1446 йил 3 жумадис сони | 2024 йил 05 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Фил сураси -

Маккада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.

Фил сураси машҳур Фил воқеаси ҳақида сўз юритади. Бу қиссани ҳамма яхши биларди, ҳатто араблар ўз тарихларини ҳам ушбу ҳодиса бўлиб ўтган йил билан белгилашарди.

Қиссанинг мухтасари қуйидагича: Ҳабашистон (Эфиопия) Яманни босиб олгандан сўнг, Ҳабашистон подшоси Яманга Абриҳа Ашрам исмли шахсни ҳоким этиб тайинлади. Абриҳа барча ҳабашистонликлар қатори, насроний динида эди. У Яман пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга «Қалийс» деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб, ўз черковига ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққандан сўнг, ўз ниятига куч ишлатиш йўли билан эришмоқчи бўлди. Каъбани бузиб ташлаб, ҳаммани ўз черковига буришни қасд қилди. Шу мақсадда катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди, арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филларни ҳам олдига солиб, Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай, Тоиф шаҳри тарафдан Маккага яқинлашиб, аскари билан Миғлас деган жойга келиб тушди. Сўнгра Маккага одам юбориб, у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб, Қурайш қабиласи раҳбари, улуғи Абдулмуттолибни етаклаб келди. Абдулмуттолиб гавдали, хушбичим, серсавлат, виқорли одам эди.

Абриҳа уни кўриб, қойил қолди ва тахтидан тушиб, унга пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга:

Сўрагин-чи, менда нима ҳожати бор экан? – деди. Абдулмуттолиб:

– Аскарлар менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг, – деди. Абриҳа таржимонга:

– Унга айт! Келганингда сени кўриб, қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб, ҳафсалам пир бўлди, сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, ўзингнинг икки юзта туянгни сўраяпсан, – деди. Абдулмуттолиб:

– Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ҳам ўз эгаси бор, ҳимоя қилиб олади, – деди. Абриҳа:

– Мендан ҳимоя қилолмас, – деди. Абдулмуттолиб:

– Билганингни қилавер, – деди. Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмуттолиб Маккага қайтиб, одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва унинг ҳалқасини ушлаб туриб, илтижо ила дуо қилди. Сўнгра улар ҳам тоққа чиқиб кетишди.

Абриҳа аскару филларини тўплаб, Каъбани бузиш учун юрмоқчи бўлди. Лекин филлар ётиб олиб, ҳеч ўринларидан туришмади. Бошқа тарафга буришса, филлар тезлаб борди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверишди. Шу пайт Аллоҳ таолонинг иродаси билан тўп-тўп қушлар учиб келиб, душманлар устидан тош ташлай бошлади. У тошлар кимга тегса, ўша жойида ўлаверди. Аскар қирилди. Абриҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб, Санъогача олиб боришди ва у ўша ерда вафот этди.

Аллоҳ таоло бу сурада барчага Ўз қудратини ва мўъжизасини эслатмоқда. Кимки Аллоҳга, Унинг динига қарши чиқса, оқибати ана шундай аянчли бўлишини таъкидламоқда.