1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Фотир сураси -

Маккада нозил бўлган. 45 оятдан иборат.

«Фотир» сўзи сураи каримада Аллоҳ таолонинг сифати бўлиб келган. Бу сўз «йўқдан бор қилувчи», «илк яратувчи», «ажойиб ижодкор» деган маъноларни англатади. Аллоҳ таолонинг ушбу сурага ном бўлиб қолган «Фотир» сифати сураи шарифа оятларида зикр қилинган ва ўз ифодасини топгандир.

Ушбу сураи кариманинг иккинчи номи «Малааика»дир. Бу сўзнинг маъноси «фаришталар» деганидир. «Малааика» сўзи ҳам худди «Фотир» сўзи каби, ушбу суранинг биринчи оятида зикр қилинган.

Бошқа маккий суралар каби, бу сурада ҳам Аллоҳ таолонинг биру борлиги, ҳар бир ишга қодирлиги ва фотирлиги ҳақида сўз кетади. Шунингдек, ақийданинг бошқа бош масалалари, пайғамбарликнинг ҳақлиги, ширкнинг ботиллиги баён қилинади. Инсон ва жамиятни турли ботил урф-одат ва разолатлардан поклаш, Ислом ҳукмларини, одоб-ахлоқларини жорий қилиш ҳақида сўз юритилади.

Суранинг аввалида Аллоҳ таолонинг Фотир – ажойиб Холиқ экани, коинотни, фаришталар ва инсонлару жинларни йўқдан бор қилиб яратгани, қиёматда эса уларни яна қайта вужудга келтириши хусусида гапирилади. Шу билан бирга, атрофни ўраб турган борлиққа эътибор қаратилади. Ўлиб ётган ернинг қандай тирилиши, ундан экин-тикинлар, мева-чевалар чиқиши, кечаю кундузнинг бир-бири билан алмашиб туриши, инсоннинг яратилиши каби жараёнлар ҳақида баҳс юритилади.

Кейин мўмин инсон билан кофир ўртасида қанчалик фарқ борлиги уқдирилади. Улар зулмат ва нурга қиёсланади. Сел ва жазирама иссиққа ўхшатилади.

Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига, фотирлигига, холиқлигига далил ўлароқ, меваларнинг турли-туманлигига, шунингдек, одамлар, ҳайвонлар ва чорваларнинг хилма-хил бўлишига ишора қилинади. Айни чоғда, тоғу тошларнинг шакллари ҳам ҳар хиллиги айтиб ўтилади. Уларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг биру борлигига, улуғ ва қудратли эканига далил экани баён этилади.

Сўнгра уммати Муҳаммадия ҳақида, бу уммат энг шарафли диннинг меросхўри ва илоҳий китобларнинг мағзини қамраб олган сўнгги самовий Китоб соҳиби экани ҳақида сўз юритилади.

Сура охирида эса мушрикларнинг турли нарсаларга сиғинишлари қаттиқ танқид қилинади.