1446 йил 3 жумадис сони | 2024 йил 05 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Фуссилат сураси -

Маккада нозил бўлган. 54 оятдан иборат.

Бу сураи каримага ўзидаги учинчи оятнинг «Китаабун фуссилат аятуҳу» жумласидаги «фуссилат» сўзи ном қилиб олинган. «Фуссилат» сўзи «муфассал баён қилинган» деган маънони англатади. Бу маъно Қуръони Карим оятларига берилган илоҳий васфдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бу сураси оятларида Ўзининг Биру Борлигига, чексиз қудратига, улуғлигига, яратувчилигига ҳужжат ва далилларни батафсил баён қилгандир.

Сурада Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти, оламларни яратиши, пайғамбарлик, қайта тирилиш ва жазолашу, мукофотлаш ҳақида ҳам сўз кетади.

Фуссилат сурасининг бошида Қуръони Каримнинг Роҳману Роҳийм бўлган Зот томонидан нозил қилинганлиги, арабий тилда экани ва бошқа васфларига эътибор тортилади.

Шу билан бирга, мушрикларнинг бу Китобга нисбатан муносабатлари ҳам кўрсатилади.

Кейин ваҳий, пайғамбарлик ва пайғамбарнинг кимлиги ҳақида сўз кетади.

Осмону ернинг яратилиш қиссаси, Од ва Самуд қавмларининг қиссалари зикр этилади. Улар қанчалик куч-қудратга эга қавмлар бўлишларига қарамай, куфрлари туфайли ҳалокатга учраганлари ҳикоя қилинади. Уларнинг охиратда тортадиган азоблари эслатиб ўтилади.

Жиноятчи қавмлар ҳақидаги оятлардан кейин Аллоҳнинг дини ва Унинг шариатида собитқадам мўмин зотлар, уларни Аллоҳ таоло иззат-икромлар ила мукофотлаши ҳақида сўз кетади.

Кейин эса кеча ва кундуз, қуёш ва ой, ибодат қилувчи фаришталар, итоаткор ер каби борлиқдаги Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, чексиз қудратига, мудаббирлигига ва бошқа баркамол сифатларига белги-аломат бўлган нарсалар баён этилади. Шунингдек, ўша оят ва белгиларни инкор қилувчилар борасида гап боради.

Қуръони Карим ҳақида ҳам мавзуга мос оятлар келади. Ибрат олиш учун Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган китоб ва қавмларининг унга муносабати эсга олинади.

Сўнгра қиёмат ва уни билиш Аллоҳ таолонинг ягона Ўзига хос экани айтилади. Кофирларнинг қиёмат куни саволга тутилишлари, инсоннинг ўзгарувчанлиги, қийин ҳолга тушганда аслига қайтиб, омонлик пайтида яна ўзларига зулм қилиб, куфр йўлига ўтишлари тавсифланади.

Суранинг охирида Аллоҳ таоло охири замонда одамларга борлиқнинг баъзи сирларини кашф қилиб бериши ҳақида ваъда келади.

Фуссилат сураси «Ҳа мим» билан бошланувчи еттита суранинг иккинчисидир. Улар «Ҳа мимлар» деб ҳам аталади.

Улуғ саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Ҳа мим» оиласи Қуръоннинг дебочасидир», – деганлар.

«Ислом умматининг илм денгизи» ва «Қуръон таржимони» номларини олган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса «Ҳар бир нарсанинг юраги бордир. Қуръоннинг юраги «Ҳа мим» оиласидир», – деганлар.

Дарҳақиқат, ушбу сураларда тавҳидга жуда кучли далиллар бор. Улар тезда инсон қалбини эгаллаб олади.