1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Сунани Термизий -

Бу асарнинг муаллифи имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо аз-Заҳҳок ас-Суламий ал‑Буғий ат-Термизий роҳимаҳуллоҳдир. У зот Мовароуннаҳрнинг машҳур муҳаддисларидан бўлиб, ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилган. Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довудлардан дарс олган. Шогирдларининг ёзишича: «Имом Бухорийнинг вафотларидан кейин Хуросон юртида илм, зеҳн, тақво ва зуҳд борасида Абу Исо ат-Термизийдек зот топилмайди». 

Имом Термизийнинг энг машҳур китоби «Ал-Китаб ал‑азийм»дир («Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»), у «Саҳиҳи Термизий», «Сунани Термизий» номлари билан машҳур бўлиб, «Олти саҳиҳ»нинг тўртинчиси ҳисобланади. Ундаги ҳадисларни тўплаш учун имом Термизий Хуросон, Ироқ, Шом юртларида, Макка ва Мадина шаҳарларида илмий сафарда бўлган. 

Имом Термизий «Сунан»ида фақат саҳиҳ ҳадисларни келтиришни ўзига шарт қилиб қўймаган, шунинг учун унда саҳиҳ, ҳасан ҳадислар билан бир қаторда заиф ва иллатли ҳадисларни ҳам зикр қилиб, уларнинг заифлик сабабларини баён қилган.

«Сунани Термизий»даги ҳадислар сони 4000 тага яқин бўлиб, муаллиф уларни 42 бобга ажратган.

Имом Термизий: «Бу китобни ёзиб, Ироқ уламоларига кўрсатдим, унга хайрихоҳлик билдиришди, Хуросон уламоларига кўрсатдим, улар ҳам хайрихоҳлик билдиришди. Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, ўша уйда Пайғамбар сўзлаётгандек бўлади», деган.

Бундан ташқари, имом Термизийнинг «Аш-Шамоил ан-набавийя», «Китабул-илал», «Китабут-тарих», «Китабуз-зуҳд», «Китаб ал‑асмо вал-куна» ва бошқа кўпгина асарлари бор. 

  Имом Термизий ҳижрий 279 (милодий 892) йили вафот этган, қабри ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидадир.