Бу ҳадис тўплами муаллифи Имом Абу Довуд Сулаймон ал‑Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод ибн ал‑Аздий ас-Сижистоний роҳимаҳуллоҳ машҳур муҳаддислардан. Ҳижрий 202 (милодий 817) йили Сижистонда (ҳозирги Эрон ҳудудида) туғилган. Ёшликдан ҳадис илмига қизиқиб, Ироқ, Хуросон, Шом, Миср, Араб жазирасига сафар қилган ва ҳадис эшитиб, уларни ривоят қилган. Кейинчалик машҳур шайх, ровий, ҳофиз бўлиб етишган. Имом Бухорий, Имом Аҳмад, Имом Термизий билан учрашган. Имом Абу Довуд беш юз минг ҳадисни ёзиб олиб, улар ичидан 4800 тасини танлаб, «Сунан» китобига киритган ва уларни 35 та китоб ва 1871 бобга ажратган.
Абу Довуд: «Китобимга саҳиҳларни, унга ўхшашларни ва унга яқин ҳадисларни киритдим. Бу китобимда уламолар тарк қилишга ижмоъ қилган ҳеч бир ҳадисни зикр қилмадим. Кучли заифлик бўлган бирон ҳадис бўлса, уни баён қилдим», деган. «Сунани Абу Довуд»нинг ровийларидан бири Ибн Аъробий: «Агар бирон кишининг ҳузурида илм китобларидан Мусҳаф ва Абу Довуднинг китоби бўлса, у бошқа ҳеч нарсага эҳтиёж сезмайди», деган.
Ушбу асар «кутубус-ситта»нинг учинчиси бўлиб, аҳамияти жиҳатидан фақат Имом Бухорий ва Муслимларнинг «Саҳиҳ»идан кейинда туради. Абу Довуднинг «Сунан»и ҳақида Закариё Соний бундай деган: «Қуръон – Исломнинг асли, «Сунани Абу Довуд» Исломнинг аҳдидир». Олимларнинг эътирофича, бу китобда ҳадиси шариф билан исбот қилинмаган бирорта шариат масаласи қолмаган. Унга бир неча шарҳ ва мухтасарлар ҳам ёзилган. Абу Довуд шундай деган: «Тўрт ҳадисни билиб, амал қилиш одамга дини учун кифоя қилади. Ўша тўрт ҳадис ушбулардир: «Амаллар ниятга кўрадир», «Беҳуда нарсани тарк этиш киши Исломининг гўзаллигидандир», «Мўмин ўзига раво кўрган нарсасини биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди», «Ҳалол аён, ҳаром ҳам аён, иккиси ўртасида шубҳали нарсалар бордир».
Имом Абу Довуд ҳижрий 275 (милодий 889) йил шаввол ойининг 16 куни Басрада вафот этган.