1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Нозиъот сураси -

Маккада нозил бўлган. 46 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг исми ўзининг биринчи сўзидан олингандир. «Наазиъаат» сўзи луғатда «суғуриб олувчилар» деган маънони билдиради. Ушбу оятда эса бу сўз нимани англатиши ҳақида уламолар турли баҳс қилган бўлсалар ҳам, «Ғолиб фикр «Жонни суғуриб олувчи фаришталар» деган маънодир», – дейдилар. Бинобарин, суранинг кейинги тўрт оятида ҳам турли ишларни бажарувчи фаришталар билан қасам ичилган.

Нозиъот сураси маккий суралардан бўлиб, худди бошқа маккий суралар каби ақийда, ваҳдоният, пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш ва жазо масалаларини муолажа қилади. Суранинг асосий мавзуси қиёмат ва унинг сифатлари, тақводорларнинг оқибати-ю, жиноятчи кофир-осийларнинг қисматидир.

Сураи карима беш тоифа фаришталар: кофирларнинг жонини шиддат ила суғуриб олувчилар, мўминларнинг жонини лутф билан суғуриб олувчилар, булут каби сузиб юрувчилар, яхшиликда кимўзарга мусобақа қилувчилар ва ишларнинг тадбирини қилувчилар билан қасам ичиш ила бошланади.

Сўнгра мушриклар, қайта тирилиш ва тўпланишни инкор қилувчилар ва уларнинг қиёмат кунидаги ҳоллари ҳақида сўз юритилади.

Кейин эса Фиръавн қиссаси келтирилади.

Сўнгра сураи карима кофир ва мушрикларга хитоб этиб, уларга таҳдид қилади.

Ва, ниҳоят, қиёмат куни ҳақидаги оятлар билан сурага хотима ясалади.

Аввал айтганимиздек, бу сураи карима қасам билан бошланади.

Араб тилида қасам турли услублар билан бўлади: очиқ қасам ичиш маъносидаги сўзлар билан ёки қасам ҳарфлари, жумладан, «вов», «бе», «то» ҳарфлари билан. Қуръони Каримнинг бир қанча суралари қасам билан бошланган. Жумладан, Нозиъот сураси ҳам. Бу ҳолатда қасам лафзлари ишлатилмайди, балки қасам ҳарфларининг ўзи кифоя қилади. Масалан: «Ван-наазиъаати» – «Суғуриб олувчи билан қасам ичаман» дегани. Одатда бир гапни таъкидлаш учун, унга эътиборни жалб қилиш учун энг муҳим масалаларни баён қилишдан аввал қасам ичилади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарсалардан баъзиларининг номини қасамда тилга олиши ўша нарсаларнинг аҳамиятини яна ҳам оширади.

Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсаси билан қасам ичаверади, бу Ўзининг иши. Лекин бандаларнинг Аллоҳ таолодан бошқа билан қасам ичишга ҳаққлари йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган «Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳнинг номи билан ичсин, бўлмаса, жим турсин» деган ҳадиси шариф бор. Бир нарсани қиламан ёки қилмайман, деб қасам ичса, ўша ишни бажармоғи вожиб, агар бажара олмаса, каффорот тўлайди. Яхшиси, ҳар нарсага Аллоҳ таолонинг номини ишлатиб, қасам ичавермаслик маъқул.