берилмайди. Заруратини кетказиш чегарасидан ўтиб кетмайди. Шу билан бирга, еган нарсасининг бадалини кейин тўлайди. Чунки зарурат бошқани ҳаққини ботил қилмайди. 

Агар қози имконияти бўла туриб қарзини тўламай юрган кишининг даромадини музлатса, ҳақдорларга аввало нақд пулларидан беради, улар етмаса, нарсаларини сотади, улар ҳам етмаса, кўчмас мулкини сотади. 

Демак, қози ҳам ушбу чегарадан ўтмаслиги лозим. Яъни, қарздорнинг нақд пули бўла туриб, кўчмас мулкини сотишга қозининг ҳам ҳаққи йўқ.


12-қоида.

الضَّرَرُ لاَ يُزَالُ بِمِثْلِهِ. 

Зарар ўзига ўхшаш зарар билан кетказилмайди. 

Яъни, бир зарарни кетказиш сабабли яна ўша миқдорда зарар пайдо бўладиган бўлса, аввалги зарарни кетказиш шарт эмас.

Бас шундоқ экан, бир зарарни ундан каттароқ зарар эвазига кетказиш умуман дуруст эмас бўлади. Ушбу қоида «Зарар кетказилади» қоидасини қайдлаб, зарарни қанча миқдор эвазига кетказиш мумкинини таъйин қилиб беради. 

Агар олувчининг қўлида мол айбли бўлиб қолса, кейин сотувчининг қўлидалик пайтидаги айби ҳам зоҳир бўлса, олувчи ўша эски айбни сабаб қилиб молни қайтара олмайди. Лекин эски айбнинг эвазига пулидан қайтариши лозим бўлади. 


13-қоида.

يُتَحَمَّلُ الضَّرَرُ الْخَاصِ لِدَفْعِ الضَّرَرِ الْعَامِ.

Умумий зарарни дафъ қилиш учун хусусий зарарга сабр қилинади. 

Яъни, катта зарар кичик зарар билан дафъ қилинади.

Шу қоидага мувофиқ муҳтакир-монополистнинг ўзига ва аҳли аёлига етарли таомидан ортиқчасини ҳукумат олиб, кенгчилик бўлгунга қадар халққа сотиб юбориши мумкин бўлади. Демак бундай халқнинг умумий зарарини йўқотиш учун монополистга хусусий зарар етказиляпти. 

Уч-тўртта савдогар инсонларнинг егулик маҳсулотлари нархини сунъий равишда кўтариб сотишаётган бўлишса, халқнинг умумий манфаати учун ҳукумат нархни чегаралашлиги жоиз бўлади. 

Ёнғин бутун маҳаллага ўтиб кетмаслиги учун баъзи уйларни бузиш, жоннинг муҳофазаси учун жоҳил табИбн табобатидан узоқлаштириш, дину-диёнат ишларининг муҳофазаси учун бебош муфтийнинг фатводан тўсиб қўйиш, молнинг муҳофазаси учун касодга учраган кишининг ижара молларини музлатиш ҳам ушбу қоида асосида бўлади.


14-қоида.

الضَّرَرُ الأَشَدِّ يُزَالُ بِالضَّرَرِ الأَخَفِّ (أَخَفُّ الضَّرَرَيْنِ). 

Катта зарар енгил зарар билан йўқотилади. (Икки зарарнинг енгилроғи олинади).

Шу қоида асосида бой кишига ота-она, момо-боболари ва фарзанд-набираларнинг нафақаси вожиб қилинади. 

Вожиб бўлган нафақани адо этишдан қочиб юрган кишини ҳибс қилиш, қарзни тўламай юрган кишини ушлаб уни тўлашга мажбурлаш ҳам шу қоиданинг татбиғи ҳисобланади. 

Оғирроқ зарарга йўлиқмаслик учун енгилроқ зарарни қилинади деган қоида ҳам ушбу қоидага ўхшайди. 


15-қоида.

إِذَا تَعَارَضَتْ مَفْاسَدَتَانِ رُوعِيَ أَعْضَمُهُمَا ضَرَرًا بِارْتِكَابِ أَخَفِّهِمَا.

Икки бузуқ нарса бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолса, енгилини қилиш билан каттасидан сақланилади.

Бу қоида ўзидан олдингисига ўхшайди. Шу қоидага асосланиб, бир қанча салбий муносабатларга тушиш жоиз бўлади. 

Мисол учун шариатга хилоф ишни кўрганда ундан қайтариш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Лекин ўша мункарни қайтарса унинг ортидан унданда каттароқ мункар юзага чиқиш эҳтимоли бўлса, унга сукут қилиш жоиз бўлади. 

Шунингдек, ибодатларга ҳақ олиш, яъни муаззинлик, имомлик ва Қуръон ҳамда фиқҳ таълими учун ҳақ олиш аслида дуруст эмас. Лекин шу гапни маҳкам ушлаб, жамиятга татбиқ қилинса, диёнат ишлари орқага сурилиб, аксар қобилиятли кишилар тирикчилик ғамида таълимдан узоқлашадилар. Шунинг учун ҳам, кейинги даврдаги уламоларимиз шу каби ишларга ҳақ олишни ушбу қоида татбиқи ўлароқ жоиз деганлар.


16-қоида.

يُخْتَارُ أَهْوَنُ الشَّرَّيْنِ. 

Икки ёмонликни енгилроғини ихтиёр қилинади.

Бу қоида ўзидан олдинги қоиданинг маъносида. 


17-қоида.

 دَرْءُ الْمَفَاسِدِ أَوْلَى مِنْ جَلْبِ الْمَصَالِحِ.

Манфаатларни жалб қилишдан кўра зарарларни дафъ этиш маъқулроқдир

Зарар билан фойда бир-бирига қарама-қарши туриб қолса олдин зарар дафъ этилади. 

Яъни, экинингни суғорасанми ёки уйингдаги ёнғинни ўчирасанми дейилса, албатта дастлаб ёнғин ўчирилади.

Икки қўшни ўзининг мулкида, ўзи учун манфаатли бўлса ҳам қўшнисига зарар етадиган тасарруфни қилмаслиги керак. 

Ушбу қоидадан келиб чиқиб, қўшнига очиқ зарар берадиган ишни ўз уйида бўлса ҳам қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мисол учун тегирмони бор уйнинг атрофи чанг-тўзон бўлиб ётади. Бундан қўшниларнинг уйида осойишталик йўқолади. 

Демак, тегирмон қурмоқчи бўлса, албатта қўшнидан розилик олиш керак. 

Ёки мойжувоз, новвойхона каби ишларда ҳам қўшнининг уйига бадбўй ҳид, тутун ва қурумлар чиқади. Ўз манфаати эвазига бошқаларга зарар бериш дуруст ҳисобланмайди. 

Яна шу қоида асосида пулни ишлатишни билмайдиган кишининг молини қози музлатиб қўйишга ҳаққи бор. Чўчқа ва маст қилувчи моддаларнинг савдосини қанча фойда бўлишидан қатъий назар манъ этишда ҳам шу қоидадан келиб чиқилади. 


18-қоида.

 الضَّرَرُ يُدْفَعُ بِقَدْرِ الإِمْكَانِ.

Зарар имкон қадар йўқотилади.

Гарчи мутлақ йўқотишлик имконияти бўлмаса ҳам.

Яъни, бу зарарни мутлақ йўқотиб бўлмас экан деб ташлаб қўйилмайди. Балки уни йўқотишда қанча имконият бўлса, ўша қадар йўқотилади. 

Сотиб олинган нарсанинг айби билиниб қолса, сўнгра олувчининг қўлида ҳам у нарсага нуқсон етган бўлса, эски айбни сабаб қилиб уни сотувчига қайтариш мумкин эмас. Лекин сотиб олувчи эски айбнинг нуқсонини маълум миқдорда пулидан қайтариб олиш эвазига тўлдиради. 

Ота балоғатга етмаган гўдакларининг нафақасини бермай қочиб юрса, боладан ҳалокатнинг зарарини дафъ қилиш учун отани ҳибс этиб нафақага мажбур қилинади. 


19-қоида.

 الْحَاجَةُ الْعَامَّةُ تُنَزَّلُ مَنْزِلَةَ الضَّرُورَةِ الْخَاصَّةِ. 

Умумий эҳтиёж хусусий заруратнинг ўрнига қўйилади.

Зарурат деб ҳалокатдан қутилиш учун тушиб қолинган мажбурий ҳолатга айтилади. 

Яъни, очликдан ўлаётган одам чўчқанинг гўштини еб бўлса ҳам, ўзини ҳалокатдан қутқариши зарурат дейилади. 

Ҳожат деб машаққатни енгиллатиш учун қилинадиган ҳаракатга айтилади. 

Демак, ҳожат заруратдан енгил ҳисобланади. Омманинг ҳожати тушиб турган иш якка шахснинг зарурати ўрнида кўрилади. Девонлар ташкил қилиш ва нақд пуллар зарб этиш каби ишлар омманинг ҳожати ҳисобланади.

Дастлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васалламнинг даврларида, у зотдан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ҳам давлат кичик бўлгани учун девон тузишга эҳтиёж бўлмаган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлгач жуда кўп ерлар фатҳ қилинди. Халифанинг ўзи давлат ишларини бошқаришда қийинчиликларга дуч келди. Омманинг ишини енгиллатиш учун девонлар ташкил қилинди. 

Шу маънода нақд пуллар зарб қилиш ҳам омманинг қийинчилигини енгиллатади. Дастлаб олди-сотдининг асосий қисми айрбошлаш эвазига бўлар эди. Бозордан бир нарса харид қилмоқчи бўлган одам оладиган нарсасидан каттароқ нарсани кўтариб боришга мажбур эди. Нақд пуллар босилиб чиқарилгач ушбу машаққатлар енгиллашди. 

Яна шу жумладан шариатда омманинг эҳтиёжини енгиллатиш учун ижарага рухсат қилинган.

Ижара йўқ манфаатга пул олиш ҳисобланади. Аслида, шариатда йўқ нарсага пул олиш мумкин эмас. Лекин шу ўринда омманинг ҳожатини хусусий зарурат ўрнига қўйилиб рухсат этилган.

Яна буюртма учун олдиндан пул олишлик. 

Бу ҳам кўринишда йўқ нарсани савдо қилишга ўхшайди. Мисол учун, дурадгорга эшик ва деразани ясаб бериш учун буюртма қилинса, у хомашёга пули йўқлигини айтиб маблағни олдиндан беришни талаб қилади. Олдиндан маблағни олмаса эшик, деразани ҳам ясаб бера олмайди. Бунга ҳам омманинг эҳтиёжи бўлгани учун рухсат этилган.

Киши вафот топгач ундан қолган молу-давлат меросхўрларнинг ҳаққи ҳисобланади. Шундоқ бўлсада, вафот топаётган одамнинг яхшилик қилиш умидини мутлақ йўққа чиқармасдан агар васият қилса, қолдирган молу-мулкининг учдан бири билан васиятини бажо келтиришга рухсат этилади. 


20-қоида.

الاضْطِرَارُ لاَ يُبْطِلُ حَقَّ الْغَيْرِ. 

Зарурат бошқанинг ҳаққини ботил қилмайди.

Очликдан ўлиб қолиши мумкин бўлган киши бировнинг таомини сўрамай ейиши мумкин. Шу билан бирга, уни маломат қилинмасада, таомни тўлаши лозим бўлади. 

Шунингдек, деҳқоннинг ижарага олган ерида экини пишмасдан ижара муддати тугаб қолса, ер эгаси муддат тугади, ерни бўшатгин дея олмайди. Деҳқоннинг зарурати юзасидан ижара муддати экин пишгунга қадар узайтирилади. Шу билан бирга, узайтирилган муддат эвазига деҳқон ижара ҳаққи тўлайди. 


21-қоида. 

مَا حَرُمَ أَخْذُهُ حَرُمَ إِعْطَؤُهُ. 

Олиш ҳаром бўлган нарсани бериш ҳам ҳаромдир.

Судхўрдан фоизга пул олиш ҳаром бўлганидек, судхўрлик қилиб фоизга пул бериш ҳам ҳаромдир. 

Порахўрлик ҳам шу кабидир. Яъни, пора бериш ҳам, уни олиш ҳам ҳаромдир.

Лекин истисно тарийқасида киши мажбур бўлиб қолса, ўзининг ҳаққини бошқалар олиб кетмаслиги учун пора бериши жоиз бўлади. Лекин бировларнинг ҳаққини қўлга киритиш учун эмас, албатта. Шунда ҳам берувчига рухсат холос, аммо олувчига пора олиш ҳаромдир. 

Етимнинг молига васийлик қилаётган киши ўша молдан ўзи учун ҳам, бировлар учун ҳам ишлатиш жоиз эмас. Аммо бир золим томонидан етимнинг молини тортиб олиш хавфи туғилса, молни сақлаб қолиш учун етимнинг маблағидан ишлатиш дуруст бўлади. 


22-қоида. 

مَا حَرُمَ فِعْلُهُ حَرُمَ طَلَبُهُ. 

Қилиш ҳаром бўлган ишни талаб қилиш ҳам ҳаромдир.

Ҳаромга сукут сақлаш ҳаромдир ва макруҳга сукут сақлаш макруҳдир. Бас, шундай бўлгандан кейин ҳаром ёки макруҳни талаб қилиш албатта оғирроқ бўлади. 

Бировни алдаш, молини ўғирлаш, тортиб олиш, мулкига талофат етказиш ҳаром бўлганидек, бу каби ишларни бошқага буюриб қилдириш ҳам ҳаромдир. 


23-қоида.

 لاَ يُنْكَرُ تَغَيُّرُ الأَحْكَامِ بِتَغَيُّرِ الأَزْمَانِ. 

Замонлар ўзгариши билан ҳукмлар (яъни фатволар) ўзгариши инкор этилмайди.

Яъни, кишиларнинг урф-одати ўзгариши билан фатволар ҳам ўзгаради.

Аслида, шариат ҳукмларининг мақсади ўзгармайди. Балки шароитлар ўзгариши билан баъзи қадрли нарсаларнинг қиймати ошиб қолади. Шу эътибордан, ўша нарсага нисбатан шаръий муносабат ўзгаради. 

Кийим сотиб олган одам уни қорага бўяса, кейин кийимни эгасига қайтарса, уни бўягани учун ҳақ оладими ёки бўяб кийимни нуқсонли қилган ҳқсобланадими?, деган саволга фуқаҳоларимиз икки даврда икки хил жавоб айтишган. Яъни, баъзилар кўйлакни қорага бўяш нуқсон ҳисобланади, шунинг учун кийимни қайтаришга ҳаққи йўқ деган. Бошқалари қорага бўяш кўйлакни қадрини оширади, шунинг учун бўяганлик ҳаққини олиши керак дейишган. 

Қорага бўяш нуқсон деган даврда қора рангнинг қадри бўлмаган, балки айб ҳисобланган. Қорага бўяш кўйлакнинг қадрини оширади деган фуқаҳолар даврида эса, қора ранг фазийлат ҳисобланган. Демак, бу мисолда шариатнинг асл мақсади ўзгармай, балки унинг муносабати ва масаланинг ечимида шароит ва одатларга қараб тўғри ёндашуви ўзгармоқда.

Одамлар уйларини бирхил услубда қурган даврда фуқаҳоларимиз уй оладиган киши учун ўша уйлардан бирини кўриш учун кифоя қилади, деганлар. Яъни, шаҳарда ҳохлаган бир уйни кўриб, бўлди олдим деса, кейин ўзи олган уйни кўргач савдони бузишга ихтиёри қолмайди дейишган. Чунки ҳамма уйлар бир хилда қурилган. 

Давр ўтиши билан одамлар ўз услубларида бир-бирига ўхшамаган уйларини қура бошлашди. Энди уй олувчи одам ўзи олаётган уйни бориб кўрмагунча савдони бузиш ихтиёрида бўлади. Ёқса олади, ёқмаса савдони бузади. 

Гувоҳлик талаб қилинганда гувоҳнинг адолатли бўлиши шарт ҳисобланади. Давр ўтиши билан, жамиятда адолатли шахснинг топилиши қийинлашса, нисбатан яхшироқ ёки гуноҳи камроғини гувоҳ қилинади. 

Шунингдек, қози бўладиган одамда ҳам адолат сифати топилиши керак. Жамиятда бу каби инсонлар топилмай қолса, нисбатан яхшироғини ёки зарари камроғини қозиликка таъйин қилинади. Адолатли шахс топилмаяпти деб қози таъйин қилинмаса, жамиятдаги манфаатлар зое бўлиб, ҳуқуқ ва ҳукмлар оёқ-ости бўлади. 

Етимнинг молида ёки вақф молларда васийлик қиладиган кишининг айбисиз талофат содир бўлса, васий уни тўлаб бермайди. Фуқаҳолар одамлардаги омонатдорлик сифатини йўқолишини кўришгач васийнинг айбисиз молга талофат етса ҳам тўлашига фатво беришди. 


24-қоида.

 الْمَعْرُوفُ عُرْفًا كَالْمَشْرُوطِ شَرْطًا.

Урфда танилган нарса қўйилган шарт кабидир.

Урф деб барчага маълум бўлиб қолган нарсага айтилади. 

Бир шаҳар аҳли орасида кўп такрорланиб, каттаю кичикка маълум бўлиб қолган иш савдо муомаласида худди қўйилган шарт каби ҳисобланади. Албатта, ушбу урф шариатга хилоф бўлмаслиги керак. Чунки урфлар ичида шариатга умуман зидлари ҳам бор. 

Киши савдо қилиб машина сотиб олса, шу савдога унинг эҳтиёт ғилдираги, калитлари ва баъзи эҳтиёт қисмлари шарт қўйилмаса ҳам киради. Агар янги машинанинг эҳтиёт ғилдираги бўлмаса, олган уни сўрашга ҳаққи бор. Сотган эса, эҳтиёт ғилдирагини савдо вақтида сўрамагансан дейишга ҳаққи йўқ. Чунки урф ва одатда олинган машинанинг ичидан ушбу кабилар шарт қилинмасада бўлиши керак. 

Бир киши бошқа бир кишини гўшт, нон ёки кийим олишга вакил қилса, лекин уни қанақа бўлишини сифатламаса, вакил ўша юртнинг урфидаги кийиладиган кийимни ёки ейиладиган гўшт ва нонни олса, вакилликни тўғри бажарган ҳисобланади. 

Эрнинг аёлига нафақа бериши ҳам ўзаро урфдаги миқдор билан белгиланади. Ўша юртдаги аёлнинг тенгдошларига одатда қанча нафақа таъйин қилинса, ўшани берилади. 

Юк машинасини ижрага олган киши ҳам, ўша машинага одатдагидан ортиқ юк юклаши жоиз эмас. Агар ортиқ юк юклагани учун машина бузилса, уни тўлайди. 

Бир кийимни тикиш ёки бўяш учун чеварга хизмат ҳаққи таъйин қилинмаса, чевар ёки бўёқчи ойликка ишлайдиган кишилар бўлса, ўша кийимни тикиш ёки бўяш бозорда қанча нарх турса, ўшани тўланади.

Бозордаги савдогарларнинг кўпчилиги бир қаровулни ижарага олишса, қолган озчилик савдогарлар рози бўлмасалар ҳам қаровулнинг ойлигини ҳаммадан олинади. Чунки урфда бу каби ишлар кўпчиликнинг маслаҳати билан амалга оширилади. 


25-қоида.

التَّصَرُّفُ عَلَى الرَّعِيَّةِ مَنُوطٌ بِالْمَصْلَحَةِ. 

Халқнинг устидан қилинадиган тасарруф манфаатга бино қилинган бўлиши керак.

Роъий деб халқнинг ишларидан бир ишга бошлиқлик қилиб, уларнинг риоясини қилиб турадиган одамга айтилади. Буларга давлат бошлиқидан тортиб, вазирлар, идора бошлиқлари ва бошқалар киради. Ҳар бир бошлиқ ўз қўл остидагилар учун холис бўлишликка масъулдир. У ҳар бир инсонни бир хил кўрмоқлиги лозим. Бирини иккинчисидан устун қўйишга ҳаққи йўқ. Агар бирор кишини бошқалардан ортқроқ кўриши лозим бўлса, уни жамиятга манфаати кўпроқ тегаётгани сабабли жоиз бўлади. Лекин ҳаргиз ўз нафси ҳавоси туфайли бўлмаслиги керак. Давлат бошлиғи ҳар бир вилоятга ўша ернинг мафаатини яхшироқ биладиган одамни вазифадорликка таъйин қилиши вожиб бўлади. 

Вақф нозири (мутаваллиси) вақфдаги кўчмас мулкни ошкора алдов билан ижарага бериши жоиз эмас. Яъни, ўзига яқинларга арзонга бериб, бошқаларга ҳаддан зиёд қиммат нарх айтиши дуруст эмас.

Шунингдек, етимнинг молига бир харидор минг бераман деса, бошқаси бир минг бир юз бераман деса, васий биринчи харидор бойроқ экани учун молни унга сотиши дуруст бўлмайди. Балки бундай ҳолда етимнинг манфаатини кўзлаши керак бўлади.


26-қоида.

الْوِلاَيَةُ الْخَاصَّةِ أَقْوَى مِنَ الْوِلاَيَةِ الْعَامَّةِ.

Хусусий валийлик умумий валийликдан кучлироқдир.

Қози нозири бор вақфнинг ишларини тасарруф қилиш ҳақига эга бўла олмайди. 

Оталик ёки боболик васийси бор етимнинг молида ҳам қозининг тасарруф қилиш ҳуқуқи йўқ. 

Қозий вақф ишлари учун мутаваллий таъйин қилиш, етимнинг молига васий таъйинлаш ҳуқуқига эга бўлиб, улар таъйин қилингач ўз ваколатларини ўзлари тасарруф этишади. Қози уларнинг таъйин қилиш ҳуқуқига эга бўлса ҳам, лекин тасарруфларига эгалик қила олмайди. 

Бу мисолда умумий бошлиқ қози бўлса, хусусий бошлиқ васий ёки нозир ҳисобланади. Демак, хусусий бошлиқ умумийдан кучли бўляпти. 

Ушбу қоидадан истисно бўлиб вақф ишлари орқага сурилса, қози уни ўрнига келтириш учун, вақфни қарзга бериш, уни алмаштириш (яъни, вақфнинг шартларини алмаштириш) ва узоқ муддатга ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ишларни вақф нозири қила олмайди. 


27-қоида.

الْمَيْسُورُ لاَ يَسْقُطُ بِالْمَعْسُورِ. 

Имкони бор нарса қийинлик туфайли соқит бўлмайди.

Фитр закоти ҳар бир киши учун вожиб бўлади. Унинг миқдори бир соъ, яъни, тахминан 1,87 кг буғдой миқдорида. Агар шу миқдорга қодир бўлмай ундан камига имконияти бўлса, ўша борини беради. 

Қарздор қарзининг ҳаммасини бир йўла беришга имконият қилолмаса, имконияти борини бериб, аста -секин бўлса ҳам, қарзини узади. Яъни, бир йўла ҳаммасини берарман деб, қарзни ортга суриб юрмайди. 


28-қоида.

يَلْزَمُ مُرَاعَاةُ الشَّرْطِ بِقَدْرِ الإِمْكَانِ. 

Шартга имкон қадар риоя қилиш лозим бўлади.

Албатта, бу шариатга мувофиқ шарт бўлиши лозим. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмонлар шартларига биноан (иш тутадилар)», деганлар.

Агар пулини омонатга қўйган одам омонатга олган кишига, «буни эртаю-кеч қўлингда ушлагин, ҳаргиз бошқа ерга қўймагин» деса, омонатни олган одам уйига қўйса, кейин ўша омонат ҳалокатга учраса, омонатни олган киши тўламайди. Чунки омонатни қўйган киши одатда имконсиз шартни қўйган бўлади. Олган киши эса уни сақлашда имкон қадар омонатдорлик қилди. Ўзининг молини асрагандек асради. Лекин унинг айбисиз молга талофат етди. Шунинг учун, уни тўлаш мажбурий эмас. 

Агар омонат берувчи бу билан Кўфадан чиқмагин деса, олган киши омонат билан Басрага чиқса ва омонат йўқолса, олган киши молга зомин бўлади. 

Чунки у шартни бузди ва омонатни сақлашда масъулиятсизликка йўл қўйди. Шунинг учун, уни тўлайди. 

Аммо Кўфадан чиқиши иш жойи ёки яшаш манзили ўзгаргани сабабли мажбурий бўлса, омомнатни тўлашдан қутилади. 


29-қоида.

الْخَرَاجُ بِالضَّمَانِ. 

Фойда тўловга қараб бўлади.

Бу бу ибора аслида ҳадиси шариф бўлиб, уни имом Аҳмад муснадида, Абу Довуд сунанида, Ибн Можа, имом Термизий, имом Насаий роҳматуллоҳи алайҳимлар ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилишган. 

Харож – ғалла, яъни тушадиган фойдадир. 

Зомон – зомин бўлиш, яъни эҳтимолий хатарни зиммасига олиб унга пул сарфлашдир. 

Бошқача қилиб айтганда, фойда кўриш учун, зарарни зиммасига олиш зомон дейилади. Мисол учун, бир киши машина сотиб олди. Бир муддат мингач, машинанинг айби борлиги билинди. Ушбу айб сабабли сотиб олган уни қайтариб беришга ҳақли бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ижозат берганлар. Сотган киши олганнинг мингани учун ҳақ олиши жоиз бўлмайди. Чунки харидор машинани сотиб олганда ундан фойдаланиш нияти бўлсада, шунинг муқобилида агар машинага бирор талофат етса, уни кўтаришни ҳам ўз зиммасига олган эди. Машинадаги айб харидор уни сотиб олмасдан аввал бўлгани учун уни қайтаради. Маълум вақт мингани учун эса, эҳтимолий талофатни зиммасига олиб, пулини тўлаб қўйгани сабабли ҳақ тўламайди. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа, Термизий, Насаий роҳматуллоҳи алайҳимлар ривоят қилган бошқа бир ҳадис ҳам ушбу маънога далолат қилади. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зомин бўлмайдиган нарсанинг фойдасидан қайтарганлар. 


30-қоида.

الأَجْرُ وَالضَّمَانُ لاَ يَجْتَمِعَانِ. 

Ҳақ тўлаш ва зомин бўлиш жамъ бўлмайди. 

Яъни, бир молга ҳам ишлатгани учун хизмат ҳаққини бериб, ҳамда унинг айбисиз талофат етса, тўлаб  бермайди.

Киши бир машинани ижарага олса, маълум муддат фойдалангач, унинг айбисиз машинага талофат етса, мисол учун бошқа машинада келиб уни уришса, минганига ҳақ тўлайди лекин машинани тўлаб бермайди. 

Бир кишининг отини бошқа бир киши ерини ҳайдаш учун уч кунга ижарага олса, эвазига уч минг сўм бераман деса, отни уч кун ишлатгач тўсатдан от ўлиб қолса, отнинг иш ҳаққини тўлайди, лекин ўзини тўламайди. Чунки от бунинг айбисиз ўлди. 

Агар бир кишининг отини бошқа бир киши тортиб олса, сўнгра от ўлиб қолса уни тўлаб беради, лекин хизмат ҳақи тўламайди.

Демак, ҳақ тўлаган одам зомин бўлмас экан. Зомин бўлган киши эса, бир вақтни ўзида ҳақ ҳам тўламас экан. 

Маълум бир маконга етиб олиш учун бир уловни ижарага олган киши ўша макондан ўтиб кетса ва улов ўлиб қолса, уловни тўлайди ва белгиланган макондан ўтиб кетган томонига хизмат ҳақи тўламайди. 

Демак, зомин бўлиш ўринларида ҳақ тўлаш лозим бўлмайди. Лекин бир киши уловни маълум жойга фақат ўзим минаман деб ижарага олса ва орқасига бошқа кишини миндириб манзилга етгач улов ўлиб қолса, ижара ҳаққи билан бирга уловни ярим пулини ҳам тўлайди. Ижара ҳаққини уловга миниб манзилга етгани учун тўласа, шартга хилоф қилиб бошқа кишини ҳам миндириб олгани учун уловнинг ярим баҳосига зомин бўлади. Бунда олган манфаати учун ижара ҳаққи вожиб бўлса, зомин бўлиш шартни бузгани сабабли лозим бўлади. 

Бу ҳанафийларнинг қоидаси бўлиб, унга кўра муайян бир нарсанинг молиявий эътибори бор бўлиб, манфаатнинг молиявий эътибори йўқдир. Ушбуда ҳанафийлар жумҳурга хилоф қилишади. 

Гоҳида шу қоидани ушлаш билан бировнинг молидан эвазсиз фойдаланиш учун ҳийлалар эшиги очилиб кетади. Лекин ҳанафийларнинг кейинги олимлари тортиб олиб ишлатилган нарса, вақф ёки етимнинг моли ва фойдаланиш учун тайёрлаб қўйилган мол бўлса, ажри мислни тўлайди дейишади. Яъни, одатда ушбуларни ишлатган одамлар қанча ҳақ тўлашса, шуни беради. Бу ижтиҳод билан ҳанафийлар жумҳурнинг ижтиҳодига яқинлашади. 


31-қоида. 

الْغُرْمُ بِالْغُنْمِ.

Жарима ғанимат баробарида бўлади.

Кема юкининг кўплиги сабабли чўкишга яқинлашса, ундаги ортиқча юкни денгизга ташлаш керак бўлади. Ушбу ташлаб юборилган юкнинг нархини кемадаги ҳар бир бош кишига тақсим қилинади. Чунки зарурат юзасидан жонни сақлаш учун ортиқча юкни ташлаб юборилган эди. Жон ғанимат қолганига жарима ҳам тенг бўлинади.


32-қоида.

النِّعْمَةُ بِقَدْرِ النِّقْمَةِ. 

Неъмат харажат миқдорида бўлади. 

Ёки харажат неъмат миқдорида бўлади. Бу юқоридаги «Фойда тўловга қараб бўлади» ва «Жарима ғанимат баробарида бўлади» каби қоидалар маъносидадир. Лекин ушбу қоидада миқдорга тегишли зиёда бор. Ушбу миқдор тақсимотни эгалик ҳиссасига қараб бўлишдир. Мисол учун, бир уйга икки киши шерик бўлса, уйнинг таъмири учун қилинадиган харажатни ҳар ким эгалик ҳиссаси миқдорича қилади. Шу билан бирга фойда ҳам ҳиссага қараб олинади. 


33-қоида.

لاَ يَجُوزُ ِلأَحَدٍ أَنْ يَتَصَرَّفَ فِي مِلْكِ الْغَيْرِ بِدُونِ إِذْنِهِ. 

Ҳеч кимга бировнинг мулкини изнисиз тасарруф қилиш жоиз эмас.

Бировнинг мулкини унинг рухсатисиз ишлатиш эгалик ҳаққига тажовуз ҳисобланади. Мулкнинг тасарруфи учун олдиндан бериладиган изн ваколат дейилади. Кейинги ижозат ҳам олдинги ваколатга ўхшайди. Изн деганда мулк эгасининг изни билан бирга шариатнинг ҳам изни тушунилади.

Шариат рухсат бермаган ишга мулк эгасининг ҳам рухсати ўтмайди. Яъни, шариатда ҳаром қилинган ишга мулк эгаси буюрса уни қилишга изн берилди дейилмайди. 

Мисол учун музораба шартномаси билан ишлаганда маблағ эгаси иш давомида шаҳарни, савдо молини ёки замонини таъйин қилиб қайдласа, савдо ишини бажарувчи ушбу қайдларни бузмаслиги шарт бўлади. Агар бузса, зарарни тўлайди.


34-қоида.

لاَ يَجُوزُ ِلأَحَدٍ أَنْ يَأْخُذَ مَالَ أَحَدٍ بِلاَ سَبَبٍ شَرْعِيٍّ.

Ҳеч ким бошқанинг молини шаръий сабабсиз олиши жоиз эмас.

Агар бировнинг мулкини ўзимники деган гумонда олса, ўзиники эмаслиги маълум бўлгач, тезда эгасига қайтариши вожиб бўлади. Агар ишлатиб ёки йўқотиб қўйган бўлса, у молни айнан ўзи кабисини олиб беради. Ўзидек мол топилмаса қийматини тўлайди. 


35-қоида.

لَيْسَ لِعِرْقٍ ظَالِمٍ حَقٌّ. 

Золим томир учун ҳақ йўқ.

Бу қоиданинг асли ҳадиси шариф бўлиб уни имом Бухорий, имом Абу Довуд, имом Термизий ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилиб келтирганлар. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Ким ўлик ерни тирилтирса, ер ўшаники, золим томир учун ҳақ йўқ». 

Яъни, бировнинг ерига дарахт экиб қўйиш билан, у эгасига айланиб қолмайди.

Томирдан мурод дарахтдир, ҳадисдаги золим томир дейилганда бировнинг ерига билиб туриб дарахт эккан одам назарда тутилган. Томирни золим дейишлик ҳам аслида эгасининг зулми эътиборидандир. Бу қоидадаги умумий маъно албатта зулм золим учун эгадорлик ҳаққини бермайди. Бир киши бошқа одамнинг ерига билиб туриб кўчат экса, ёки бино қурса у қароқчи ҳисобланади. Унга эккан нарсасини кўчириш, қурган биносини бузиш вожиб бўлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибодатга фориғ бўлишАбу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади Аллоҳ таоло айтади Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. давоми...

5516 05:00 / 17.02.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан нархини кейин беришга таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга давоми...

3180 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳ таоло .Бақара, сурасида айтади .Ва Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган, 275оят.Аллоҳ таоло судхўрликни ҳаром қилди. Судхўрлар рибони очиқойдин ейиши давоми...

5206 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳга тақво қилиш Тақвоrdquo сўзини уламолар турлича таърифлашган. Имом Роғиб алАсфаҳоний Тақво нафсни гуноҳдан сақлашдир. Бу ҳаром ишларни тарк этиш билан давоми...

5204 05:00 / 17.02.2017