1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қаҳф сураси, 103-105

05:00 / 23.01.2017 11874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

103. Сен: «Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми?
104. Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин.

Эй Муҳаммад, сен одамларга бу дунёда қилган амаллари туфайли энг зиёнкор бўлувчилар ким эканини хабар қилайми, айтиб берайми, дегин. Уларнинг қилган амаллари охиратга қолиш у ёқда турсин, бу дунёнинг ўзидаёқ ботил бўлади. Қилган сайъи-ҳаракатлари бефойда бўлади. Ҳолбуки, улар ўзларича, жуда яхши иш қиляпмиз, деб ўйлайдилар. Ана шундай одамлар ким эканини айтиб берайми?


105. Ана ўшалар Роббилари оятларига ва унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир. Бас, уларнинг амаллари ҳабата бўлди. Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз.

Яъни, юқоридаги икки оятда тасвирланган, амаллари беҳуда кетадиган, жуда яхши ишларни қилмоқдамиз, деб гумон этсалар ҳам, бу дунёнинг ўзидаёқ саъйи-ҳаракатлари ботил бўладиган кимсалар:

«Ана ўшалар Роббилари оятларига ва унга рўбарў келишга куфр келтирганлардир».

Яъни, улар Аллоҳнинг оятларига ва қиёмат кунига куфр келтирган кимсалардир. Шунинг учун ҳам:

«...уларнинг амаллари ҳабата бўлди». 

Бир неча бор айтиб ўтилганидек, «ҳабата» сўзи аслида заҳарли хашакни еб қўйган ҳайвоннинг қорни шишиб кетиши маъносини англатади. Сиртдан қараганда, ҳайвон хашак еб қорнини тўйғазганга ўхшайди. Аслида эса, қорнига кирган таомдан унга ҳеч фойда бўлмайди. Балки зарар етади. Ҳатто қорни ёрилиб ўлиши ҳам мумкин.

Шунга ўхшаш кофир ҳам, сиртдан қараганда, яхши иш қилаётганга ўхшайди. Лекин аслини олганда у худди заҳарли хашак тановул қилаётган ҳайвон каби, беҳуда уринаётган бўлади. Қилаётган амали зое кетади.

«Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз».

Яъни, қиёмат куни кофирларнинг ҳеч қандай қадр-қиймати бўлмайди. Уларнинг бу дунёда қилган амалларининг вазни ҳам бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг наздида ҳамма қадр-қиймат ва амалларнинг вазни иймонга боғлиқ. Иймони йўқнинг қадри ҳам йўқ, қиймати ҳам йўқ. Унинг қилган ишининг вазни ҳам йўқ.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таоло .Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан нарсаларни сўрашдан тўсган давоми...

4815 20:49 / 02.03.2018
Имом Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абдуллоҳ ибн Зозон ибн Феруз ибн Ҳурмуз ибн Касир Маккий. Имом Ибн Касир 45 ҳижрий санада туғилиб, 120 ҳижрий санада вафот қилган. У киши давоми...

3977 13:30 / 08.12.2020
123. Фиръавн .Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз.124. давоми...

3297 05:00 / 23.01.2017
Диёримиз Ислом дини нури ила мунаввар бўлганига ўн беш аср бўлди. Бу давр мобайнида халқимиз ичидан авлодларга кўплаб маданий мерос қолдирган буюк алломалар, давоми...

15700 05:00 / 19.01.2017