1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ар-Рофеъ (24)

14:50 / 13.03.2018 10390 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ар-Рофеъ» исми «кўтарувчи» маъносини англатади. Мисол учун, У Зот мўмин ва тақводорларни азизу мукаррам қилиб, уларнинг мартабасини кўтаради. Бирор жисмни кўтарсангиз ҳам, уни «кўтарилди» дейсиз. 

«Аллоҳ осмонларни сизлар кўриб тургандек, устунларсиз кўтариб қўйган» (Раъд сураси, 2‑оят)

 

Агар бино баланд қилиб қурилган бўлса, уни ҳам кўкка кўтарилган деб сифатлайсиз.

«Эсланг, Иброҳим Исмоил билан бирга Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб, шундай деди: «Роббим, (ушбу амалимизни) биздан Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен эшитгувчи, билгувчисан!» (Бақара сураси, 2‑оят).

 

Бир инсоннинг шаъни юксалса ҳам, унинг обрўйи кўкка кўтарилди деймиз.

«Ва сизнинг зикрингизни (яъни мартабангизни) баланд қилиб қўйдик» (Шарҳ сураси, 4‑оят).

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга кўтарилганларидаги ҳолат ҳам у зотнинг энг юксак даражага кўтарилишларидир. 

«У (ўша соатда) Роббининг буюк оятларини (яъни У Зотнинг илоҳий қудрати далолат қиладиган жуда кўп аломатларни) кўрди» (Нажм сураси, 18‑оят).

Ар‑Рофеъ исмли Зот Ўзига дўст бўлган валийларнинг қадрини кўтариб, уларга душманларининг зиддига ёрдам беради. Солиҳ зотларни энг юқори мартабага кўтаради. Ҳақни юксакликка кўтаради. Мўминларни бахтли ҳаётга кўтаради. Ҳақ ва адолат устида турганларни баланд мартабага кўтаради. Инсон қачон истиқоматда, яъни тўғри йўлда юрса ва Аллоҳ учун холис бўлса, унинг жамиятда баланд мартабаси бўлади.  

Ар‑Рофеъ исмли Зот ушбу исм тажаллийси билан осмонларни устунсиз кўтариб қўйган, атмосферадаги булутни, очиқ осмондаги қушларни кўтариб туради. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Устларида қанотларини ёйган ва йиққан ҳолдаги қушларни кўрмаганларми? Уларни Ёлғиз Раҳмонгина ушлаб турибди! Албатта, У барча нарсани кўриб тургувчидир» (Мулк сураси, 19‑оят).

Ар‑Рофеъ исмли Зот валийларнинг мақомини дунё ҳаётида баланд даражага кўтариб, одамларнинг қалбини уларга мойил қилиб қўйган. Банда Аллоҳ учун холис бўлса, мўминларнинг қалбини унга нисбатан раҳм‑шафқатли қилиб қўяди. Лекин шундай фожир кимсалар борки, уларга бирор одам қайрилиб ҳам қараб қўймайди. Уни мажлисларга чақиришмайди ҳам, у билан бирга ўтиришмайди ҳам. Демак, Аллоҳ бир бандани яхши кўрса, бандаларнинг қалбида унга нисбатан муҳаббат жойлаб қўяр экан. Қуйидаги оят ҳам бу маънони қувватлайди:

«Сенинг устингга Ўз томонимдан бир муҳаббат ташладим (яъни сени кўрган киши суйиб қоладиган қилдим)» (Тоҳа сураси, 39‑оят).

Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, қайси бир киши Аллоҳ хоҳлаганидек, У Зот яхши кўрганидек У Зотга итоат қилса, У Зот учун холис бўлса, Аллоҳ у одамнинг шаънини юксалтириб, моддий ва маънавий томондан баланд даражага кўтаради, ўша инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасида Аллоҳнинг марҳаматга эришади.

Мўминларнинг истиқоматлари ва ихлосларига яраша Илоҳий марҳаматлар нозил бўлади

Ар‑Рофеъ исмли Зот гуноҳкорларни асфаласофилинга, яъни энг тубан даражага туширганидек, Ўзига дўст бўлган зотларни муқарраб уфқига кўтаради. Масалан, Мусо алайҳиссаломнинг оналари ўғлининг сўйилиб кетишидан қўрқиб, уни Аллоҳнинг амри билан бешикка солиб, дарёга улоқтирди. Бунинг сабаби шуки, Фиръавн тушида ёш бир бола унинг мулкига тажовуз қилганини кўрган, мулозимлари эса бу тушни таъбир қилиб, «Бану Исроилдан туғилажак бир ўғил сенинг бошингга етар экан» дейишган эди. Шунинг учун у Бану Исроил қавмидан туғилган ҳар бир ўғил болани бўғизлашни буюрган эди. Аллоҳнинг қудрати билан Мусо алайҳиссалом ётган бешикни Фиръавннинг оиласи тутиб олди. Натижада Фиръавн ўз салтанатининг заволи бўлмиш Мусо алайҳиссаломни ўзи билмаган ҳолда ўз қасрида тарбиялади. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Фиръавн хонадони уни ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато қилдилар» деган (Қасас сураси, 8‑оят)

«Фиръавн (Миср) юртида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни Бану Исроил қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини эса тирик қолдирарди. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди. Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хорликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз» (Қасас сураси, 4‑5‑оятлар).

Қанчадан‑қанча заиф кишилар борки, уларнинг шаъни улуғ бўлди, мартабалари юксалди. Қанчадан‑қанча камбағаллар борки, бадавлат кишиларга айланди. Қанчадан‑қанча беэътибор одамлар борки, ҳурматли кишиларга айланди.

Ар‑Рофеъ сифатининг ўзаги бўлган «кўтармоқ» сўзи Қуръони Каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган:

«Биз ўша пайғамбарларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Уларнинг орасида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. У Зот уларнинг баъзиларини юксак даражаларга кўтарди» (Бақара сураси, 253‑оят).

«Мана шулар Иброҳимнинг қавми узра берган ҳужжатларимиздир. Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни даражотларга кўтарурмиз. Албатта, Роббингиз ҳикмат эгасидир, билгувчидир» (Анъом сураси, 53‑оят).

«У сизларни ер юзида (ўтиб кетган ота-боболарингиздан кейин) ўринбосарлар қилиб қўйган, сизларни имтиҳон қилиш учун Ўзи ато этган неъматлар билан айримларингиздан (ризқу-рўз ва куч-қувватда) юқорироқ даражаларга кўтариб қўйган Зотдир. Албатта, Роббингиз тезда жазолагувчидир. Албатта, У мағфиратлидир, меҳрибондир» (Анъом сураси, 165‑оят).

Одамлар бу дунёда турли касб-ҳунар билан тирикчилик қилишади. Масалан, оддий аскар, генерал, ҳамшира, ўқитувчи каби кўплаб касблар бор. Шунингдек, айланиб юриб, савдо-сотиқ қиладиган савдогар бор, тижорат дўконига эга тожир ҳам бор. Аллоҳ уларни бир‑биридан устун қилиб қўйган. Агар Аллоҳ сизнинг мартабангизни кўтарса, энди бу неъмат учун шукр қилишингиз, ўша неъматни Аллоҳнинг ибодати йўлида сарфлашингиз лозим. 

«Ушбу Китобда Идрисни ҳам зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди. Биз уни юксак мартабага кўтардик» (Марям сураси, 56‑57‑оятлар).

Аллоҳ таоло қайси бир бандага ар‑Рофеъ исмидаги нур билан тажаллий қилса, ушбу нур ўша мўминни олий мақомларга юксалтиради. Аллоҳ таоло қайси бир бандага ар‑Рофеъ исмидаги нур билан тажаллий қилса, у гўёки юлдузга айланади. Ушбу нурга мушарраф бўлган инсон одамларнинг қўлига қарамайди, чунки унинг ҳиммати Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсага қаратилган бўлади.

Аллоҳга итоаткор ва мухлис бўлган ҳар бир мўмин ар‑Рофеъ исмидан бир насибага, бир фазилатга эришади. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломга хос бўлган даражалардан ҳам бироз насибадор бўлади. Баъзи уламолар: «Ҳар бир ихлосли ва итоаткор мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб, у зотнинг суннатларига эргашса, у зот мушарраф бўлган баланд даражотларнинг баъзисига мушарраф бўлади», дейишган.

Солиҳ амал қилувчи зотлар, содиқ ва мухлис уламолар бу каби мартабаларга эришганига ислом тарихи гувоҳдир.

Ушбу исм билан қуйидагича дуо қилиш ҳам мумкин: 

«Аллоҳим! Ар‑Рофеъ исминг билан тажаллий қилдинг, у сабабли анбиё ва авлиёларинг қадрини юксалтирдинг, анбиёларингга мўъжиза, авлиёларингга каромат бердинг, уларнинг шаънини қалбларда улуғладинг, уларнинг ишларини ҳузурингда мақбул деб билдинг, руҳларини юксакларга кўтардинг, уларни Ўзингдан бошқага кўз тикмайдиган ҳиммат билан сийладинг! Энди биз ожиз бандаларингга ҳам Ар‑Рофеъ исмингдаги нурдан насибадор қилгин, токи бизнинг ҳам шаънимиз юксалсин!»

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўза араб тилида .сиём, деб аталиб, луғавий маъноси бир нарсадан ўзини тийишни билдиради.Шариат истилоҳида эса .Тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани давоми...

4603 13:56 / 20.01.2020
Қуръон ва Суннат уламолари наздида тавҳиднинг қисмлари Тавҳид уч қисмдан иборатдир Сифатлар тавҳиди, рубубият тавҳиди ва улуҳият тавҳиди. Улуҳият тавҳидининг давоми...

1229 19:00 / 22 апрель
Анбиё ва расулларга иймон.Бизларга Аллоҳ таоло Ўз Китобида номларини зикр қилган барча набийларга иймон келтириш вожибдир. Яна Аллоҳ таоло исмларини ва давоми...

4361 16:00 / 17.02.2020
Аллоҳ таоло .Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик,, деган Қамар, 49. Муаллиф бу ояти каримани келтириш билан, қадарга иймон келтириш, Қуръонда зикри келган давоми...

7080 23:21 / 02.12.2016