Маккада нозил бўлган. 111 оятдан иборат.
Уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу сураи карима Ҳуд сурасидан кейин нозил бўлган.
Ҳуд сураси қандай оғир вазиятда, Ислом ва мусулмонлар учун нақадар нозик, ҳассос ва қийин пайтда нозил бўлганини кўриб ўтдик. Мушрикларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишига эргашган оз сонли мусулмонларга тазйиқлари ниҳоятда кучайган бир пайт эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин ва суянчиқ бўлиб турган зотлар – амакилари Абу Толиб ва Биби Хадийжа онамиз бирин-кетин вафот этиб, бандалардан келаётган сўнгги кўмаклар ҳам битган, мусибат ортидан мусибат келаверган, ўша йил мусулмонлар учун «маҳзунлик йили»га айланган бир пайт. Мусулмонларнинг нажот истаб, Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилишдан бошқа чоралари қолмаган пайт. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, қийноқда сиқилиб қолган мусулмонлар ҳам бир оғиз бўлса-да, далдага муҳтож пайт. Ана шу ҳолатда ҳақиқий ёрдамчи бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзидан далда келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўмин-мусулмонларга бундан-да қаттиқроқ мусибатларга йўлиққан, синовларнинг ҳар турлисига учраган бир банданинг – пайғамбар Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари келди. Бу қисса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, мусулмонларга ҳам улкан тасалли ва буюк дарс эди.
Шу билан бирга, бошқа маккий суралар каби, бу сурада ҳам ақийда масалалари, Аллоҳнинг қудрати, Ислом даъвати ҳақида сўз юритилади. Иймон йўлида тинмай ҳаракат қилиш, бу йўлдаги турли тўсиқларга бардош бериш лозимлиги ва бошқа масалалар қисса давомида муолажа қилинади.
Юсуф сураси битта қиссани аввалидан охиригача, бошқа нарсаларни аралаштирмай, ҳикоя қилган ягона сурадир. Юсуф алайҳиссаломнинг исмлари бу сурадан бошқа яна бир жойда зикр қилинади, холос. Бу сураи каримада, бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўпроқ оилавий муносабатлардаги салбий ўринларга, ҳукмрон доиралар ичидаги ихтилофларга, уларнинг атрофидагиларнинг ҳолатларига эътибор берилган. Диний-маънавий тарбия бўлмагани туфайли бой-зодагон оилаларнинг баъзи аъзолари «тўқликка шўхлик» қилишларидан намуналар келтирилган.
Улуғ пайғамбарлар – Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссаломларнинг сулоласи бўлмиш ёш ва гўзал йигит Юсуф ўз акаларининг фитнасига учрайди. Акалари уни оталари Яъқуб алайҳиссаломдан қизғаниб, йўқотмоқчи бўладилар, маслаҳатлашиб, Юсуфни қудуққа ташлайдилар ва оталарига келиб: «Биз мусобақа қилиб, ўйнаб кетиб қолибмиз, Юсуфни бўри еб қўйибди», – дейдилар. Юсуф эса ночор ҳолда қудуқда ўтирибди. Лекин у келажакда эришадиган олий мартабалари учун синов кунларини ўтамоқда, баъзи тажрибаларни бошидан кечирмоқда, холос. Ҳамма ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ уни қутқариш йўлини ҳам Ўзи яхши билади. Ана, йўловчилар сув олиб келиш учун сувчиларини қудуқ томон йўлладилар. Биттаси челагини сувга ташламоқчи эди, қараса, қудуқ ичида чиройли бир йигит ўтирибди. Уни қудуқдан чиқариб олишди ва қул қилиб сотишди. Ҳа, улкан пайғамбарларнинг фарзандини, бўлажак пайғамбарни қул қилиб сотишди. Баҳосига унча қизиқишмади ҳам. Ё Аллоҳ, бу нақадар даҳшат! Лекин ҳакийм сифатли Зот ҳамма ишни ҳикмат ила амалга оширади. Юсуфнинг ҳозирча қул бўлиб сотилишининг ҳам ҳикмати бор, бу иш келажакда илоҳий ироданинг юзага чиқиши сари бир поғонадир.
Уни сотиб олган кимса оддий одам эмас, Мисрдек катта юртнинг Азизи – бош вазири бўлган бир кишисидир. У одам Юсуфдаги одоб, ахлоқ, олийжаноблик, юқори савиядаги тарбия ва бошқа яхши хулқларни кўриб, ёқтириб қолди. Аҳли байтига «Бунга яхши қаранглар, эҳтимол, ўғил қилиб олармиз», – деб тайинлади. Аллоҳ таоло Ўз тадбири ила Юсуфни қудуқдан ва қулликдан қутқариб, Миср бош вазирининг қасрига, қароргоҳига олиб келди ва уни алоҳида эътиборга сазовор этди. Аммо бу ерда ҳам Юсуфни имтиҳон, ниҳоятда катта имтиҳон – фитна кутар эди. Бойлик, айшу ишрат, ҳойи-ҳавас ичида яшаб ўрганган Азизнинг хотини ёш ва гўзал Юсуфга ошиқ бўлиб қолди. Ошиқ бўлганда ҳам, ашаддий ошиқ бўлди. Бирдан-бир нияти Юсуфга эришиш бўлиб қолди. Тўқликка шўхлик, деб шуни айтадилар-да! Лекин тарбия кўрган комил бир эркак бўлиш билан бирга, Роббидан қўрқишни-да ўрнига қўядиган, ҳаромдан ҳазар қиладиган Юсуф бу имтиҳон-синовдан ҳам муваффақиятли ўтди. Азизнинг хотинининг ҳаром хоҳиши амалга ошишига восита бўлмади. Балки ундан, унинг сиймосидаги хиёнатдан, фаҳш ишдан, ҳаромдан қочди. Лекин бу ҳолда ҳам яна туҳматга учради. Яна синов, яна имтиҳон, яна мусибат ва яна кулфат. Уларнинг бу ҳолатлари устига кириб қолган эрини кўриши биланоқ хотин Юсуфга туҳмат тошларини ота бошлади. «У сенинг аҳлингга тажовуз қилмоқчи бўлди, уни ҳибсга ол ёки аламли азоб бер!» – дея даъво қилди. Лекин даъвони исбот қилиш керак эди. Текшириш жараёнида ашёвий далиллар хотиннинг зиддига, Юсуфнинг фойдасига бўлиб чиқди. Эр хотинининг макр қилганини тушунди. Хотинларнинг макри зўр эканини яна бир бор англаб етди.
Бўлиб ўтган воқеа ҳақида шаҳар аёллари ўртасида турли миш-мишлар тарқалди. Улар Азизнинг хотинини маломат қила бошладилар. Бу миш-мишларни эшитган Азизнинг хотини сергап аёллардан қасос олмоқчи бўлди. Уларни зиёфатга чақирди. Ҳаммаларига таом улашиб, қўлларига биттадан пичоқ берди. Юсуфга уларнинг олдига чиқишни буюрди. Юсуф уларнинг ҳузурига чиққанда, меҳмон аёллар унинг ҳуснига маҳлиё бўлиб қолишди, таомни кесаман деб, қўлларини кесавердилар ва: «Бу башар эмас, малак экан-ку!» – дейишди. Юсуфнинг ошиқлари кўпайди. Энди аввалгидан ҳам каттароқ балога, синовга, имтиҳонга йўлиқди. Охири Аллоҳ ҳаром қилган йўлга юришдан кўра ҳибсда ўтиришни афзал кўрди. Қамоқ ҳам унинг учун синов, имтиҳон ва келажакка тайёргарлик босқичи бўлди. У ерда ҳам Аллоҳнинг динига даъват қилишни давом эттирди. Қамоқдагилар унинг фазли, илми, ахлоқ-одобини кўриб, ундан ҳатто тушларининг таъбирини сўрайдиган бўлдилар. Аллоҳ берган илм асосида тушга таъбир айтар экан, Юсуф даъват ишларини ҳам олиб борди. Ва келажакда бўладиган ишларнинг эҳтиётини қилиб, нажот топиб чиқиши умид этилган кишига гап тайинлади. Бир қанча муддат ўтиб, худди кутганидек бўлиб чиқди. Туши ўнгидан келиб, қамоқдан чиққан одам подшоҳнинг тушини таъбир қилиш қийинлашиб қолганда, Юсуфни эслаб қолди ва подшоҳга уни эслатди. Қамоқдан чиққан Юсуфнинг таъбири, илми, тадбиркорлиги подшоҳга ёқиб қолди ва уни ўзига вазир қилиб олди.
Асосий имтиҳон ва синов энди бошланди. Ўлдириш учун қудуққа ташланган, қул қилиб сотилган, туҳматга учраб, қамалган Юсуф алайҳиссалом Мисрдек катта юртга вазир бўлдилар. Вазир бўлганда ҳам, энг қийин вақтда – бир неча йил очарчилик ҳукм суриб, одамларни озиқ-овқат билан таъминлаш оғирлашган ва бошқа нозик ишларни амалга ошириш зарурати туғилган вақтда бўлдилар.
Очарчилик фақатгина Мисрга кирмаган эди. Бошқа юртларда, жумладан, Юсуф алайҳиссаломнинг она юртларида ҳам ўз ҳукмини ўтказарди. Шунинг учун ҳам Юсуф алайҳиссаломнинг акалари Мисрдаги муваффақиятли иқтисодий ҳолатдан хабар топиб, нажот излаб келдилар. Вазирга таҳсинлар айтиб, ёрдам сўрашди. Лекин улар бу вазир ўзлари бир пайтлар қудуққа ташлаган укалари Юсуф эканини билмадилар. Юсуф алайҳиссалом эса уларни дарҳол танидилар ва яхши муомалада бўлдилар. Янаги сафар келишларида уйда қолган укаларини ҳам бирга олиб келсалар, бир туя қўшимча озиқ-овқат олиб кетишлари мумкинлигини айтдилар. Акалари қайтиб бориб, оталари Яъқуб алайҳиссаломга бўлган ҳодисаларни гапириб бердилар ва келгуси сафар кичик укаларини қўшиб беришини сўрадилар. Аммо фарзанд доғи ҳамон қалбини ўртаётган ота «Юсуфни сизга ишониб топшириб, панд еганман, энди укасини ҳам сўрайсизларми?» – деди. Узоқ тортишувлардан кейин аҳду паймон олиб, кичик ўғлини ҳам акаларига қўшиб берди. Миср вазири – Юсуф алайҳиссалом тадбир ишлатиб, укаларини ўзлари билан бирга олиб қолдилар. Яъқуб алайҳиссаломнинг дардларига дард қўшилди. Лекин бу вақтинчалик эди. Олдиндаги катта хурсандчиликка «дебоча» эди.
Ниҳоят, Юсуф алайҳиссалом ўзларининг ким эканликларини ошкор қилдилар. Акаларига ота-оналарини ҳам олиб келишни тайинладилар. Шундай бўлди ҳам. Ҳаммалари – ота-она ва ўн бир ўғил Миср вазири Юсуф алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб, эҳтиромларини билдирдилар. Ул зотнинг ёшликда кўрган тушлари ўнгидан келди.
Қиссанинг сўнгида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.
Юсуф алайҳиссалом қиссасининг мухтасар баёни шундан иборат. Бу қиссада хаёлий гаплар йўқ, лирик чекинишлар ҳам, ўқувчиларни қизиқтириш учун тўқилган ёлғонлар ҳам йўқ. Зеро, бу Аллоҳнинг ваҳий қилиб юборган Қуръонидир. Бу қиссани ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодат. Бошидан охиригача ибрат, ваъз-насиҳат. Келинг, Қуръони Каримда бу қисса қандай ҳикоя қилинганини ўрганиб чиқайлик.