1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Фурқон сураси -

Маккада нозил бўлган. 77 оятдан иборат.

Сураи каримага унинг биринчи оятида келган «фурқон» сўзи ном қилиб олинган. «Фурқон» сўзи луғатда «ажратувчи», «фарқловчи» деган маъноларни англатади. Шунингдек, у Қуръони Каримнинг исмларидан бири саналади. Чунки Қуръон ҳақ билан ботилни, ҳидоят билан залолатни, тўғри билан нотўғрини фарқловчи, ажратувчидир.

Маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларининг илк даврида – Ислом даъватининг аввалида кофир ва мушрикларнинг қаттиқ тазйиқига учраганлар, кўплаб озор чекканлар, турли иғвою бўҳтонлар эшитганлар. Ул зотнинг ўзларига, у кишига нозил бўлаётган Қуръонга, Ислом динига, қолаверса, Аллоҳ таолога нисбатан ҳам беҳисоб камситувчи гаплар, ҳар хил масхараомуз таклифлар айтилган. Табиийки, бундай ҳолатлар ҳадеб такрорланаверганидан кейин жонга тегиши мумкин, шунинг учун Аллоҳ таоло доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериб, уларга эътибор бермасликка чақириб келган.

Ушбу Фурқон сурасида аввалидан охиригача Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушриклар билан бўлаётган қарама-қаршиликларида у зотни қўллаш, у зотга тасалли бериш, қалбларини тинчлантириш каби жиҳатларга аҳамият берилади.

Фурқон сураси бандасига Қуръони Каримни нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиш, Уни улуғлаш билан бошланади. У Зот осмонлару ердаги нарсаларнинг эгаси экани, боласи ҳам, шериги ҳам йўқлиги, ҳар бир нарсани ўлчов билан яратганлиги таъкидланади. Шунга ҳам қарамасдан, мушрикларнинг Аллоҳни қўйиб, ўзларига сохта худолар тутгани эслатилади. Уларнинг Қуръони Каримга таъна тошлари отиб, унга нисбатан турли бўлмағур гаплар айтгани билдирилади ва ўша гаплардан мисоллар келтирилади. Улар гоҳида Қуръонни «ўтганларнинг афсоналари», дейдилар, гоҳида «бошқалар ёрдамида Муҳаммад ўзи тўқиб олган нарса», дейдилар. Бошқа бир гал эса «Қуръон сеҳрдир», дейдилар. Аллоҳ таоло уларнинг бу мантиқсиз даъволарига бирма-бир ишончли ва қониқарли раддиялар беради.

Аллоҳ таолонинг Қуръон ҳақида мушрикларнинг гап-сўзларини оят қилиб нозил қилишининг ўзи катта гап. Бу ҳол У Зотнинг ҳар бир нарсадан хабардор эканини билдириши билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ва у кишига эргашган оз сонли мусулмонлар учун катта маънавий мадад ҳамдир.

Кейин мушрикларнинг пайғамбарлик ҳақидаги дийдиёлари келтирилади. Улар «Пайғамбар инсонлардан эмас, малакдан бўлиши керак» ёки бўлмаса, «Пайғамбар бой-бадавлат, казо-казолардан бўлиши керак» каби гапларни айтишар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу даъволарига ҳам раддиялар беради.

Сўнгра қиёмат ва унинг манзаралари эслатилиб, кофир ва мушриклар қўрқитилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эса тасалли берилади, олдинги ўтган барча пайғамбарлар ҳам у киши соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш одамлар бўлгани айтилади.

Мушрикларнинг мантиқсиз гапларини муолажа қила бориб, уларнинг «Бизга фаришталар туширилса ёки Роббимизни кўрсак эди» деган гаплари ҳам баҳс этилади. Унда фаришталар тушадиган кун қиёмат куни бўлиши баён қилинади. Шунингдек, мушрикларнинг «Қуръон бир жумла шаклида, тўп ҳолатда тушса эди» деган гаплари ҳам муҳокама этилади. Яна қиёматнинг кўринишлари, унда бўладиган ҳодисалар баён қилинади. Ўтган умматлар ва уларнинг оқибатлари нима бўлгани, хусусан, Мусо, Нуҳ, Од, Самуд, Лут қавмлари тилга олинади.

Фурқон сурасида борлиқдаги табиий жараёнлар, инсоннинг сувдан яратилиши каби, Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз эканига далолат қилувчи оятлар ҳам келтирилган. Аммо булардан ўрнак олмаган одамларнинг Аллоҳ таолога ширк келтиришлари эслатиб ўтилган.

Сураи кариманинг охирида Роҳман сифатли Аллоҳнинг ҳақиқий бандаларининг сифатлари санаб ўтилган.