1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Саф сураси, 7-9

05:00 / 23.01.2017 4519 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

quran.uz

7. Исломга даъват қилиниб турганида Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган   кимсадан ҳам золимроқ киши борми? Ҳолбуки, Аллоҳ золимларни ҳидоятга солмас.

Яъни, инсон Исломга даъват қилинса, икки дунёнинг саодатига эриштирувчи динга чақирилса, уни хурсандлик билан қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиса, ҳақиқатдан у дунёдаги энг ашаддий золим ҳисобланади. Ундайларнинг Аллоҳ таолога нисбатан тўқиган ёлғонлари турлича бўлади. Жумладан, Қуръонни сеҳр ёки шеър дейишади, Аллоҳ бизни бунга буюргани йўқ, дейишади, Муҳаммад Пайғамбар эмас, дейишади ва бошқа кўплаб бўҳтон ва туҳматлар қўллашади. Аллоҳ таоло эса бунақа золимларни ҳидоятга бошламайди. Чунки гуноҳкорлиги туфайли ҳидоятга нолойиқ шахсларни ҳидоятга бошламаслик У зотнинг суннатидир. Бу золимларнинг нияти нима ўзи? Ушбу саволга келса оят жавоб беради.

quran.uz

8. Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини тугал этгувчидир.

Оятдаги «Аллоҳнинг нури»дан мурод Ислом динидир. Ислом динини йўқ қилиш учун уринувчиларнинг ҳаракати қуёшнинг шуъласини оғиз билан пуфлаб ўчиришга ҳаракат қилишга ўхшайди. Ундайлар қанчалик уринмасин, қуёшни сўндира олмаганларидек, Ислом нурини ҳам ўчира олмайди.
Пайғамбаримизга Қуръони Каримнинг биринчи ояти тушган замондан то ҳозиргача Аллоҳ таоло душманлари Исломга, мусулмонларга қарши қанчадан-қанча ишлар олиб бордилар. Турли усуллар ва услублар билан динимизга қарши урушни бир дақиқа ҳам тўхтатганлари йўқ. Бу машъум урушни Макка мушриклари бошлаган бўлса, сўнг яҳудийлар, мунофиқлар давом этирдилар. Кейинроқ ўша замоннинг икки улкан императорлиги рум ва форс қарши чиқди. Қаршилар кўпайиб, дунёнинг ҳар тарафидан бош кўтара бошладилар. Салибчилар, саҳюнийлар (сионистлар) мусулмонларга қарши барча ваҳшийликларни қилдилар ва қилмоқдалар. Шундай давр бўладики, азиз Исломий ватаннинг барча тупроғи мустамлакачилар оёғи остида топталди. Лекин оятда келганидек 
«Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини тугал этгувчидир». 
Мана, Ислом душманларининг ҳаммаси ўтди, ҳаммаси расвои радди бало бўлди, икки дунёси куйди ва тарихда номлари ёмонлик билан зикр этиладиган бўлиб қолди. Лекин Ислом юксаклигича, улуғворлигича қолмоқда, Аллоҳга шукр.
Ушбу ояти каримада сиз билан биз мусулмонларга улуғ башорат бордир. Бу масалада икки ироданинг тўқнашуви кўзга кўринмоқда. 
Бири-Ислом душманларининг иродаси.
Иккинчиси-Аллоҳ таолонинг иродаси.  Албатта, Аллоҳнинг иродаси ғолиблиги ҳаммага маълум. Ислом истиқбол динидир. 
Буни тушуниш учун келаси оятга эътибор берайлик. Ислом ҳали кучсиз, мусулмонлар ҳали жуда оз ва турли душманлар атрофдан ўраб турган пайт тушган бу оятда Исломнинг келгусида бутун динлардан устун бўлиб, дунёга тарқалишидан башорат бермоқда.

quran.uz

9. У зот Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам.

Аллоҳнинг сўзи, ваъдаси ҳақ. Пайғамбар алайҳиссаломга Исломни бошқа барча динлардан устун бўлиши учун туширганини ушбу оят ила хабар берган эканми, шундай бўлиши муқаррар. 
Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг бу ваъда амалга ошди-Ислом дунёга тарқалди. Бу ҳақиқат ҳам Қуръони Каримнинг улкан мўъжизасидир ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига ёрқин далилдир. Иншааллоҳ, бу ваъда охиригача рўёбга чиқади. Ислом барча динлардан устун бўлиб, жаҳон халқларини икки дунё саодатига эриштиради. Унинг ҳақиқатлари жами инсониятга етиб бориши учун эса, аввало, мусулмонлар ўзлари Исломни тўғри тушуниб, ҳаётларига тадбиқ қилиб, сўнгра ўзгаларга ҳам етказмоқлари лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй Одам болалари Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси ndash ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг давоми...

4760 17:44 / 03.05.2018
.Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақимга ҳидоят қилинур,.Ҳа, ким одамларни сиротул мустақимга ndash энг тўғри йўлга даъват қилмоқчи бўлса, Қуръони Каримга давоми...

5311 09:43 / 04.11.2017
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳибнинг давоми...

5579 17:00 / 18.02.2019
Эй иймон келтирганлар Сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангизrdquo Бақара сураси, 183оят.Рамазон рўзасини давоми...

3256 05:00 / 23.01.2017