1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Насронийликнинг асосчиси ким?

18:00 / 14.03.2019 13363 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Насронийлик дини мусулмон тадқиқотчиларининг диққатини кўпдан буён ўзига тортиб келади. Бу дин биноси уч асосга барпо қилинган – Муқаддас учлик[1], дастлабки гуноҳ[2] ва Худонинг Ийсо бўлиб зуҳур этиши. Ҳар бир пастулатани[3] алоҳида ўрганиб чиқиш учун тарихга назар ташлаш лозим.

Ийсо алайҳиссалом кейинчалик христиан динига катта таъсир қилган қадимги тўрт цивилизация: Миср, Эрон, Бобил ва қадимги Юнонистон кесишган жойнинг маркази Фаластинда таваллуд топган. Тахминларга кўра, Насроний дини Ийсо алайҳиссалом таълимотидан вужудга келган. Аммо Ийсо алайҳиссалом таълим берган нарса эски яҳудий динининг бир тури бўлиб, христианлик эса унинг бузилган шаклидир. Ҳаққа даъват қилган Ийсо алайҳиссалом шиддатли қаршиликларга дучор бўлиб, ўзига жуда кам сонли яҳудийларни эргаштира олди. Кўпчилиги унинг ўлимини истар эди. Пайғамбарнинг рисолатларини бўғиб ташламоқчи бўлган яҳудий ва мушрикларнинг қаршиликларига Ийсо алайҳиссаломнинг шогирдлари қарши тура олмадилар ва тез орада тарқалиб кетдилар. Дин тарихи билан шуғулланувчи мутахассисларнинг аксар қисми Ийсо алайҳиссалом эмас, балки Павлус бу диннинг асосчиси деб ҳисоблашади. Бир вақтлар Цюрих университетининг профессори бўлган Доктор Арнольд Мейэрнинг таъкидлашича: “Агар христианлик деганда биз инсон бўлмаган, аммо инсон суратида бокира аёлдан туғилиб, хочдаги ўз қони билан дастлабки гуноҳдан бизларни халос этиш учун ўзини қурбон қилган Масиҳга Худонинг ўғли деб иймон келтириш... бундай христианлик Парвардигоримиз тарафидан эмас, балки авлиё Павлус тарафидан ўйлаб топилган...”

Ийсо алайҳиссалом даъват қилган ҳақиқий Инжил, сохта шогирдлар тарафидан атайин йўқ қилинди ва уни ўзларининг инжиллари билан алмаштиришди. Барча тан олиши учун эса, бу китобларни Ийсо алайҳиссаломнинг ҳақиқий шогирдларига нисбат бера бошладилар. Аммо бунчалик кўп “муқаддас китоблар”[4] жамоатни фирқаларга бўлиб ташлади, уларнинг ҳар қайсиси ўзининг ақидавий таълимотларига эга эдилар. Насронийлик мажусийлик билан чатиша бошлади.

IV асрда мажусий император насронийликка кириб, бу динни давлат дини деб эълон қилди. У ихтилофдаги барча фирқаларни бирлаштириш учун қўлидаги барча имкониятларни ишга солди. 325 йилда Константин Никеяда руҳонийларнинг собор[5]ини ўтказди. Бу мажлисда Ийсо алайҳиссалом Худонинг Худоси, Нурнинг нури, Энг илоҳий деб эълон қилинди. Искандария архиепископи Арий деган кимса, Масиҳнинг илоҳийлигини рад қилгани учун Собор уни қоралади, ёзганларини эса йўқ қилишга қарор қилди. Ушбу Никея Соборида Янги аҳд канонлаштирилди ва насронийлар ўзларининг стандарт библиясига эга бўлди. Аммо бу китобларни канонлаштириш осон бўлмаган, чунки муқаддас китоблар кўп бўлганидан ҳар қайси епископ ўзининг китобини ҳимоя қиларди.

Узоқ чўзилган баҳсларни тўхтатиш учун черковнинг оддий “мўъжиза” техникаси ишга солинди. Ушбу Собор иштирокчиси бўлган Папуснинг эслашича: “Соборга тақдим қилинган барча китобларни черковдаги “причастие”[6] столига жамлаб, епископлар Худодан ваҳий қилинган китоблар стол устида қолишини, сохталари эса стол тагида бўлиб қолишини сўраб дуо қилдилар ва дуода сўралган нарса бўлди”. Шундай қилиб, “мўъжиза” туфайли канонлашган тўртта Инжил стол устида “қолдирилди”. “Аммо бизга собор йиғилган хона калити кимда бўлганлиги ҳақида хабар қилингани йўқ”, деб ёзади Блавацкая.

Константиннинг подшоҳлик даврида насронийлар орасида хочни ҳурматлаш ҳам пайдо бўлди. Константин хочнинг асл моҳияти унинг тушида аён бўлганини айтиб чиқди ва шундан бери хоч гуноҳлар ювилишининг муқаддас тимсоли ва иймон асоси бўлиб қолди.

381 йилда эса бошқа император Феодосий Константинопол Соборини ўтказди, мазкур йиғилишда Ийсонинг илоҳ эканлиги масаласи батамом тасдиқланди.

VI асрнинг энг буюк ҳодисаси – Масиҳ мавлуди байрамининг (Рождества Христова) таъсис қилиниши бўлди. Дионисий Заиф, скиф-роҳиб, фаразий тахминларига асосланиб Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган кунини 25 декабр куни деб тайин қилди. Ушбу аср насроний дини мажусийлашишининг чўққиси эди.

VII аср Исломнинг юксалишига гувоҳ бўлди ва ўша кезлари бузилиб кетган насронийлик мажбуран ортга чекинди. Деярли бутун Ўрта ер денгизи янги дин таъсирига тушиб қолди. Динлар черков назоратидан чиқиб кетди ва кўп насронийлар Исломни қабул қила бошладилар.

Ислом таълимоти таъсирида иконаларга сиғинишга барҳам берила бошланди.

XIX аср насроний динининг асосларини титратган рационализм даври бўлди. Муқаддас матнлар, Ийсо алайҳиссалом ва Инжилда номлари зикр қилинган бошқа шахсларнинг тарихийлигига танқидий баҳо берилди. Иймоннинг барча бандлари синчиклаб текширилди ва улар хурофий ақл тўқимаси, деб инкор қилинди. “Ғайриоддий дин” китобининг аноним муаллифи эса, бутун Библиянинг ваҳий эканлиги ҳақидаги ақидани бутунлай рад этган.

XX асрда насронийлик бир нечта мағлубиятни бошидан кечирди. 1945 йилда Кумрон водийсида авваллари маълум бўлмаган “Ўлик денгиз ёзувлар ўрами”, деб номланувчи жуда кўп ҳужжатлар топилди. Баъзи ўрамларда Библиянинг бутун боблари бор. Хуллас, насроний дини ўз эътиқодларининг аксар қисмини қайта кўриб чиқишлари керак бўлиб қолди. Янги аҳд матнлари илоҳий ваҳий эмаслиги, балки одамларнинг тўқималари экани яна бир бора исботланди. Шундай қилиб, биз ҳозирги кунимиздаги насроний дини бу Ийсо алайҳиссалом рисолати эмаслигини, балки бу турли хил черков йиғилишлари натижасида пайдо бўлган таълимот эканлигига гувоҳ бўлдик.

[1] Насронийлар тасаввурларига кўра, худонинг уч қиёфаси – ота-худо, ўғил-худо ва муқаддас руҳ-худо. Худонинг уч қиёфа ёки ипостасда мавжудлигига эътиқод 381 йилда Константинополда бўлиб ўтган черков соборида ақида тарзида расмийлаштирилган. Христиан черкови ўз қавмларини бу ақидага ишонтиришга уриниб, инсон ақли уни «англаш»га қодир эмас, бу эса ақиданинг ғайритабиийлигини тасдиқлайди, деб уқтиради. Ҳақиқатда эса троица ҳақидаги тасаввурлар жуда қадимги даврда шаклланган. Қадимги Миср (Осирис, Исида, Гор), Қадимги Ҳиндистон (Брахма, Вишну, Шива) Бобил (Ану, Эа, Бэл) динлари ва бошқа динларда ҳам троица мавжуд бўлган.

[2] Павлуснинг гуноҳ ювилиши ҳақидаги таълимотида: Одам ота ман қилинган мева туфайли гуноҳкор бўлди ва бу гуноҳ мерос ўлароқ бутун инсониятига ўтди. Бу гуноҳдан инсон ҳеч қачон қутула олмайди ва инсоннинг ўзи бу гуноҳни кетказишга қодир эмас, дейилади. Павлуснинг айтишича, фақат солиҳ амалларнинг ўзи етарли эмас. (Галатиаликларга, 2:16). Одам отанинг гуноҳи туфайли инсоният ҳалок бўлишга маҳкум этилгани боис, хочга парчинланиб ўлган Ийсо алайҳиссалом инсонлар учун тайёрлаб қўйилган жазони зиммасига олди. У қайта тирилиб, ўлим устидан ғалаба қозонди ва тақводорлик қайта тикланди. Насроний учун “Ийсо алайҳиссаломнинг ўлиши ва қайта тирилишига ишониш гўё унинг нажот топишига кифоя” эмиш (Римликларга, 6:23). Яъни, бу қурбонлик эвазига Ийсо алайҳиссалом инсоният гуноҳини бўйнига олди ва инсонларни гуноҳдан халос қилганига иймон келтириши керак эмиш. Насронийликда дастлабки гуноҳ ақидаси қанчалик муҳим ўрин эгаллаган бўлмасин, бу ақида Ийсо алайҳиссалом ва бошқа барча пайғамбарлар олиб келган таълимотларда умуман учрамайди. Эски аҳдда Парвардигор айтади: “...ўғил ота гуноҳига жавоб бермайди ва ота ҳам ўғлининг гуноҳига жавоб бермайди...” (“Иезекиил”, 18:20). Қуръони каримда инсон ўз амали учун жавобгар дейилган: “Ҳеч бир гуноҳкор жон бошқанинг гуноҳини кўтармас. Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ.” (Нажм сураси, 38–39-оятлар).

[3] Исботсиз қабул қилинадиган қоида.

[4] Британия қомусига кўра, уларнинг сони 120 га етган.

[5] Католицизм ва православиеда — епископларнинг черков ва диний ҳаётга доир муҳим масалаларни муҳокама қиладиган йиғилиши.

[6] Диний Маросимида истеъмол қилинадиган бир турли мусаллас ва нон.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг сураларидан бирини қалам билан қасам ичиб бошлаган. Бунда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат воситаси, рамзи давоми...

3269 19:00 / 14.07.2022
Доктор Ториқ Суалим Америкадаги Қоҳира университети.Бу ndash нилометр, яъни Нил сатҳини ўлчовчи қурилма. Бу мусулмонларнинг Мисрдаги энг қадимий иншоотларидан давоми...

3843 14:05 / 18.11.2019
Мусулмонлар яшаш санъатини қай тарзда амалга оширганларини ҳам қисқача ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.Ҳаётнинг барча жабҳаларида бўлгани каби мусулмон давоми...

2342 16:00 / 27.02.2021
Б. Ортодокс мазҳабиОртодокс, тўғри фикр ва эътиқод маъноларини билдиради. Римнинг устунлик даъвосига қарши Византия Патриклиги, ўзининг тўғри йўлда эканлигини, давоми...

2414 11:01 / 20.06.2020