1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Муваттои Молик -

Машҳур муҳаддис, мазҳаббоши имомлардан бири Молик ибн Анаснинг ҳадис тўплами «Муватто» деб аталади. Имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ал‑Ҳорис ал‑Асбаъий ал‑Маданий роҳимаҳуллоҳ табаъа тобеъинлардан бўлиб, замонасининг етук олими, моликий мазҳаби асосчисидир. Молик ибн Анас ҳижрий 93 (милодий 712) санада Мадинаи Мунавварада туғилган. Имом Авзоъий, Имом Шофеъий, Муҳаммад ибн Ҳасан каби олимлар у кишидан таълим олганлар. Имом Шофеъий: «Молик тобеъинлардан кейин Аллоҳ таолонинг ҳужжатидир», деганлар. 

Имом Молик: «Мен ушбу китобни Мадина фақиҳларидан етмиштасига кўрсатдим. Уларнинг барчалари буни маъқуллашди ва мен уни «Муватто» («Осонлаштирилган») деб номладим», деган. Бу китоб аслида фиқҳий масалаларни ёритиш мақсадида ёзилган бўлса-да, мўътабар ҳадис китобларидан саналади. У ҳатто «Олти саҳиҳ»нинг олтинчиси бўлишга лойиқ кўрилган. Ундаги ҳадислар қирқ йил мобайнида тўпланган ҳадислар ичидан танлаб олинган бўлиб, уларни мингга яқин киши ривоят қилган. 

Имом Шофеъий: «Аллоҳ таолонинг китобидан кейин ер юзида Моликнинг китобидек саҳиҳ китоб бўлмади», деган. 

Имом Молик 179 (милодий 795) йили Мадинаи Мунавварада вафот этган.