1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Тақрир -

Бирор нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш «тақрир» дейилади. Ҳадис илмида тақрир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларига нисбатан қўлланади. Мисол: Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолади ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмай, таяммум билан намоз ўқийди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқуллаганлар. Шунингдек, бир сафар ҳабашийлар ҳарбий ўйинга тушишганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўйинларини томоша қилиб турганлар. Маъқуллаш «маъқул» деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўя қолиш билан ҳам бўлади. Бу «тақририй ҳадис» дейилади. 

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон гуноҳ ва маъсиятларга гувоҳ бўлган ҳолда жим турмаганлар ва бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор сўз ёки ишни маъқуллашлари унинг шаръан ман этилмаганига далолат қилади. Бордию, у зот бу борада хато қилгудек бўлсалар, шу заҳоти ваҳий тушиб, уни тўғрилар эди. Шу боис у зотнинг розиликларини бевосита ваҳийнинг тасдиғи дейиш мумкин. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрирлари ҳадис ҳисобланади ва шаръий ҳукмларда ҳужжат қилинади.