1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ростгўйлик ва карамли бўлиш ҳақида

05:00 / 17.02.2017 3715 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у Зот:
«Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ, дегин», дедилар
». Учовлари ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келаётган саҳобийнинг бошлари ёрилиб, бир оз фикрлари ва тиллари оғир бўлиб қолган эди. Тутилиб гапирар ва олди-сотдида алданиб қолар эдилар. Ўзларининг бу ҳолларидан шикоят қилганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олди-сотдидан олдин савдолашаётган одамга алдаш йўқ, деб огоҳлантириш бериб қўйишни тавсия қилдилар. Яъни, Ислом динида савдо-сотиқда бир-бирини алдаш йўқлигини эслатиб қўйишни ўргатдилар. Шояд шунда бошқа томон ўзига алдашни эп кўрмаслиги мумкин. Бундан савдо-сотиқда, молиявий муаммоларда бир-бирини алдаш ҳаром экани яққол кўриниб турибди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар»
. Учовлари ривоят қилишган.

Имом Муслимнинг ривоятида:
«Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.
Шарҳ: Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто қасам ҳам ичадилар. Баъзи харидорлар унинг қасамига ишониб, молини сотиб олади. Ҳалиги савдогар савдоим юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса, ёлғон гапиргани, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси ўчади. Миқдори кўпайганга ўхшагани билан баракаси бўлмайди. Фойдаси камаяди. Ҳатто бошқа томондан балолар ҳам етади.
Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Ростгўйлик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Эгасига юқади, фойда беради.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши бозорда туриб бир молни савдога қўйди ва мусулмонлардан бир одамни қизиқтириш учун у(мол)га ўзига берилаётгандан кўп берганини айтиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичди. Шунда:
«Албатта, Аллоҳнинг аҳди ва қасамлари ила арзон баҳога сотиб оладиганлар...» ояти нозил бўлди.
»
Имом Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Оятнинг давомида:
«Ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни уларга Аллоҳ гапирмайди ҳам, назар солмайди ҳам, уларни покламайди ҳам. Ва уларга аламли азоб бордир», дейилган.
Демак, одамларни қизиқтириб молини ўтказиш учун бу мол менга ўзи бунчага тушган, деб ёлғон айтиб, қасам ичиш охиратда ёмон оқибатларга олиб келар экан. Шунинг учун бу нарсадан ҳушёр бўлиш керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: «Қандоқ сотаяпсан?» деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у Зотга қўлингни у(таом)нинг ичига тиқ, деб ваҳий қилинди. У Зот қўлларини тиқсалар, ҳўл экан. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Биздан эмасдир, ким алдаса», дедилар
».
Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Имом Муслим ва имом Термизийнинг лафзида:
«У зот:
«Эй таом эгаси! Бу нима?!» дедилар.
«Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули», деди.
«Буни одамлар кўришлари учун таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди! Ким алдаса, мендан эмас!» дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги таом деб номланган ва савдога қўйилган мол буғдой бўлиб, унга осмондан тушган ёмғир тегса, шишиб оғир бўлиб қолади. Шунинг учун сотувчи ўлчовда ноўрин фойда кўради. Иккинчидан, ёмғир теккан буғдой сақласа, турмайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун уни айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади.
Ушбу ҳадисдан савдо-сотиқ бўйича бир қанча фойдалар олинади:
1. Ислом дини савдо-сотиқ, иқтисодий ишларда ҳам ўз таълимотларига эга эканлиги.
2. Масъул кишилар савдо-сотиқ ишлари шариатга мувофиқ боришини кузатиб туриши лозимлиги. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўрашлари ва қўлларини солиб текшириб кўришлари шуни кўрсатади.
3. Савдо молида айби бўлса, уни харидорга айтиши ёки кўрсатиш лозимлиги. Айбини кўриб туриб олса, ўзининг иши.
4. Савдода алдамчилик қилиш савдогарни мусулмонлик доирасидан чиқариши.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан эмас» деганлари, менинг динимда эмас, деганларидир.
Энди бугунги катта-кичик савдогарларнинг қилаётган ишларига бир назар солайлик.
Савдонинг қайси тури бўлса, ҳаммасида харидорни яхшилаб алдаш услуби ишлаб чиқилган. Нима қилиб бўлса ҳам харидорни алдаб, молни ўтказиб олишдан бошқа ташвиши йўқ.
Яхши сифатли молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бериш энг осон услуб.
Аввалгиларга ўхшаб, ёмғир тегиб қолувди, де¬йиш йўқ, зироат маҳсулотини бозорга узиб ёки териб олишдан олдин, албатта, томиридан сув ичиб тўйиб олганича сув қўйилади. Кейин маҳсулот торозу босадиган бўлгач, бозорга олиб чиқилади. Албатта, уни еган одамни эса дард босади.
Бозорда шеригининг ширин анорини сўйиб кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганлар ҳам йўқ эмас.
Қўйингки, инсон боласининг ақлига сиғмайдиган нарсалар, ҳийла-найранглар бозорда учрайди. Ушбу нарсаларни касб қилиб олган алдамчилар ўзини мусулмонман, деб аташга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, дейишга ҳақлари бормикан?!
Аллоҳ таолодан қўрқиш керак. Алдамчиликни ташлаш керак. Алдамчилик билан топилган мол-дунё ҳаром бўлади. Эгасига юқмайди. Бошига битган бало бўлади. Қиёматда ҳам шарманда қилади.

Қайс ибн Абу Ғарза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида даллол, деб номланар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар:
«Эй тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас, уни садақа ила аралаштиринглар», дедилар
».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан Ислом тижоратнинг ва тижорат аҳлининг қадр-қийматини кўтарганини билиб оламиз. Исломдан олдин савдогарларни даллол, дейишган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бу исмдан кўра яхшироқ сўз — «тожир» исми билан атаганлар.
Тожирлар иш давомида билиб-билмай турли беҳуда гап-сўзларни айтиб ёки ишларни қилиб қўйишлари, ҳатто қасам ичишлари ҳам мумкинлиги эътиборидан, ўшаларни ювиш учун тез-тез садақа қилиб туришлари керак.
Яхшилаб эслаб қолиш керакки, мазкур садақа фа¬қатгина беҳуда гап-сўз ва қасамлар эътиборидан, холос. Тожирнинг қилган садақаси унинг алдам¬чи¬ли¬гини, ҳаромхўрлигини ювиб юбормайди. Бу ҳа¬қиқатни ҳар бир тожир яхши англаб етмоғи зарур.

Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас, у зот савдо қилаётган одамларни кўриб:
«Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарадилар. Шунда у зот:
«Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилтирурлар. Магар Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар
».
Бошқа бир ривоятда:
«Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дейилган».
Икковини имом Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Агар тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, тожирлик эгасига надомат, охират шармандалигини келтиради экан. Ҳар бир тожир ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифат:
1. Аллоҳ таолога тақво қилиш.
2. Яхшилик қилиш.
3. Ростгўй бўлиш сифатларини ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак.
Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди.
Аслини олганда тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар. Кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Хадича онамизнинг моллари ила тижорат қилганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда тижоратни ҳалол қилганини эълон қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган. Уламоларимиз тижорат, зироат ва саноатдан қайси бири афзал, деб савол берганларга баъзи ҳолларда тижорат афзал эканини таъкидлаганлар. Саҳобалардан баъзилари тижоратни вақти келса жиҳодга тенг бўлишини айт¬ганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу жиҳоддан кейин менга энг афзал ўлим савдо моллари ичида ўлишдир, деганлар.
Аммо ушбу афзалликларнинг ҳаммаси тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқдир. Ана ўшанда мўмин-мусулмон тожир қиёмат куни юксак мартабаларга эришади. Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.
Ушбу ҳадис олдимизга тожирнинг икки хил ҳолатини кўндаланг қўймоқда:
Алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўрлари қиёмат куни фожир бўлиб тирилтирилади;
Тақводор, содиқ ва омонатлилари қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлишади. Энди ихтиёр ҳамманинг ўзида. Ҳар ким ниятига ва амалига яраша мансаб топади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса, карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар
».
Имом Бухорий ва имом Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Мусулмон одам доимо карамли, саховатли бўлиши керак. Айниқса, олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтида. Бундоқ пайтда мумсиклик қилиб, тийиннинг устида етти думалаб туриб олиш барака келтирмайди. Балки сахийлик, очиқлик, бир оз ўтиб бериш Аллоҳнинг раҳматига, хайру баракага сабаб бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳнинг раҳмати икки дунёга ҳам хосдир. Мазкур ишларда карамли, саховатли бўлган кишиларга Аллоҳ таолонинг бу дунёдаги раҳмати — молу мулкига, ризқу рўзига барака, ўзига соғлик-саломатлик, фаровон турмуш ва тинчлик-омонлик беришида кўринса, охиратда эса, жаннатга киришга сабаб бўлади.
Демак, сотувчи ҳам, олувчи ҳам карамли, саховатли ва хушмуомала бўлиши керак. Шунингдек, бировдан ҳақини сўровчи ҳам яхшилик, хушмуомалалик билан сўраши керак.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фаришталар сизлардан олдин ўтганлардан бирининг руҳини қабул қилиб олдилар. Сўнгра унга:
«Бирор яхшилик амал қилганмисан?» дедилар.
«Йўқ», деди у.
«Эсла», дедилар.
«Одамларга қарз берар эдим. Йигитларимга камбағалга муҳлат беришни, бойдан осонлаштиришни амр қилар эдим
», деди.
Аллоҳ таоло:
«Унинг ҳам (ишини) осонлаштириб юборинглар», деди».

Бошқа ривоятда:
«Магар, мен молдор одам эдим ва одамларга қарз берар эдим. Бас, бойдан қабул қилар, камбағалдан кечиб юборар эдим». Бас, Аллоҳ таоло:
«Бандамни кечиб юборинглар», деди» дейилган
».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Молиявий муомалаларда қийин ҳолга тушиб қолган одамга енгиллик яратиш қанчалик яхши ва савобли иш эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.
Охиратда ҳеч яхшилиги бўлмай, фақат ҳақни талаб қилишда, ноилож ҳолда қолган одамни кечиб юбориш билан ҳам енгилликка эришиш мумкинлиги ушбу ҳадисдан кўриниб турибди.
Бой-бадавлат одамнинг имкони яхши бўлади. Қарздор эса, доимо ноқулай ҳолатда бўлади. Ана шу ҳолатни эътиборга олиб, осонлик яратган бойга қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан осонлик яратилар экан.
Бойлар бу ҳолни яхши эслаб қолишлари керак. Қарздорлар ҳам кечиктирмай, яхшилик билан ўз қарзларини адо этишлари кераклиги ўз жойида зикр этилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршининг соясига олади», дедилар
».
Термизий ривоят қилган ва, саҳиҳ деган.
Шарҳ: Қарздор камбағалга қарзини узиш учун муҳлат бериш ёки унинг қарзидан баъзи қисмини кечиб юбориш қанчалар яхши эканини кўриб турибмиз. Энди шу ҳадисга амал қилиш қолди, холос.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Бир одамнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳақи бор эди. Ўша одам у Зотга қўполлик қилди. Саҳобалар унга (ёмонлик) қасд қилиб қолдилар. Шунда у зот:
«Уни тек қўйинглар. Ҳақ эгасининг гапи бўлади. Унга (туяси) ёшидагини сотиб олиб беринглар», дедилар. Улар:
«Биз унинг ёшидан яхшироқ ёшдан бошқасини топа олмаяпмиз», дейишди.
«Ўшани сотиб олиб унга беринглар. Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийдан туя қарз олган эдилар. Ҳалиги одам келиб, аъробийлар одати бўйича қарзини у зотдан қўполлик билан сўради. Шунда саҳобаи киромлар у беодобнинг танобини тортиб қўймоқчи бўлдилар. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга йўл бермай, саҳобаларга унга тегмасликни амр қилдилар. Ҳақ эгасининг гапиришга ҳақи бор, дедилар ва унга озор бериш ўрнига, унинг ҳақини яхшилаб қайтариш, қарзга берган туясига ўхшаш туя сотиб олиб бериш кераклигини таъкидладилар.
Бошқа ривоятларда айтилишича, қарзга олинган туя учта тиши чиққан туя экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу бориб унга ўхшаш туя топа олмайдилар. Тўртта тиши чиққан туя бор экан, шунинг хабарини берибдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша тўртта тишли туяни сотиб олиб, ҳалиги аъробийга беришни амр қилдилар ва:
«Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».
Шунинг учун бировдан қарз олган одам уни ўз вақтида, ўзидан ҳам афзал этиб қайтаришга ҳаракат қилиши керак. Чунки қарз берувчи муҳтож бўлиб турган пайтида ноқулай ҳолатдан чиқишига ёрдам берган, ўз фойдасидан кечиб, унга яхшилик қилган одам. Унинг яхшилигини унутмаслик, ўрнида қайтариш лозим. Оғир пайтда ҳожатини чиқариб олиб, кейин қарзини бермай юриш инсофсизлик ҳисобланади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса, Аллоҳ унинг қоқилишини кечиради», дедилар
».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ: Бир одам нарса сотиб олгандан сўнг ўша нарса ёқмай қолиб ёки унга ҳожати йўқлиги маълум бўлиб қолиб, қайтариб олиб келганда уни кечириб қайтариб олган тожирнинг гуноҳини Аллоҳ таоло кечирар экан.
Кишилар ва уларнинг ҳолатлари турлича бўлади. Шу билан бирга, турли кутилмаган вазиятлар ҳам рўй бериб туради. Чунки одатда харидордан кўра, тожирнинг имкониятлари кўп бўлади. Қайтариб олган нарсасини ўша заҳоти бошқа харидор сотиб олиши мумкин. Аммо харидорнинг эса, имкони оз, агар тожир қайтариб олмаса, моли зое бўлиши ҳам мумкин. Умуман олганда тижорий ва бошқа молиявий, иқтисодий муомалаларда ўта кечиримли, сахий ва хушмуомалалик керак бўлади. Мусулмонлик одоби шу. Дарҳақиқат, яхши мусулмон тожир яхши мусулмон ходим ҳамдир. Ҳозирги кунимизда Индонезия, Малайзия, Фаластин, Сингапур ва бошқа томонларда юз милёнлаб мусулмонлар яшамоқда. Уларнинг юртлари мусулмон бўлишига асосан содиқ ва омонатли мусулмон тожирлар сабаб бўлишган. Тижорат билан бориб, омонат билан муомала қилганларини кўриб, ерли аҳоли бу фариштасифат одамлар қандоқ одамлар эканига қизиқишган. Тожирлар эса ўзларида қай бир яхшилик бўлса, динлари Исломдан экани, агар хоҳласа, ҳар ким ҳам шундоқ бўла олишини айтишган. Шунда уларнинг харидорлари ҳам мусулмон бўлишган.
Яхши мусулмон тожир Ислом дини ҳақида бошқаларда яхши таассурот қолдирганидек, мусулмонча ном билан аталган ёмон одам Ислом ҳақида ўзгаларда ёмон таассурот қолдириши турган гап. Бу ҳақиқатни ҳар бир тожир англаб етмоғи лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таърифи Жуола деб луғатда кишининг қилган иши эвазига бериладиган ҳаққа айтилади. Жуолага ижозат берган фуқаҳолар унинг таърифида шундай дейдилар Ишчининг давоми...

3097 05:00 / 17.02.2017
Уста қиладиган ишининг сифатига, иш берувчи эса керакли ашёлар, иш шароити ва иш ҳақи учун жавоб бериши лозим. Қайси бир томон ғирромлик қилса ҳам, иш бузилади, ҳар давоми...

3893 05:00 / 17.02.2017
Нархни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик ҳам мусулмон савдогарнинг юксак одобидир.Баъзи савдогарлар иложи борича қиммат қилиш пайидан бўладилар. Бу одат ҳам яхши давоми...

4827 08:01 / 18.07.2020
Ғарбий фикр фойдани мубоҳ дейди. Бу фикрга илмий ва амалий узоқ тортишувлардан сўнг келишган. Гоҳида давлат фойданинг чегараси ёки энг кўп миқдорини белгилашга давоми...

4888 05:00 / 17.02.2017