1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аллоҳнинг розилиги шукр қилишдадир

19:52 / 11.05.2018 4682 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Агар куфр келтирсангиз, албатта, Аллоҳ сиздан беҳожатдир. У Зот Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр келтирсангиз, сиздан рози бўлур. Ҳеч бир юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтармас. Сўнгра қайтишингиз фақатгина Роббингизгадир. Бас, сизга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта, У Зот кўкслардаги нарсаларни ҳам ўта билувчидир. » (Зумар  сураси, 7-оят)

Ушбу ояти каримада бандаларнинг куфри ҳам, шукри ҳам ўзлари учун экани, Аллоҳга ҳеч бир зарари ёки фойдаси йўқлиги, ҳар бир жон ўзи учун жавоб бериши муқаррарлиги баён этилмоқда.

Эй одамлар!

«Агар куфр келтирсангиз, албатта, Аллоҳ сиздан беҳожатдир».

У сизнинг иймон келтиришингизга муҳтож эмас. Агар ҳаммангиз биргалашиб, Аллоҳга куфр келтирсангиз ҳам, Аллоҳ таолонинг хазинасидан бирор нарса камайиб қолмайди. Балки сизлар барчангиз Унга иймон келтиришга, ибодат қилишга муҳтожсиз. Сиз бўлсангиз, куфр келтириб юрибсиз.

«У Зот Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас».

Гарчи бандаларнинг куфри Аллоҳга зарар қилмаса ҳам, Аллоҳ ҳеч бир банданинг кофир бўлишига рози бўлмайди. Бинобарин, куфр келтирган банда Аллоҳни норози қилган бўлади.

«Агар шукр келтирсангиз, сиздан рози бўлур».

Аллоҳга шукр этиш иймонга келиб, ёлғиз Ўзига ибодат қилиш билан бўлади. Барча бандаларнинг шукр келтиришлари, яъни Аллоҳга иймон келтириб, ибодат қилишлари Аллоҳ таолога заррача фойда бермаса ҳам, У Зот шукр келтирувчи, яъни иймон келтириб, холис ибодат қилувчи бандаларидан рози бўлади. Чунки У Зот доимо бандаларига яхшиликни раво кўради. Бинобарин, Аллоҳга иймон келтириб, У Зотга ибодат этган бандалар Аллоҳни рози қилган бўлади.

Мана, ҳамма нарса аён бўлди. Куфр Аллоҳ таолони норози қилади. Шукр эса Аллоҳни рози қилади. Энди ҳар ким хоҳлаган амални ихтиёр этаверсин. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради.

«Ҳеч бир юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтармас».

Ҳаммага ўзининг юки, яъни гуноҳлари етиб, ортади. Бировнинг оғирлигини кўтаришга йўл бўлсин. Бунинг устига, охиратда ҳар жондан фақат ўз амалига жавоб бериш талаб қилинади. Чунки:

«Сўнгра қайтишингиз фақатгина Роббингизгадир».

Қиёматда фақат Роббингизга қайтасиз, бошқа ҳеч кимга қайтмайсиз.

«Бас, сизга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берур».

Барчангиз Роббингиз ҳузурига қайтиб борганингизда, У сизга бу дунёда қилиб ўтган амалингиздан хабар беради. Заррача ишни ҳам ҳисобга олиб қўйган бўлади. Ўзингизнинг эсингиздан чиқиб кетган бўлса ҳам, Аллоҳнинг ҳисобидан чиқмайди. Ҳеч нарса махфий қолмайди. Чунки

«Албатта, У Зот кўкслардаги нарсаларни ҳам билувчидир».

Бўлиб ўтган ишлар у ёқда турсин, дилдаги ниятларни ҳам Аллоҳ таоло жуда яхши билади. Бас, ҳар бир банда шуни эътиборга олиб тасарруф қилсин. Буни зинҳор ёдидан чиқармасин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримни энг тези уч кун, кўпи билан бир ойда бир хатм қилиш тавсия этилган. Айрим уламолар хатм муддати бир ойдан ошиб кетиши макруҳ дейишса, айримлари қирқ давоми...

14684 16:08 / 22.05.2018
Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини давоми...

3346 05:00 / 19.01.2017
29. Йўқ Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос. Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳидоятга сола оларди Ва уларга нусрат бергувчилар давоми...

4325 05:00 / 23.01.2017
биринчи мақолаУламолар жумҳури Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши уч қисмдан иборат эканини айтганлар.Биринчи қисмҲукм ва тиловатнинг лафзнинг биргаликда насх давоми...

3695 13:00 / 12.05.2020