1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ақл эгалари кимлар?

19:21 / 11.04.2018 5041 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«...Албатта, ақл эгаларигина эслатма олурлар».

Ақл ва идрок бўлмаса, буни эслаш, тушуниб етиш қийин.

Энди ўша ақл эгаларининг сифатлари зикр этилади:

Улар Аллоҳнинг аҳдига вафо қиладиган ва аҳду паймонини бузмайдиганлардир.

Бу ояти каримадаги аҳд барча аҳдларни ўз ичига олади. Албатта, бу аҳдларнинг аввалида иймон аҳди туради. Бу ояти каримадаги мийсоқ ҳам барча мийсоқларни ўз ичига олади. Албатта, бу мийсоқларнинг аввалида иймон шартларига вафо қилиш мийсоқи туради.

Бу аҳд ва бу мийсоқ қадимийдир. «Аъроф» сурасида кўриб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло Бану Одамдан зурриётларини тарқатаётган пайтдаёқ аҳду мийсоқни олиб: «Мен Роббингиз эмасманми?» деб сўраган ва улардан: «Ҳа, албатта, биз бунга шоҳидмиз», деган жавобни қабул этган. Бу аҳд ҳар бир пайғамбар келганида янгиланиб турган.

Шу билан бирга, мазкур аҳд ва мийсоқ фақат Аллоҳ билан банда орасидаги аҳду мийсоқнигина ифода этмайди. Балки улар умумий аҳд ва мийсоқ бўлиб, бошқа барча аҳд ва мийсоқларни ҳам ичига олади. Демак, ақл эгаларининг биринчи сифатлари аҳдга вафо қилиш ва мийсоқни бузмаслик. Яна бошқа сифатлари:

Улар Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар, Роббларидан қўрқарлар ва ёмон ҳисобдан хавф қилурлар.

Ақл эгаларининг иккинчи сифати:

«Улар Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар...»

Бу ишларнинг бошида «силаи раҳм» – қариндошлик алоқаларини боғлаш, уларга яхшилик қилиш туради. Шунингдек, бева-бечора, етим-есир ва барча муҳтожларга, қўйингки, бутун мавжудотга яхшилик қилиш мусулмон инсонга вазифа қилиб юклатилгандир.

Ақл эгаларининг учинчи сифати:

«...Роббларидан қўрқарлар...»

Яъни Аллоҳ таолонинг қудрати сўнгсиз эканини доимо сезиб, ҳис этиб турадилар.

Аллоҳ таолонинг буюклиги қаршисида ўзларининг ожизликларини тушуниб, гуноҳ ишлар қилишдан сақланиб турадилар.

Ақл эгаларининг тўртинчи сифати:

«...ва ёмон ҳисобдан хавф қилурлар».

Яъни охиратда ҳисоб бериш лозимлигини яхши билганлари учун, доимо ўша ҳисоб-китобдан қўрқиб, фақат яхши амалларни қиладилар ва ёмонларидан қочадилар.

Келгуси оят ақл эгаларининг сифатларини санашда давом этади ва уларнинг оқибати ҳақида ҳам хабар беради:

Улар Роббларининг юзини кўзлаб, сабр қиларлар. Намозни тўкис адо этарлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора нафақа қиларлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир.

Ақл эгаларининг бешинчи сифати:

«Улар Роббларининг юзини кўзлаб, сабр қиларлар».

Яъни Аллоҳнинг ризосини умид этиб, сабр қиладилар. Уларнинг сабрлари фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлади. Хўжакўрсинга, риё учун бўлмайди. Ўзига ўзи мақтаниб юриш учун ҳам бўлмайди. Сабр турли хил бўлади. Энг улуғи Иймон-Ислом талабларини бажариш йўлидаги қийинчиликларга сабр қилишдир. Яна одамларнинг ноўрин тасарруфларига сабр қилиш. Етган неъматларга сабр қилиш ва ҳоказолар.

Ақл эгаларининг олтинчи сифати:

«Намозни тўкис адо этарлар…»

Чунки намоз бўлмаса, Аллоҳ билан банда орасида боғланиш бўлмайди. Натижада аҳд ва мийсоққа ҳам вафо қилинмайди. Шунинг учун ҳам намоз ҳаммасидан зарурдир. Шунинг учун намоз «мўмин бандалар билан бошқалар орасини ажратиб турадиган омил» деб таърифланган.

Ақл эгаларининг еттинчи сифати:

«Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора нафақа қиларлар...»

Аллоҳ берган ризқдан инфоқ қилиш мусулмон бандалар орасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантирувчи кучли омилдир. Бу иш бойларнинг қалбини бахиллик дардидан халос этса, инфоқни қабул қилиб олувчи камбағалларнинг қалбини ҳиқду ҳасаддан поклайди. Инфоқ қилиш кези келганда, махфий қилинади, кези келганда эса ошкора. Инфоқ қилувчи риёдан қочса ёки инфоқ олувчининг ноқулай ҳолда қолиши мулоҳаза қилинадиган бўлса ва шунга ўхшаш ҳолларда махфий қилинади. Одамлар ўрнак олсинлар, дейилса, шариат аҳкомларини бажариш тарғиб қилинишига ҳожат туғилса ва шунга ўхшаш ҳолатларда ошкор қилинади.

Ақл эгаларининг саккизинчи сифати:

«...ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар».

Бу умумий, мажбурий қоида эмас. Балки махсус ҳолда, маълум мақсад ила амалга ошириладиган қоидадир. Зотан, бошқа оятларда, мисол учун, «Шууро» сурасида «Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир», дейилган бўлса, «Бақара» сурасида «Ким сизга нисбатан тажовуз қилса, сиз ҳам унга ўша тажовуз мислича тажовузкорлик қилинг», дейилган.

Уламоларимиз «Ушбу оятдаги ёмонликни яхшилик билан қайтариш кундалик шахсий муомалаларда ёмонликни синдириш йўлида бўлади, аммо Аллоҳнинг динига тегишли ишларда қўлланилмайди», – деганлар.

Баъзи уламолар ушбу оятларда санаб ўтилган саккиз хайрли сифат жаннатнинг саккиз эшигига ишора эканини айтган эканлар.

Оятнинг охирида ҳам гап жаннатга бориб тақалмоқда:

«Ана ўшаларга оқибат диёри бордир».

Келаси оятда «оқибат диёри» нималиги баён қилинади:

Адн жаннатларидир. Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб:

«Раъд» «Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!» (дерлар).

Яъни мазкур саккиз сифатга соҳиб бўлган ақл эгалари эриша­диган оқибат диёри:

«Адн жаннатларидир».

«Адн» жаннатнинг номларидан бўлиб, луғатда «истиқомат жойи», «истиқрор ўрни» деган маъноларни англатади. Демак, мазкур ақл эгалари – мўмин-мусулмонлар ўша сифатларни ўзларида мужассам этиб, бу дунёда уларга амал қилиб яшаб ўтганлари учун, қиёматда адн жаннатларига кирадилар.

«Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар».

Уларнинг ҳузур-ҳаловатлари янада тўлиқ бўлиши учун, мазкур жаннатга ота-оналари, эр ёки хотинлари ва ўғил-қизлари ҳам қўшилиб кирадилар. Аммо шарти бор. Ўша ота-оналар, жуфти ҳалоллар ва зурриётлар аҳли солиҳ бўлишлари керак. Аҳли солиҳ бўлмасалар, кира олмайдилар. Адн жаннатлари катта неъмат, унга кирганлар улуғ мақомга эришадилар. Унда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматлардан баҳраманд бўладилар.

Бунинг устига,

«...уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!» (дерлар)».

Бу эса уларнинг ҳузурларини янада зиёда қилади. Инсон бу дунёда ҳам бирор неъматга эришса, ҳузурланади. Аммо яқин кишилар уни ўша неъмат ила муборакбод этсалар, ҳузур янгиланади ва янада зиёда бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
105. Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлмаБу ва бундан кейинги давоми...

4767 05:00 / 23.01.2017
иккинчи мақолаСуннатнинг суннат билан насх қилиниши..Суннат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрирдир,.Суннат бизга етиб келиши давоми...

3571 15:00 / 21.04.2020
Аллоҳ таоло.Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил,, деган.Шарҳ Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни донадона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини давоми...

4177 05:00 / 19.01.2017
Аллоҳ таолонинг охирги ва абадий дастури Қуръони Карим одамларни ҳаётнинг барча соҳаларида энг тўғри йўлга ҳидоят қилди.Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат давоми...

3632 02:12 / 28.04.2018