1440 йил 6 рабиъус сони | 2018 йил 14 декабрь, жума
Минтақа:
UZ RU EN AR
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Мутакаббир (11)

08:22 / 20.04.2017 1372 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Мутакаббир

«Мутакаббир» исмининг  маъноси кибриёси ва улуғлиги беҳад деганидир. У Зотнинг олдида бошқалар қул бўлиб туради. У Зот ҳар бир ёмонлик ва нуқсондан ҳамда бандаларига зулм қилишдан юқоридир. Ким Аллоҳ билан кибриёликда тортишса, унга қақшатқич зарба беради ва азоблайди.

Ал‑Мутакаббир сўзи қуйидаги маъноларда келади:

Ал‑Мутакаббир – подшоҳ, эга.

Ал‑Мутакаббир – улуғ, улкан.

Ал‑Мутакаббир – буюк.

Ал‑Мутакаббир  – бандалардан зулмни аритувчи.

Ал‑Мутакаббир – ҳеч кимга бўйсунмайдиган, бирор нарса Унинг устидан ҳукм юритмайдиган.

Ал‑Мутакаббир – махлуқотлар қилган васфдан олий

Агар Аллоҳнинг маърифати, яъни У Зотни таниш бир денгиз бўлса, инсоннинг Аллоҳни билиши нинани денгизга солганда унга илашиб чиққан намчалик ҳам бўлмайди. Лекин Али розияллоҳу анҳунинг «Озини олиш кўпни тарк қилишдан яхшироқдир» деган сўзига амал қилган ҳолда Аллоҳни танишда давом этамиз. 

Аллоҳни таниш учун ҳаётимизнинг баъзи кўринишларидан бирор зарбулмасал келтириш жоизми?

Бунинг жоизлигига қуйидаги оятлар далил бўлади.

«Аллоҳ эса энг юксак ҳислатлар соҳибидир» (Наҳл сураси, 60‑оят)

«(Аллоҳ) сизларга ўзларингиздан бир мисол келтирур: сизлар учун қўл остингиздаги қулларингиздан Биз сизларга ризқ қилиб берган мол-мулкка шерик бўлиб олувчилар бормики, сизлар (мол-мулкингизни тасарруф қилишда у қулларингиз билан) баробар бўлиб, улардан (ўша қулларингиздан) ҳам ўзларингиздан қўрққандай қўрқурмисизлар? Ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз» (Рум сураси, 28‑оят).

Бу оятни куйидагича тушуниш керак: агар қўл остингиздаги қулларингиз сизларнинг молу давлатларингизга шериклик даъво қилсалар, сизга итоат қилишдан бош тортиб, мол-дунёларингизни сизлар билан баб-баробар тасарруф қила бошласалар, сизлар эса худди ўзларингизга ўхшаган озод одамлардан қўрққандек, ўз қулларингиздан қўрқиб турсангиз рози бўлармидингиз? Албатта рози бўлмас эдинглар. Шундай экан, нега энди оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолога Ўзининг қулларини шерик қилиб оласиз?! Йўқ, яралганлар ҳеч қачон Яратганга тенг бўла олмас!

Бу сўзларни келтиришдан мақсад шуки, «мутакаббир» деган сўзни инсонга нисбатан ишлатсак, салбий маънода ҳосил бўлади, соғлом нафс мутакаббир кишидан жирканади. Аммо бу исмни Аллоҳга нисбатан ишлатсак, ижобий маъно ҳосил бўлиб, ҳар бир инсон ал‑Мутакаббир Зотга талпинади.

Фараз қилайлик, бир кишига жарроҳлик амалиёти учун 800 минг сўм зарур бўлиб қолди. У бир қариндошининг олдига бориб, «800 минг сўм пулинг борми?» деса, у: «Ҳа, бор» деди. Бошқа қариндошиникига борса, «Йўқ» деди. Аммо уларнинг иккови ҳам ёлғон айтган эди. Бор деб ёлғон сўзлаган киши ўзида йўқ нарсани даъво қилган, йўқ деган киши эса бор нарсани йўқ деб даъво қилган эди.

Такаббурлик ҳам худди шу каби ёлғон даъво қилишдир. Такаббурлик Аллоҳ учун комиллик, инсон учун эса нуқсондир. Зеро, Аллоҳ – коинотни ва халойиқни яратган Зотдир. У «Бўл!» деса, ўша иш бўлади. Унинг азамати ва комиллигида ниҳоя йўқдир. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қалбида заррача кибр бўлса, жаннатга кирмайди», деганлар (Муслим ривояти).

Нима учун такаббур одам жаннатга кирмайди? Чунки такаббурлик Аллоҳга нисбатан убудиятга қарама‑қарши нарсадир. Инсон қулдир, У Зот эса Роббдир.

Макка фатҳ қилингач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга ғолиб ҳолда кириб келаётганларида ҳам бошларини эгиб, Аллоҳга тавозуъ қилган ҳолда кирганлар.

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, салобат босиб, қалтираб қолган. Шунда у зот: «Биродар, ўзингни бос, мен Маккалик, сур гўшт ейдиган қурайшлик аёлнинг ўғлиман», деганлар.

Гўзалликни, комилликни ва ютуққа эришишни севиш инсоннинг фитратида бор бўлиб, у ана шу ҳислар билан бирга қўшиб яратилган. Аллоҳ таоло Ўзининг олий Зотини мутакаббир деб васф қилди. Яъни У Зот одамлар У томон талпинишлари учун неъмат ато этишда, тажаллий қилишда, тавфиқ беришда Ўзининг олий Зотини мутакаббир деб номлади. Одатда инсон ўзидан бадавлат, кучли одамга талпинади. Унинг наздида кучлилар уни қўллаб‑қувватлайди, бойлар унга пул беради. Лекин аслида инсон Роббини ёлғиз деб билиб, У Зотнинг Ўзигина берувчи ва ман қилувчи, пастлатувчи ва баландлатувчи, азиз қилувчи ва хорловчи эканини билса, фақат У Зот томон талпиниб, фақат Аллоҳ таолога юзланади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилма. Йўқса, азобланганлардан бўлурсан», деб марҳамат қилган (Шуаро сураси, 213‑оят).

Мусулмон кишининг ҳаётидаги энг хатарли нарса махфий ширкдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдаги энг қўрқадиган нарсам махфий ширкдир. Мен сизларни бут ва тошларга ибодат қиласизлар деб айтмайман, лекин Аллоҳдан бошқа учун қилинган амаллар махфий шаҳват, яъни махфий ширкдир», деганлар. 

Демак, Аллоҳдан бошқага юзлансак, бошқадан умид қилсак, фалончи ато қилади, фалончи ман қилади, фалончи ҳимоя қилади, фалончи зарар беради десак, махфий ширк ҳолатига тушиб қолар эканмиз. 

Бошқалар бадавлат одамнинг олдига пул умидида, кучлининг олдига ҳимоя умидида борса, мўмин киши фақат Аллоҳ томон талпинади, чунки у ўзининг охиратдаги оқибатини фақат Аллоҳ билан бирга деб билади.

Мутакаббирлик Аллоҳнинг шаънидир. У Зот ато қилишда, муваффақ қилишда, муҳофаза қилишда, қўллаб‑қувватлашда, ғалаба ато қилишда шериги йўқ буюк Зотдир. У Зот сенга: «Мен томон юзлан, Мен томон кел, Мендан бошқани тарк қил. Нима учун Мендан бошқага юзланиб, ўзингни азобга дучор қиласан, ахир унда ҳеч нарса йўқку? У сен каби камбағал-ку? У сен каби жоҳил-ку? У Менинг ёрдамимга муҳтож-ку?» дейди. 

Аллоҳнинг шаъни такаббур бўлиш, банданинг шаъни эса тавозуълик бўлишдир. Шундагина банда Аллоҳнинг ёрдамига, ҳимоясига мушарраф бўлади. Шундай экан, Аллоҳга ночорлигимизни изҳор қилиб, тавозуъли бўлайлик. Бир ишни қилмоқчи бўлсангиз, «Аллоҳумма, инний табарроъту мин ҳавлий ва қувватий, валтажаъту илаа ҳавлика ва қувватика, йаа Зал қувватил матийн» (Аллоҳим, ўзимдаги куч‑қувватни тарк қилиб, эй қувват соҳиби Сенинг куч‑қувватингга топшираман) деб айтинг. 

Мен бир шифокорни танийман. У беморни жарроҳлик амалиётига тайёрлаб бўлгач, унинг олдида икки ракъат намоз ўқиб, саждада Роббига муножот қилиб: «Роббим, менга ёрдам қил! Роббим, тўғри йўлга илҳом бер! Роббим, мени муваффақ қил!» деб, сўнг иш бошлайди.

Биродарлар! Ҳар қандай ишни, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин, хоҳ моддий бўлсин, хоҳ илмий бўлсин, ана шу дуони айтиб бошлаш керак. Чунки банданинг иши тавозуъ ва эҳтиёжманд бўлишдир. Халойиқнинг энг яхшиси бўлмиш саҳобалар Бадр кунида тавозуълик қилишган эди, Аллоҳ уларга ғалаба ато қилди. Аммо Ҳунайн куни аслаҳа ва сон жиҳатидан кўп эканларига суянишган эди, ғалабага эриша олишмади. Бу ниҳоятда муҳим сабоқдир. Биз бундай сабоққа ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқада муҳтожмиз. 

Менинг дипломим бор, менинг тажриба катта, мен аслзодаман каби сўзларни айтишдан эҳтиёт бўл. «Меники», «менда», «мен», «биз» деган сўзлардан эҳтиёт бўл, чунки шайтон ҳам: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг, уни эса лойдан яратдинг», деган (Аъроф сураси, 12‑оят)

Аллоҳ Билқис қавмини қуйидаги сўзлари сабаб ҳалок қилди: «Биз куч-қувват эгаларимиз, шиддатли азму шижоат эгаларимиз» (Намл сураси, 33‑оят).

Қорун: «Бу менга ўзимдаги илм туфайлигина берилган», деган эди. Бу сўзлар учун Аллоҳ таоло уни ҳалок қилди: «Биз уни ва ҳовли-жойини ерга ютдирдик. Унга Аллоҳ(нинг азоби)дан ёрдам берадиган гуруҳ ҳам бўлмади, унинг ўзи ҳам нусратга эришгувчилардан бўлмади» (Қасос сураси, 78‑оят).

Ал‑Мутакаббир исми кучли деган маънодадир. Бугунги кунда мусулмонлар ниҳоятда заиф бўлиб, уларнинг ҳолати рози бўладиган даражада эмас. Энди мусулмонларнинг заифлиги билан Аллоҳнинг ал-Мутакаббир сифатини бир-бирига қандай боғлаймиз? Аллоҳ таоло буюкдир, У Зот ғалаба беришда, қўллашда, ато қилишда, афв қилишда, муваффақ қилишда буюкдир. Аммо Аллоҳ ато қиладиган ғалабанинг тўлови бор. Биз ўша тўловни тўламагунимизча ғалабани қўлга кирита олмаймиз. Бу тўлов – Аллоҳнинг тоатига олиб борувчи иймондир. Ана шу иймонгина ғалабага олиб боради. Тоат‑ибодатга йўлламайдиган иймон шайтоний иймондир. Қуйидаги бир оят Ислом оламидаги муаммолар учун ечимдир. 

«Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ
уларнинг қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир»
 (Оли имрон сураси, 120‑оят).

Демак, сабр билан бирга қилинган тақво ғалабага олиб борувчи йўлдир. Гуноҳ билан бирга қилинган сабр эса фақат қабрга олиб боради. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, Аллоҳ уни баланд қилиб қўяди. Ким жабру ситам қилса, Аллоҳ уни яксон қилади», деганлар (Имом Баззор Толҳа ибн Убайдуллоҳдан ривоят қилган).

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ менга тавозуъни, ҳеч ким ҳеч кимга зулм қилмаслиги ҳамда ҳеч ким ҳеч кимга фахрланмаслигини ваҳий қилди», деганлар (Абу Довуд ривояти).

Кўпчилик даҳшатли хато қилиб қўйиб, шундан кейингина ўзини паст олиб, тавозуъ қила бошлайди. Бундай тавозуъ нуқсонли бўлиб, унинг қадри ҳам йўқдир. Ҳақиқий тавозуълик бўлиш покиза ҳолатда, ҳақ йўлда, жиноятга қўл урмаган ҳолатда, топгани ҳалол бўлиб, бошқаларга ибрат бўлган ҳолда қилинган тавозуъдир.

Бир инсоннинг олдига меҳмон келди. Унинг озгина сутдан бошқа таоми йўқ эди. У ўша сутга беш баробар сувни қўшиб, ажойиб ичимлик тайёрлаб, меҳмонларга тақдим қилди. Шу сутга бир томчи бензин аралашиб қолса борми, сут мутлақо бадбўй бўлиб, мазаси ҳам бузилиб кетар эди. Аллоҳга такаббурлик билан қилинган ибодат ҳам худди сутга бензин аралашганга ўхшайди. Демак, мўмин киши кеккайган, такаббур бўлиши мумкин эмас. 

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Киши кийими гўзал, пойафзали яхши бўлишини истаса, мана шу ҳам такаббурлик бўладими?» деб сўради. У зот: «Йўқ, бу такаббурлик эмас. Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Такаббурлик эса ҳақни инкор қилиш ва одамларга паст назар билан қарашдир», дедилар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Мўмин киши ал-Мутакаббир сифатидан хулқланса, Роббига ҳеч бир камчиликка йўл қўймай тавозуъ қилади, У Зотга юзланади.

Аллоҳ таоло барчамизни кибрдан сақласин, тавозеъ насиб қилсин, Ўзининг ал-Мутакаббир сифатидан таважжуҳ қилсин.

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлариномли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1191. Абу Умомадан ривоят қилинади.Шайтон бирортангизнинг тўшагига уни аҳли тўшаб, тайёрлаб қўйганидан кейин келади ва унга чўпми, тошми ёки бирор нарсани унинг давоми...

10343 16:12 / 06 март
Аллоҳ таоло .Албатта, иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларни Роббилари иймонлари сабабли ҳидоятга бошлайдир. Наъим жаннатларидалар, остларидан анҳорлар давоми...

1309 18:16 / 02.12.2016
Шайтон бани Одамнинг ҳаммасига душманлик қилишга сўз берди. Шундан бери одамзотга янги туғилган пайтдаёқ биринчи ҳужумини қиладики, бу билан уни сулҳкелишувсиз, давоми...

1017 21:29 / 02.12.2016
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам .Токи дажжоллар ва каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Улар ўттизга яқиндирлар. Уларнинг давоми...

935 22:58 / 02.12.2016
Топ рейтинг www.uz Openstat