1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом атроф-муҳитни муҳофаза қилишга чақиради

18:00 / 13.02.2019 3635 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимизда табиат муҳофазаси, наботот ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилган. Диний таълимотларда уларни асраб-авайлаш ҳар бир мўминнинг бурчи эканлиги хусусида кўп бор айтилган.

Аллоҳ бизларни яшаб турган заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб, Қуръони каримда: «...ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат қиладир. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас», – деган (Бақара сураси, 205-оят).

Дарҳақиқат, шариатимизда тупроқ, сув, ҳаво ва табиатни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш сингари ҳукмлар келтириладики, бу бизларга ибрат намунаси бўлиши лозим. Хусусан, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», – деганлар (Абу Довуд ривояти). Айтиш жоизки, ҳеч бир ориятли, иймон-эътиқодли инсон ушбу муборак ҳадисда зикр этилган номақбул ишларни қилишга ботинмайди, аксинча, ана шундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш номақбул эканлигини тушунтиради.

Шу ўринда фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Иймон» китобларидан иқтибос келтириб ўтишни лозим топдик:

«Ислом дини инсон камолотида табиатни муҳофаза қилиш тарбиясини асосий ўринлардан бирига қўяди.

Ислом дини нуқтаи назарида табиатни муҳофаза қилиш тарбияси жамиятдаги катта ёшдаги кишиларнинг вазифасидир. Улар ёш авлодни табиатни муҳофаза қилишда етук онгли, ҳайвонот ва наботот оламига раҳмдил қилиб тарбиялашлари лозим. Катта ёшдагилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қўриқлашда динимизда жорий қилинган қоидаларни бузмаган ҳолда доимо ёшларга ибрат кўрсатишлари шарт.

Уламоларнинг ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу йўлда кетаётганида бир товуқни нишонга олиб, унга ўқ отиб ўйнаётган  ёш болаларни кўриб қолади. Ибн Умарни кўриб қолган ёш болалар қочишга ҳаракат қилишади. Аммо Ибн Умар уларни тўхтатиб, «Бу ўйинни ким бошлади? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларга бундай азоб берган кишиларни лаънатлаган эдилар», деб танбеҳ берган эканлар. Кўпгина шарҳловчилар ҳам Ибн Умарнинг бу каби ҳодисаларга нисбатан ниҳоятда қаттиқ турганини тасдиқлайдилар.

Ислом динининг бу каби бебаҳо таълимотларини ҳар бир мусулмон яхши билмоғи, уларга содиқ бўлиб, умр бўйи амал қилмоғи, уларни ҳаётга татбиқ этиб, бошқаларга ўрнак бўлмоғи даркор».

Афсуски, орамизда айрим тоифа кишилар борки, дуч келган жойга ахлат ташлаб кетаверади. Азизлар, бу ишимиз гуноҳ эканлигини англаб етайлик. Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда барча зарур ерларда ахлат ташлаш учун махсус жойлар, махсус қутилар ажратилган. Шундай экан, ахлат ва чиқиндиларни ана шу махсус жойларга ташлашимиз лозим. Аксинча, дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди.

Яна айрим кишилар борки, яшнаб турган дарахт шохларини синдиришади, кесишади, баргларини ёқадилар, кўчалар юзига, далалар четига, ариқлар ичига целлофан халталар, «баклашка»лар ва бошқа ҳар хил ахлатларни ташлайдилар. Оқибатда атроф-муҳит зарарланади, тупроқнинг экологик ҳолати бузилади. Бу албатта, жуда хунук ҳолат. Биринчидан, бу ишни қилган одам учун одобсизлик бўлса, иккинчидан, атрофдагиларга нисбатан ҳурматсизлик, қолаверса, маданиятсизлик белгиси. Энг ёмони, бир кишининг айби билан шу атрофда ахлатлар йиғила бошлайди. Ўша целлофан пакет билан «баклашка» ташланган жойда бир-икки кун ичида ахлатлар уюми пайдо бўлади. Бир лоқайд кишининг айби билан тўпланган ахлат уюмига бошқа бир лоқайд одам ўт қўйиб юборади. Натижада атрофни зарарли ис гази, қоп-қора тутун қоплайди. Шу ердан ўтаётган одамларнинг нафас олиши оғирлашади. Соғлиқ учун жуда катта зарар ҳисобланган ис гази шамол таъсирида анча узоқларга тарқалади. Баъзи лоқайдсиз кишилар сабаб атрофимизни ўраб турган яшил табиат ҳам зарар кўради.

Динимиз яшаб турган жойимизнинг озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Поклик инсон зеҳнини ва иродасини мустаҳкамлайди.

Оламдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган. Имкон қадар бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли хил гул кўчатлари экиб, маҳаллаларимизни янада кўкаламзор қилишимиз, бизларга ҳам фарз, ҳам қарздир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: «Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёхуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади» (Имом Бухорий ривояти).

Демак, бизлар ўзимиз яшаб турган жойга ва маҳалла-куйларга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки қушлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда айтилганидек, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади.

Аллоҳ таоло бизга тоза ва мусаффо ҳавони, бебаҳо иқлимни, олтинга тенг тўртта фаслни ва бошқа кўп нарсаларни инъом қилган. Биз бунинг шукронаси сифатида табиатимизни асрашимиз ва уни турли хил чиқиндилардан тоза сақлашимиз ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир!

Анвар Абдуллоҳ

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иброҳим ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади .Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу урушда оғир ярадор бўлиб, ҳушидан кетди. Атрофдагилар уни жон таслим қилди деб давоми...

1709 08:05 / 31.10.2019
Иброҳим ибн Адҳамнинг ходими Иброҳим ибн Башшор айтади .Бир куни хожамга .Эй Абу Исҳоқ, бу ҳолатга қандай етишгансиз, дедим. У киши ҳаётларини ҳикоя қилиб кетдилар давоми...

1221 08:00 / 23.10.2020
Луқмон исмли ҳабаш қул бор эди. Хожаси унга қўй сўйишни буюрди. Луқмон қўйни сўйди. Хожаси .Қўйнинг энг яхши иккита гўштини олиб кел,, деди. Луқмон қўйнинг юраги давоми...

2618 07:30 / 08.04.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини давоми...

1761 21:00 / 25.04.2020
Аудиолар

135091 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55369 14:35 / 11.08.2021