1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Солиқлар

05:00 / 17.02.2017 5053 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таъриф: Солиқлар, бошқача қилиб айтганда, молиявий вазифалар, закотдан бошқа молиявий таклифларни ўз ичига олади. Баъзи уламолар, молда закотдан бошқа олинадиган ҳақ йўқ, деганлар. Бошқа уламолар эса, молда закотдан ташқари олинадиган бир қанча шаръий ҳуқуқлар мавжуд дейишган.

Молдаги закотдан ташқари шаръий ҳуқуқлар борлигини аввалда ҳимоя қилган уламолардан бири Ибн Ҳазм ҳисобланади. У кишининг «ал-Муҳалла» деган китобида ушбу мавзуда сўз юритилган. (ал-Муҳалла, 10-жуз, 105-саҳифа).

Ундан сўнг Жувайнийнинг «ал-Ғиёсий» китобида ҳам бу мавзуга тўхталган. (ал-Ғиёсий, 261-283-саҳифалар). 

Агар бу китобларни мутоала қилиб кўрсангиз, ўша асрдаги уламолар ушбу масалада шиддатли тортишувлар қилишганига гувоҳ бўласиз.


Молни вазифалантиришга турткилар

Яъни, солиқ солиш учун туртки бўладиган ҳолатлар.

Имом Жувайний ушбу турткилардан бир нечтасини зикр қилган. Қаҳатчилик, қурғоқчилик, фақирлик. Уруш пайтида аскарларга ойлик етмай турган вақтлар, хусусан, душман ҳужум қилиб ёки хавф солиб турганда, яна бўлажак турли фалокатларга олдиндан захийралар тўплаганда кишиларнинг закотидан ташқари ҳам солиқлар солиш мумкин. Ушбу ҳожатлар учун агар байтул молда етарли маблағ бўлмасагина, бойларга солиқ солинади. Байтул молда етарли маблағ бўлса, бойларнинг закотдан бошқа маблағларини олиш дуруст эмас. 

Имом Жувайний шундай дейди: «Мен қатъий ихтиёр қилган нарса шуки, давлат бошлиғи бойларнинг ортиқча молларидан етмай турган жойларга ва муҳтожлик ўринларига сарфлашларини сўрайди ва уларнинг зиммасига юклайди».  «ал-Ғиёсий», 261-саҳифа).


Оммавий нафақаларнинг зиёда бўлиши

Ушбу кўриниш солиқ солишнинг асосий василаларидандир. Бу хусусда асримизнинг оммавий иқтисод уламолари ўз китобларида кўплаб ёзмоқдалар. Мусулмон уламолар эса, улардан бир неча аср олдин бу мавзуъни муҳокама қилган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида ислом диёрлари кенгайди. Аскар ва фуқароларнинг нафақалари ҳам ортди. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳу ғозийлар жанг билан фатҳ қилган ерларни уларга тақсим қилиб бермай қўйдилар. Балки у ерларни омма мусулмонларга вақф қилдилар. 

Баъзилар ушбу ерларни бўлиш кераклигини айтганда, уларга қараб: 

«Агар Ироқ ва Шом ерлари тақсим қилинса, чегараларни нима билан тўсилади, Шом, Ироқ ерларидаги ёш болалар, бева-бечораларнинг нафақалари нима бўлади?» - дедилар. 

Яна: «Мана бу чегараларни кўряпсизларми? Уларни қўриқлашга кишилар керак. Мана бу Шом, Жазийра, Кўфа, Басра ва Миср каби катта-катта шаҳарларни кўряпсизларми? Бу жойларга аскарлар лозим. Уларга ойликлар бериш керак. Агар ерлар бўлиниб кетса, уларга қаердан нафақа топиб берамиз?» - деб тушитирдилар. 

Жувайний айтади: «Аммо ҳозирга келиб Ислом чегаралари Аллоҳга шукрки, борган сари кенгайиб бормоқда. Ҳар бир даврнинг ўз расми ва ўз ҳукми бор». («ал-Ғиёсий», 255-саҳифа). 

«...Агар аскарлар кўпайиб нафақалари ортса, уларга етгудек нафақани бойлардан олиш лозим бўлади». («ал-Ғиёсий», 280-саҳифа).


Солиқ солишнинг шартлари

Уламолар имконияти бор бойларга солиқ солишнинг шартларни қўйганлар. 

Улардан бир нечасини зикр қиламиз: 

1. Султоннинг адолати бўлиши керак. 

2. Илмли ва тажрибали мутахасисиларнинг маслаҳати билан бўлиши керак. 

3. Шаръий умумий эҳтиёжнинг бор бўлиши. 

Жувайний айтади: «Султон саройлар, қасрлар қуриш, бойлик тўплаш, фахр ва азизлик талаб қилиш учун мусулмонлар молига қўл чўзишини дуруст эмас дейман». («ал-Ғиёсий», 286-саҳифа). 

Шу кабиларга нафақа қилиш оммавий эмас балки хусусий ишлардандир. Булар шариатда манъ қилинган. Чунки, бу каби инфоқларда буҳудалик ва исроф бордир.

4. Хусусий манфаатлар учун оммага солиқ солинмайди.

Мисол учун, омманинг эҳтиёжи тушадиган ариқни тозалаш, кенгайтириш учун омманинг маблағидан олиш мумкин. Лекин маълум кишиларгина фойдаланадиган ариқ бўлса, уни тозалаш ва кенгайтириш учун ушбу хос одамлардангина маблағ йиғилади. 

Имом Абу Юсуф шундай дейдилар: Барча мусулмонлар учун манфаати бор ишга байтулмолдан (яъни, давлат хазийнасидан) маблағ ажратилади».

Яна шундай ёзадилар: «Агар аҳолининг аксари катта анҳорларни тозалашга мажбур бўлишса, давлат хазийнасидан маблағ ажратиб уни тозалаб берилади. Аммо маълум кишиларнинг ерларига, экинларига, узумзор, хурмозорларига, боғ-роғ ва томорқаларига оқадиган анҳор бўлса, уни тозалаш ушбу ер эгаларининг зиммаларида бўлади. Байтул молдан бу каби ҳолатлар учун маблағ ажратиш лозим бўлмайди. («ал-Харож», 110-бет). 

Ҳанафий уламоларидан Мусилий айтадилар: «Катта анҳорларни тозалаш байтул молнинг зиммасидадир. Чунки уларнинг манфаати ҳаммага тегади». «ал-Ихтиёр», 3-жуз, 72-саҳифа).

5. Талаб қилинган эҳтиёжни раво қилиш учун кифоя қилгудек маблағ байтулмолда бўлмаса, бойларга солиқ солиш дуруст бўлади. 

6. Яна шу билан бирга, хазийнада бўлмасада, лекин давлатнинг бошқа ерларидан ундирадиган ҳаққи бўлса, шулар билан умумий зарар қопланади. Агар ушбу ҳақлар ҳам етарли бўлмаса, солиқ солиш мумкин бўлади. Яна юқоридаги шартлар билан бирга, давлат раҳбарлари, иш юритувчилар, аскарбошилар ва шу каби мансабдорларнинг ҳою-ҳавасга ишлатиладиган нарсалари ҳам умумий заруратларни қоплаш учун сотилади.

Мўғил-татар босқинчилари Ислом шаҳарларига бостириб келаётганда, Иззудийн ибн Абдуссалом Миср султони Қутузга шундай деган эди: 

«Агар душман Ислом шаҳарларига кириб келса, ҳамма инсонларга душман билан урушиши вожиб бўлади. Сизларга эса, халқдан жиҳодга керак бўладиган нарсалар учун маблағ олиш жоиз бўлади. Лекин шарт шуки, байтул молда ҳеч нарса қолмаган ва яна ўзларингизнинг нафис буюмларингиз, ҳою-ҳавас учун асраб қўйган матоларингизни сотган бўлишингиз лозим. Аскрлар ҳам қурол-аслаҳалари ва от-уловларидан бошқа нарсаларини сотишлари ва ҳаммалри оддий халқ билан баробар бўлиб қолган бўлишлари шарт. Аммо аскарлар қўлида фахр, дабдаба матолари бўла туриб, оммадан маблағ тўплаш дуруст эмас». («ан-Нужум-аз-Зоҳира». Ибн Туғрий. 7-жуз, 72-73 саҳифалар).

Имом Нававий ҳам Зоҳир Бийбарсга худди шу каби маслаҳатни берган эди. 

8. Яна ушбу ўринда кифоя қилгудек нарсани халқ ўзи хайрия қилиб турган бўлмаслиги шарт. («ал-Ғиёсий». 255-272 саҳифалар). 

Яъни, юзага келган мажбуриятни бартарф этишга кифоя қилгудек маблағни инсонлар ўз хоҳиши билан олиб келиб бераётган бўлса, бошқаларнинг молига солиқ солиб олиш дуруст бўлмайди. 

9. Давлатнинг ўзи қайтариб бериш имконияти етадиган миқдорда қарз олишнинг ҳам йўлини қилиши керак. Гоҳида давлат бойлардан олинадиган закот ва харожни ўз вақтидан олдинроқ олиб туриши ҳам мумкин. Бу муқосса – бирга бир ҳисоб-китоб қилиш йўли билан ёпиладиган қарзнинг ҳукмида бўлади.

Бойлар икки, уч ёки ундан кўпроқ йиллик закотларини олдиндан беришади, ўша йиллар келганда эса ушбу миқдордаги закот ёки харож улардан олинмайди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Биз муҳтож бўлиб қолдик, бас Аббоснинг икки йиллик закотини (баъзи ривоятларда уч йиллик) аввалдан олдин», - дедилар». Сунан Байҳақий 4-жуз. 110-саҳифа). 

Имом Ғаззолий айтадилар: Агар давлат бошлиғи байтул молга маблағ келиб тушишидан ноумид бўлса, аскар харажатлари, ёнланма аскарлар нафақотлари келажакда ортиб кетиши эҳтимоли бўлса, қарзга суянадилар. Ҳозирда қўлида ҳеч нарса йўқ, келажакда ҳам бўлишига умид йўқ? Ҳа! Агар унда ғойиб мол бўлса (кейин бериладиган қарзга ўхшаш) ёки доим келиб турадиган маълум ишончли жиҳат бўлса (бойлар қўлидаги омонат ёки харож, закот кабиларга ўхшаш), бас шунда қарз олиши яхшироқ бўлади». «Шифаул-Ғалийл лил-Ғаззолий». 241-саҳифа).

Имом Шотибий айтади: «Қийинчилик пайтида қарз олиш, байтул молга келиб туриши кутилаётган ёки умид қилинаётган даромад бўлсагина, дуруст бўлади. Аммо кутилаётган фойда бўлмаса, даромадлар ҳам заифлашиб заруратни бартараф этолмайдиган миқдорга тушиб қолган бўлса, шундай пайтлардагина солиқ олиш ҳукми жорий бўлади».

(«ал-Иътсом лиш-Шотибий». 2-жилд, 122-саҳифа).

10. Солиқ зарурат миқдоридан ошиб кетмаслиги ҳамда шариат қоидалари, мақсадлари ва руҳига мувофиқ тарзда солиниши керак. 

Яъни, солиқ солишда адолатли бўлмоқ, яқин қариндошлар ва обрў-мартабали одамларга хушомад бўлмаслиги, мукаллафнинг иқтисодий имконияти, нисобга риоя қилиш, олинадиган миқдорни мўътадил бўлишини назорат қилиш лозим бўлади. Яна закот бобида баён қилинган умумий мақсадлардан оғишмаслик керак. «ал-Мустасфо лил-Ғаззолий». 1-жилд, 121-саҳифа). 

11. Йиғилган маблағни нима сабабдан тўпланган бўлса, шу йўлга ишлатиш лозим бўлади. Бу ўринларда ҳийла ишлатиш, алдамчилик бўлмаслиги керак.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бундоқ шубҳалар айниқса ҳалол билан ҳаромнинг арашалиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, битта ёки ўнта ҳалол йўл билан давоми...

8509 05:00 / 03.03.2017
Саноатчидан нарса ясашни талаб қилиб, уни сотиб олишга истисноъ дейилади. Саноатчидан талаб қилинган нарса аслида тайёр бўлмайди. Истисноъ муайян харидор учун давоми...

3227 05:00 / 17.02.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар миржалларга ўхшатиб бинолар қилмагунча қиёмат қойим бўлмайди,, давоми...

3301 05:00 / 17.02.2017
Кимошди савдоси молни бошланғич баҳоси эълон қилиниб, харидорларнинг баъзиси бошқаси қўйган нархга қўшимча баҳо берадиган ва охири баҳони кўтарганга тўхтаган давоми...

4153 05:00 / 17.02.2017