1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ҳаж сураси -

Мадинада нозил бўлган. 78 оятдан иборат.

Ушбу сураи карима ҳам ўзга маданий суралар каби шариат ҳукмлари ҳақида сўз юритади. Шу билан бирга, унда маккий сураларга хос хусусиятлар ҳам яққол кўзга ташланади. Иймон, тавҳид, таҳдид, огоҳлантириш, қайта тирилиш, мукофот ва жазо масалалари муолажа қилинади.

Сураи карима Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлиб, ҳажга даъват қилганларининг хабарини бергани учун ҳам «Ҳаж» деб аталган. Айни чоғда, унда ҳаж ибодатига оид масалалар ҳам баён қилинади.

Бу сура Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин жорий этилган шаръий ҳукмлар ҳақида сўз юритади. Жумладан, иймон-эътиқодни, дину диёнатни ҳимоя қилиб, душманлар билан урушиш, Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқиш каби масалаларга тўхталади.

Ҳаж сурасининг аввалида қиёмат қоим бўлишидан олдин рўй берадиган қаттиқ зилзила қалбларни ларзага солиши, ақлларни бошдан учириши, инсоннинг хаёлини паришон қилиши, ҳатто эмизикли аёллар болаларини ҳам унутиб юборишлари, ҳомиладорлар ҳомиласини ташлаб қўйиши ва бошқа ҳолатлар ажойиб услубда тасвирланади.

Сўнгра қайта тирилиш, савол-жавоб, жазо ва мукофот ҳақида сўз кетади. Ким яхшилик қилган бўлса, яхшиликка эришиши, ёмонлик қилган бўлса, ёмонликка етишиши баён этилади.

Шунингдек, сурада қиёмат манзаралари ҳам чизилади. Яхши кишиларнинг жаннати наъимдаги, ёмон кишиларнинг эса дўзахи жаҳиймдаги ҳолатлари васф этилади.

Ундан кейин урушга изн берилишининг ҳикматлари баён қилинади. Зулм ва туғён туфайли вайронага айланган шаҳар-қишлоқлар ҳақида сўз боради. Сабр қилганларнинг оқибати гўзал бўлиши уқтирилади.

Суранинг охирида эса мушрикларнинг бут-санамларга ибодат қилишлари нотўғри экани, улар ҳаммаси тўпланиб, битта пашша ҳам ярата олмасликлари таъкидланади. Ва, ниҳоят, мўминларга нидо йўлланиб, Роббларига ибодат қилишга, Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқишга, ақийда йўлида курашишга чақирилади.