1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Рум сураси -

Маккада нозил бўлган. 60 оятдан иборат.

Бу сураи кариманинг бошида Румнинг ғалабаси ҳақида башорат келади. Сура «Рум» деб номланишининг боиси шундан. Рум машҳур давлат ва катта императорликнинг номи бўлиб, ҳозирги ўзбек тилида «Рим» шаклида қўлланилади.

Мусулмонлар билан мушриклар орасидаги зиддият ҳаётнинг турли жабҳасида кенг тарқалган эди. Душманликка одатланиб қолган мушриклар мусулмонларга озор бериш учун ҳар бир фурсатдан фойдаланардилар. Ўша вақтнинг икки етакчи давлати бўлмиш Рум ва Форс императорликлари орасида ўзаро тортишув, уруш-жанжал тинимсиз давом этарди. Уларнинг бу тортишувларини араблар ҳам кузатиб турар ва ўзларича тарафдорлик ҳам қилар эдилар. Румликлар аҳли китоб бўлганлари сабабли, мусулмонлар улар тараф бўлдилар. Мажусий форсликларга эса динлари ўхшаш бўлган мушриклар тарафдорлик қилишди.

Ўша пайтдаги урушларнинг бирида Форс ғолиб келди. Бундан мушриклар чексиз хурсанд бўлдилар ва «Яқинда биз ҳам мусулмонларни албатта енгажакмиз», деб гапира бошладилар. Аҳли китоб бўлмиш румликларнинг мағлубияти мусулмонларни қаттиқ хафа қилди.

Шунда Аллоҳ таоло Рум сурасининг аввалги оятларини индириб, румликлар саноқли йиллар ичида ғалабага эришажаклари ва бундан мўминлар хурсанд бўлишлари ҳақида башорат берди. Бу башорат Қуръон мўъжизаларидан эди.

Суранинг давомида иймон ва куфр орасидаги кураш мавзуси ривожланиб боради. Қадимдан ҳақ ва ботил ўртасидаги курашда иймон томони ғолиб келаётгани, бундан кейин ҳам шундай бўлиши ҳақида хабарлар берилади. Бу ишда Аллоҳнинг ягоналигига, пайғамбарликка, ўлгандан кейин қайта тирилишга ва ҳар кимга жазо ёки мукофот берилишига иймон келтириш муҳим ўрин тутиши уқтирилади.

Сурада иймон ва куфр аҳли орасидаги курашда иймон аҳлининг ғалаба қозониши аниқ экани билан бирга, уларнинг охиратда ҳам нажотга, улкан ютуққа эришишлари алоҳида таъкидланади. Шунингдек, бу дунёда мағлуб бўлган куфр аҳлининг у дунёда ҳам ёмон оқибатга дучор бўлиб, дўзах азобини тортишлари муқаррар экани баён қилинади.

Рум сурасида Аллоҳнинг ваҳдониятига ва чексиз қудратига далолат қилувчи борлиқдаги мавжудотлар ва ғайбий далиллар ҳақида ҳам сўз юритилади. Аллоҳ таолога ибодат қилувчилар билан бут-санамларга сиғинувчилар орасидаги фарқ мисоллар билан тушунтирилади.

Сураи кариманинг сўнгида илоҳий оятлар ва огоҳлантиришлардан ибрат олмаётган Қурайш кофирлари ҳақида сўз юритилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга тасалли берилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларининг бешинчи йили (милодий 613 йил) Рум ва Форс императорликлари орасида жуда катта қонли уруш рўй берди. Ўша пайтда Форсга Хусрав II, Румга Ҳеракл подшоҳлик қилишарди. Бу икки давлатнинг ўзига яраша ерлари, аскарий куч-қувватлари бор эди. Ўша даврда Фаластин, Сурия, Миср, Ироқнинг бир қисми ва Кичик Осиё Румга тобе эди. Мазкур урушда форсликлар Румга икки томондан ҳужум қилдилар. Дажла ва Фурот дарёлари бўйлаб Сурия ерларига, Озарбайжон ва Арманистон тарафдан Кичик Осиёга бостириб кирдилар. Форс лашкарлари Рум кучларини икки жабҳада ҳам енгиб, денгизгача таъқиб этиб бордилар. Улар Суриядаги насороларнинг барча муқаддас шаҳарларини эгалладилар. Милодий 614 йили бутун Фаластинни, жумладан, Қуддусни ҳам қўлга олдилар. Уруш давомида барча канисалар йиқитилди, диний бинолар хароб этилди. Форсликлар йигирма олти минг нафар яҳудийни ва олтмиш мингдан зиёд христианни қиличдан ўтказдилар. Форс подшоҳи саройига ўлдирилган одамлардан ўттиз мингининг каллалари келтирилди.

Уруш ҳаракатлари Мисрга ҳам етиб борди. Милодий 616 йили форсликлар Нил водийсини ишғол этдилар. Сўнгра Искандарияга юриш қилдилар. Бошқа томондан эса бутун Кичик Осиёни қўлга киритиб, ўша пайтдаги Рум пойтахти Кустантанияга (Константинополга), унинг олдидаги бўғозга етиб келдилар. Форсликлар қаерни босиб олсалар, ўша ерда оташпарастлик ибодатхонасини қурар ва шу йўл билан христианликнинг ўрнига оташпарастликни жорий қилар эдилар. Бу катта мағлубиятдан сўнг Рум императорлигига қарашли бир қанча вилоят ва ўлкаларда марказий давлатга қарши исён кўтарилди. Африқо ва Европадаги бир қанча ўлкалар, ҳатто пойтахтга қўшни бўлган баъзи ўлкалар ҳам империя қарамоғидан чиққанларини эълон қилди. Қисқаси, шарқий Рум императорлиги парчаланди. Лашкар тарқалиб кетди. Хазина бўшаб қолди. Император Ҳеракл пойтахтни тарк этиб, Қартажага қочди. Ғалабадан сархуш бўлган форсликлар бир қанча шартларни қўйдилар. Император форсликларга, жумладан, минг юк тилла, минг юк кумуш, минг юк ипак, мингта от, мингта аёл бериши шарт эди. Рум императорлиги бу талабларнинг ҳаммасини сўзсиз қабул қилди. Ўзаро шартнома имзоланди.

Румликларнинг вакиллари тўловларни тўлашга розиликларини билдириш учун Хусравнинг олдига кирганларида, у:

«Бу етарли эмас, Император Ҳераклнинг ўзи занжирбанд ҳолда келиб, хочга осилган худосини қўйиб, оташга ва қуёшга топинишини истайман», – деди.

Хуллас, румликларнинг мағлубиятини эшитган Макка мушриклари чексиз қувондилар ва мусулмонларга: «Сиз ва румликлар аҳли китобсизлар, биз ва форсликлар аҳли китоб эмасмиз, бизнинг шерикларимиз сизнинг шерикларингизни енгди, энди биз ҳам сизларни енгамиз», – дедилар.

Ана шунда Аллоҳ таоло Рум сурасининг аввалги оятларини нозил қилди.