1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ҳадид сураси -

Мадинада нозил бўлган. 29 оятдан иборат.

Бу сураи кариманинг номи ўзидаги «Ва темирни туширдик – унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор» деган оятдан олингандир. Темир араб тилида «ҳадид» дейилади.

Ҳадид сураси шариат ҳукмлари билан бирга, мўминлар жамиятини тарбиялашга, соф ақийда асосида мусулмон шахсни вояга етказишга эътибор беради.

Суранинг учта асосий мавзуси бордир:

1. Борлиқнинг барчаси Аллоҳники: уни У Зотнинг Ўзи яратган ва Ўзи қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади.

2. Аллоҳнинг дини йўлида мол ва жонни фидо қилиш; ҳақиқий мўмин билан мунофиқ ўртасида фарқ бўлиши.

3. Бу дунё ҳойи-ҳавасининг алдамчи экани, мўмин киши охиратни обод қилиш учун Аллоҳнинг розилигини топишга ҳаракат қилмоғи лозимлиги.

Суранинг аввалида Аллоҳнинг улуғлиги, Унга борлиқдаги барча нарса – инсон, ҳайвон, дарахт ва бошқалар тасбеҳ айтиши ҳақида сўз кетади.

Аллоҳ таолонинг гўзал сифатлари, муқаддас исмлари эслатилади.

Сўнгра мўминлар дин йўлида, Аллоҳнинг розилиги учун молу жонни сарфлашга даъват қилинадилар. Мўминлар, мол-дунё Аллоҳники, инсоннинг қўлига у омонат сифатида қўйилган, деб эътиқод қилишлари лозимлиги уқтирилади. Ҳамда мўминлардан молу пул сарфлаб, Аллоҳнинг розилигини топишдан, ҳақиқий комил иймонга эришишдан уларни нима тўсаётгани сўралади.

Ундан сўнг мўминлар билан мунофиқлар таққослаб кўрилади. Мўминларнинг йўлларини олдиларида ва ўнг тарафларида нур ёритиб кетиши, мунофиқлар эса қоронғи зулматда қолиб, йўл топа олмасликлари уқтирилади.

Кейинги оятлар дунё билан охиратнинг ҳақиқатини жуда нозиклик билан тасвирлайди. Дунё тезда қурийдиган хашакка ўхшатилади. Охират эса боқийлик, абадийлик диёри бўлиб, инсон Аллоҳнинг розилигига эришишга уриниши лозим экани таъкидланади.

Шунингдек, сурада пайғамбарларни юборишдан мақсад Аллоҳга даъват қилиш, ҳақиқат ва адолат ўрнатиш экани таъкидланади.

Суранинг охирида пайғамбарларга иймон келтиришга ва Аллоҳга тақво қилишга даъват қилинади.