Маккада нозил бўлган. 54 оятдан иборат.
Бу сураи каримада Сабаъ (Яман) подшоҳлари қиссаси келгани учун у ушбу ном билан аталган.
Бошқа маккий суралар каби, бунда ҳам асосан ақийда, иймон-эътиқод масаласи муолажа қилинади. Хусусан, Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти, ваҳийси, иймон ва ўлгандан кейин тирилиш ҳақ эканига ишонч масалаларига алоҳида эътибор берилади.
Сура Аллоҳ таолога ҳамду сано ва мақтовлар ҳамда Унинг баркамол сифатларининг тавсифи билан бошланади. Сўнгра мушрикларнинг охиратни, ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этишлари зикр этилиб, уларнинг шак ва шубҳаларига яраша жавоб қайтарилади.
Кейин эса Довуд алайҳиссаломнинг ва у кишининг ўғиллари Сулаймон алайҳиссаломнинг қиссалари келади. Аллоҳ таолонинг неъматларига улар қандай шукр келтирганликлари ва оқибатда Аллоҳнинг марҳаматига эришганликлари баён қилинади.
Бунга муқобил, сабаъликларнинг Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилмасдан, манманликка берилганлари оқибатида қандай кунларга дучор бўлганлари айтилади.
Шунингдек, сурада мушрикларнинг Аллоҳ таолога ширк келтиришлари баён қилиниб, бу улкан зулмларининг моҳияти ҳужжат ва далиллар билан фош этилади.
Кейин ваҳий ва пайғамбарлик мавзусига ўтилади. Одамларнинг бу икки муҳим масалага муносабатлари муолажа қилинади. Кофир ва мушрикларнинг шак-шубҳаларига қарши ҳужжат ва далиллар келтирилади.