1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Бақара сураси -

Мадинада нозил бўлган. 286 оятдан иборат.

 

Бақара сўзи «сигир» деган маънони англатади. Сураи каримада Аллоҳ таоло Бану Исроилга сигир сўйишга фармон бергани ҳақидаги қисса ҳам ўрин олган бўлиб, суранинг номи шундан олингандир.

Бу сура Муҳаммад алайҳиссалом Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин нозил бўлган биринчи сурадир.

Албатта, бошқа суралар каби, бу сура ҳам бирданига, яъни оятлари кетма-кет нозил бўлмаган, балки турли ҳолатларда, турли вақтларда нозил бўлган. Орада бошқа сураларнинг ҳам оятлари нозил бўлиб турган. Қачон бирор оят ёки бир неча оят нозил бўлса, Набий алайҳиссаломнинг ўзлари ўша тушган оятларнинг ўрни қайси суранинг қайси оятидан кейин, қайси оятидан олдин эканини ҳам айтиб берганлар.

Ушбу сураи карима бир неча мавзуларни муолажа қилади. Лекин ҳамма мавзулар ҳам бир масала атрофида жамланади. У ҳам бўлса, яҳудийларнинг Исломга бўлган муносабатлари, Набий алайҳиссаломга ва янги Ислом жамоасига қилган қаршиликлари масаласидир. Шунингдек, яҳудий ва мунофиқларнинг ҳамда мушрикларнинг Исломга қарши олиб борган душманликлари, бунинг муқобилида ёш Ислом жамиятининг шаклланиши, ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиш учун тайёрланиш жараёнлари ҳикоя қилинади.

Мадинаи Мунавварада нозил бўлган бошқа суралар каби, Бақара сураси ҳам мусулмонлар ўз ижтимоий ҳаётларида муҳтож бўлиб турган қонун-қоида ва тузумларни муолажа қилади.

Бу сура кўплаб шариат ҳукмларини, ақийда, ибодат, муомала, ахлоқ, оила, талоқ, идда, рўза, қасос каби масалаларни ўз ичига олган.

Суранинг аввалида мўминлар, кофирлар ва мунофиқларнинг сифатлари ҳақида сўз кетади. Иймон, куфр ва нифоқнинг ҳақиқати баён қилинади. Саодат аҳли билан бадбахтлар солиштирилади. Сўнгра инсоннинг яратилиши, Одам алайҳиссаломнинг халқ этилиши ва ўша вақтда бўлиб ўтган ишларнинг қиссаси келади.

Сураи каримада аҳли китоблар, хусусан, яҳудийлар (Бану Исроил) ҳақида батафсил сўз кетади. Чунки улар Мадинаи Мунавварада мусулмонлар билан бирга яшар эдилар. Шунинг учун ҳам Қуръони Карим мусулмонларни яҳудийларнинг макр-ҳийлалари, хиёнатлари, алдамчиликлари ва бузуқ табиатларидан хабардор қилади. Уларнинг Ислом учун хатарли ва зарарли эканларини тушунтиради. Суранинг учдан биридан кўпроғи шу масалага оиддир.

Мусулмонлар ўз жамиятларини эндигина қура бошлаганлари учун, сурада уларга илоҳий ҳаёт тарзи ўргатилган. Ибодат ва муомала масалалари, жумладан, рўза, ҳаж ва умра, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш, оила, талоқ, бола эмизиш, идда, мусулмонларга мушрика аёлларга уйланиш ҳаромлиги ва бошқа масалалар баён қилинган.

Сураи каримада яна рибохўрликка – судхўрликка катта эътибор берилган бўлиб, унинг ҳаромлиги ва оқибати ёмонлиги таъкидланган. Сўнгра қиёмат кунининг даҳшатлари зикр қилинади. Ва ниҳоят, суранинг охирида мўминларни тавба қилишга, доимо Аллоҳга тазарруда бўлишга чақириқ келади.

Имом Аҳмад келтирган ривоятда Абу Умома қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қуръонни қироат қилинглар, у қиёмат куни ўз аҳлига шафоатчидир, икки нур сочувчини – Бақара ва Оли Имронни ўқинг, улар қиёмат куни бошга соя солувчи булут бўлиб келадилар. Бақарани ўқинглар, уни олиш баракадир, уни тарк қилиш ҳасратдир. Сеҳргарлар унга қодир бўла олмайдилар», – деганларини эшитдим».

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Уйларингизни қабрга айлантирманглар. Сураи Бақара ўқилган уйга шайтон кирмайди», – деганлар.

Имом Ибн Ҳиббон Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий алайҳиссалом: «Ҳар нарсанинг саноми – кўзга кўринган жойи бўлади. Бақара сураси Қуръоннинг саномидир. Ким ўз уйида кечаси уни ўқиса, ўша уйга уч кеча шайтон кирмайди. Ким уни кундузи ўқиса, уч кун шайтон кирмайди», – деганлар».

Имом Доримий ривоят қиладиларки, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Ким сураи Бақарадан ўн оятни – аввалидан тўрт оят, «Оятул Курси» ва ундан кейинги икки оят ва охиридан уч оятни кечаси ўқиса, ўша уйга шу кечаси шайтон кирмайди», – деганлар.

Имом Насаий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий алайҳиссалом бир жойга кўп сонли кишиларни юборишдан аввал уларга Қуръон ўқитиб кўрдилар. Улардан ҳар бири Қуръонни қанча билса, шуни ўқиди. Уларнинг ичида энг ёш йигитнинг олдига келиб:

– Эй Фалончи, сен Қуръондан қанча биласан? – дедилар. У:

– Фалон, фалон сураларни ва Бақара сурасини биламан, – деди. У зоти бобаракот:

– Бақара сурасини биласанми? – деб сўрадилар. Йигит:

– Ҳа, – деди. Набий алайҳиссалом:

– Боравер, сен уларга амирсан, – дедилар...»

Имом Бухорий ривоят қиладилар:

«Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлоғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин деб, бориб, уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг ҳодисани Набий алайҳиссаломга сўзлаб берди. У киши:

– Ўқи, эй Ибн Ҳузайр, – дедилар. У бўлса:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳёни босиб олмасин деб қўрқдим, унинг яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса, ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб, чиқиб кетдим, – деди. Набий алайҳиссалом:

– У нималигини биласанми? – дедилар. У:

– Йўқ, – деди. У зоти бобаракот:

– Улар сенинг овозингга келган фаришталар. Агар тонг отгунча ўқийверганингда, одамлар уларга назар солса бўларди. Улар беркинмас эдилар, – дедилар».

Абу Убайд ривоят қилишларича:

«Бир одам намозда Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиди. Намозини тугатганидан кейин ҳазрати Каъб розияллоҳу анҳу унга:

– Бақара билан Оли Имронни ўқидингми? – дедилар. У:

– Ҳа, – деди. Шунда у киши:

– Менинг жоним тасарруфида бўлган Зот билан қасамки, бу икковида у билан дуо қилса мустажоб бўладиган Аллоҳнинг исми бор, – деди. Ҳалиги одам:

– Менга ўргатиб қўйинг, – деди. Ҳазрати Каъб:

  – Йўқ, ўргатмайман, сенга унинг хабарини айтсам, ўзингни ҳам, мени ҳам ҳалок қиладиган дуо қилиб қўймагин, – дедилар».