1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Намл сураси -

Маккада нозил бўлган. 93 оятдан иборат.

Сураи каримада намл (чумоли) ҳақида ҳам сўз кетгани учун у шу ном билан аталган.

Бир тарафдан, бу нарса, яъни Қуръони Каримдек илоҳий дастур бўлмиш китобдаги бутун бошли бир суранинг «Чумоли сураси» деб номланиши ҳайвонот оламига эътиборни тортишдир. Ҳайвонот ҳам ўзига яраша бир олам бўлиб, улар ҳам инсонларга ўхшаш умматлар экани, уларга эътибор бериш, уларни ўрганиш зарурлиги сура ичидаги оятлардан фаҳмлаб олинади. Айниқса, ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом қиссаларида бу нарса алоҳида бўртиб туради.

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, Намл сураси бевосита Шуаро сурасидан кейин нозил бўлган. Демак, икки сура бир-бирига яқин шароитда нозил бўлган. Шунинг учун ҳам уларнинг услубларида ўхшашлик, бир-бирига яқинлик бўлиши турган гап.

Бошқа маккий суралар каби, Намл сурасининг ҳам асосий мавзуси ақийда масаласидир. Сурада Аллоҳга ва охиратга иймон келтириш, фақат Яратганнинг Ўзигагина ибодат қилиш, у дунёда мукофот ёки жазога йўлиқишини назарда тутиб амал қилиш, ваҳийга ишониш, ғайбни фақат Аллоҳ таологина билишига таслим бўлиш, Аллоҳнинг яратувчи, ризқ берувчи эканига иймон келтириб, Унга шукр қилиш каби масалалар ёритилади.

Орада ушбу масалаларни чуқурроқ ёритиш учун ўтган умматларнинг қиссалари ҳам келтирилади. Уларда асосан мўминларнинг оқибати нима бўлган-у, кофирларники нима бўлганига алоҳида эътибор берилади.

Аввало, Мусо алайҳиссалом ва Фиръавнларнинг қиссалари келади. Довуд алайҳиссалом ҳам бир эслаб ўтилади, сўнгра Сулаймон алайҳиссалом ва Сабаъ маликаси қиссалари батафсил ёритилади.

Кейин Солиҳ алайҳиссалом ва Самуд қавми қиссаси келади. Охирида Лут алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари ҳақида сўз юритилади. Албатта, бу қиссалар суранинг сиёқига мос равишда, янги қирралари кўрсатилган ҳолда ҳикоя қилинади.

Сўнгра Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига далил ва ҳужжатлар, яратган махлуқотларидаги ажойиб хислатлар саналади. Қиёмат куни ва ундаги баъзи даҳшатли, қўрқинчли манзаралар баён этилади.

Суранинг охирида Аллоҳга ибодат қилишга, мусулмон бўлишга, Қуръон ҳидоятида юришга, Аллоҳнинг кўрсатган оят-белгиларидан ибрат олишга чақирилади.

Ўтган Шуаро сурасида Аллоҳ таолонинг «Роббул оламин» (Оламларнинг Робби – Тарбиячиси) деган сифати алоҳида бўрттириб кўрсатилган, кўпгина оятлар айнан ўша сифат атрофида фикр юритган эди. Намл сурасида эса Аллоҳ таолонинг «олимлик» сифатига – ҳамма нарсани билишига ва бу билишининг турли кўринишларда зоҳир бўлишига эътибор тортилади.