Мадинада нозил бўлган. 129 оятдан иборат.
Ушбу сураи каримада тавба ҳақидаги оятлар ҳам борлиги учун у шу ном билан аталади. Бу суранинг иккинчи машҳур номи «Бароат»дир. Чунки сураи карима «Бароат» сўзи билан бошланади. Шунингдек, уламоларимиз бу суранинг «Мубосира», «Мусийра», «Мухзия», «Фозиҳа», «Мушаррида», «Суратул азоб» каби номлари ҳам борлигини айтганлар.
Тавба сурасининг ажралиб турадиган яна бир хусусияти – унинг аввалида «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» лафзининг ёзилмаганлигидир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни айтмаганлар. Маълумки, Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини қаерга ва қай тарзда ёзишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтиб, тушунтириб борар эдилар. Тавба сурасининг аввалига «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни нима учун айтмаганлар?» деган саволга уламолар ҳар хил жавоб берганлар. Масалан, «Кашшоф» тафсирида келтирилишича, Ибн Уяйна: «Аллоҳнинг исми Салом (тинчлик) ва омонликдир, уруш ва улоқтириб ташлаш ҳақида гап борганда ёзилмайди», – деган эканлар. Яъни бу сурада кофирларга қарши уруш қилиш ҳақида сўз кетади, уруш эса уларга нисбатан шафқатсиз бўлиш демакдир. Бинобарин, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» бу ерга тўғри келмайди, деганидир.
Тавба сураси нозил бўлиш вақти жиҳатидан охирги суралардан ҳисобланади. Унда келган ҳукмлар ҳам ниҳоий, сўнгги, яъни вақтинчалик бўлмаган ҳукмлардир. Хусусан, бу сурада исломий жамият билан бошқа тузумлар ўртасидаги алоқаларга алоҳида эътибор берилган. Айни чоғда, Ислом жамияти ичидаги тоифалар ва уларнинг ўзаро алоқалари ҳақида ҳам сўз кетади.
Тавба сураси бошқа суралар каби, тарқоқ ҳолда нозил бўлган, яъни оятлари тўққизинчи ҳижрий йилнинг ичида турли жойларда, турли вақтларда бўлиниб-бўлиниб нозил қилинган.
Сураи кариманинг аввалида мусулмонларнинг Арабистон ярим оролидаги мушриклар билан алоқалари қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритилади. Уларга бўладиган муносабатларнинг сабаби баён қилинади.
Кейинги қатор оятларда эса мусулмонларнинг аҳли китоблар – яҳудий ва насоролар билан ўзаро алоқалари ҳақида гап кетади. Бу алоқаларнинг сабаблари, тарихий ва ақийдавий жиҳатлари тилга олинади. Шунингдек, улардан мусулмонларнинг фарқи, улар қандай қилиб йўлдан озиб кетганлари очиб ташланади.
Мазкур оятлардан кейин мушрик ва кофирларга қарши урушдан бош тортганлар ҳақида сўз боради. Улардаги қўрқоқлик, бепарволик ва ҳимматсизликнинг оқибатлари айтиб ўтилади.
Табук ғазотида мунофиқлар тутган ўрин ва уларнинг қилмишларининг муолажаси суранинг бош мавзусидир. Мунофиқларнинг Ислом жамиятидаги кирдикорлари ва иккиюзламачиликлари, ҳақиқий ниятлари, ҳийла-найранглари ушбу сураи каримада ўзига хос услуб ила фош этилади. Мунофиқларнинг Табук урушидан олдинги ва кейинги ҳамда уруш пайтидаги ҳолатлари кетма-кет баён қилинади.
Уларнинг урушдан бош тортиб, баҳона топишлари, мусулмонлар сафига тафриқа, фитна ва заифлик солишга интилишлари ҳақидаги оятлар келади. Мунофиқларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мухлис мўмин-мусулмонларга етказган озорлари батафсил зикр этилади. Мўмин-мусулмонлар мунофиқларнинг ҳийла-найрангларидан эҳтиёт бўлишга чақириладилар. Шу билан бирга, мусулмонлар билан мунофиқларнинг фарқи, ҳар бирининг ўзига хос сифатлари ва амаллари ҳамда уларнинг орасидаги алоқалар кўрсатиб берилади.
Мунофиқларга оид масалалар баёнидан сўнг бошқа тоифалар хусусидаги оятларга ўтилади. Жумладан, саҳровий араблар орасида мухлис мўмин-мусулмонлар ҳам, мунофиқлар ҳам борлиги, ҳатто аҳли Мадина ичида мунофиқлар топилиши тўғрисида сўз юритилади. Шунингдек, исломий ҳаёт тарзини тўла қабул этмасдан, яхши ишларга ёмон ишларни аралаштириб қилиб юрганлар ҳам борлиги айтилади. Баъзи бир асл ҳоли номаълум тоифаларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола экани эслатилади. Баъзиларнинг дин ниқоби остида мусулмонларга қарши иш қилишлари ҳам эсга олинади.
Сўнгра исломий жиҳод ва унинг чегаралари, Мадина аҳли ва унинг атрофидаги аъробийларнинг жиҳоддаги вазифалари, уларнинг жиҳоддан бош тортишлари мумкин эмаслиги, мушриклар билан мунофиқларни ажрата билиш лозимлиги ҳақида оятлар келади. Табук урушига бормай қолган баъзи мухлис кишиларга тегишли ҳукм изҳор этилади. Шунингдек, мунофиқларнинг баъзи ҳолатлари, уларнинг Қуръони Каримга муносабатлари тилга олинади.
Суранинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари зикр этилади ва у зотга доимо Аллоҳга таваккул қилиш буюрилади.
«Тавба» – Бароат сурасининг биринчи оятлари тафсирига киришишдан олдин ушбу оятлар нозил бўлгунча, яъни Аллоҳ ва Унинг Расули мушрикларга «бароат» – «ора очиқлик» эълон қилгунларига қадар бўлиб ўтган воқеаларни қисқача эслатиб ўтиш лозим.
Маълумки, Аллоҳ таоло инсонларни ширк ва куфр зулматларидан иймон нурига чиқаришни, турли нарса ва шахсларга сиғинишдан озод этишни, ягона Ўзигагина ибодат қилишларини хоҳлаб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик мартабасини бериб, Қуръони Каримни индирганида, мушриклар бир овоздан бунга қарши чиқдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳргар, Қуръонни сеҳр ва мусулмонларни сеҳрланганлар, дедилар. Жон-жаҳдлари билан Исломга қарши турдилар. Маккада оз сонли мусулмонларга қарши ўн уч йил давомида қўлларидан келган барча ёмонликларни қилдилар.
Охири мусулмонлар Пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида юртларини ташлаб, ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Чунки инсофга чорлаш, ёлвориш ва раҳм-шафқат сўрашлар мушрикларга кор қилмади. Улар мусулмонларни ер юзидан бутунлай йўқотиш ниятида эканликларини амалда кўрсатдилар.
Ҳатто Мадинага ҳижрат қилган мусулмонлар ҳам мушрикларнинг таъқибларидан қутула олмадилар. Ҳижратдан кейин, ушбу оятлар нозил бўлгунча ўтган тўққиз йил давомида мусулмонлар билан мушриклар ўртасида йигирма марта уруш ва тўқнашувлар бўлди. Ислом янги келган вақтдан мазкур оятлар нузулига қадар ўтган йигирма икки йил ичида мусулмонлар мушрикларни оқилона иш юритишга, ҳеч бўлмаса, адолатли бўлишга чақириб келдилар.
Аммо мушриклар бу чақириқларга мутлақо қулоқ осмадилар. Аксинча, уларнинг жаҳллари чиқар ва душманликлари янада ортар эди. Бора-бора мушриклар Мадинадаги яҳудийларни ҳам ўз сафларига қўшиб олдилар. Ҳатто мунофиқларни ва атрофдаги саҳровий арабларни мусулмонларга қарши гиж-гижладилар.
Ислом томонидан алоқаларни яхшилаш учун ҳамма чоралар кўрилди. «Сизга ўз динингиз, бизга ўз динимиз», деб айтилди, аммо фойдаси бўлмади. Ҳижрат қилинди, бироқ нафи тегмади. Охири аҳдномалар тузишга қарор этилди. Мадинада яҳудийлар, Ҳудайбияда мушриклар билан алоҳида аҳднома тузилди. Шунингдек, бошқалар билан ҳам аҳдлашилди.
Лекин улар аҳдномаларни бузиб, яна Исломга ва мусулмонларга душманликларини давом эттиравердилар. Ана шундагина чора-тадбир наф бермаганидан кейингина бароат эълон қилинди.