1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Муъминун сураси -

Маккада нозил бўлган. 118 оятдан иборат.

«Муъминун» сўзи «мўмин» сўзининг кўплик шакли бўлиб, «мўминлар» деган маънони англатади. Ушбу номнинг ўзиёқ сурада мўминлар ҳақида алоҳида сўз кетишини билдириб турибди. Маълумки, Маккада нозил бўлган сураларда ақийда масалалари, тавҳид, пайғамбарлик, қиёмат, қайта тирилиш, бу дунё ҳаётида қилинган амалга қараб, жазо ёки мукофот олиш каби масалалар билан бирга, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» ахлоқиёти, яъни ушбу шаҳодат калимасини айтиб, мўмин бўлган кишиларнинг одоб-ахлоқи қандай бўлиши ҳақида ҳам сўз юритилган. «Муъминун» ана шу борада ўзига хос мавқега эга бўлган бир сурадир.

Сура муваффақиятга эришадиган мўминларнинг сифатларини келтириш билан бошланади. Сўнгра инсондаги ва борлиқдаги иймонга чорловчи далиллар эслатилади. Инсоннинг пайдо бўлишидан бошлаб, она қорнидаги ривожи, туғилиши, ўсиши ва умрининг охиригача бўлган ҳолати баён қилинади. Кейин эса умуминсоний ҳаётнинг қиёматгача давом этиш жараёни тилга олинади.

Булардан кейин борлиқдаги осмонларнинг яратилиши, сувнинг туширилиши, ўсимлик ва меваларнинг ўстирилиши, инсонга бўйсундириб берилган чорва ҳайвонлари ва одамлар учун улов вазифасини бажарувчи кемалар ҳамда ҳайвонлар хусусида гап кетади.

Шу билан бирга, иймон тақозо этадиган ягона ҳақиқат – «Фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш»га даъват масаласида ҳам батафсил гапирилади. Худди шу даъватни қилган пайғамбарлардан Нуҳ, Ҳуд, Мусо ва Ийсо алайҳимуссаломнинг қиссалари келтирилади. Ниҳоят, навбат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келади. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборганида мушриклар у кишини қанчалик қаршилик билан кутиб олганлари баён қилинади. Кофирларнинг эътирозларига жавоблар берилади.

Кейин эса охир-оқибатда пайғамбарлар ва уларга иймон келтирганлар доимо нажотга эришиб келганликлари таъкидланади.

Пайғамбарлар ҳақида баёнотлардан сўнг, одамларнинг улардан кейин ихтилоф қилиб, тафриқага тушишлари, дунё ҳаётига алданишлари баён этилади. Аммо шунда ҳам ҳақиқий мўминлар фитнага учмасдан, Аллоҳ таолодан қолмасдан, Унга ихлос билан ибодат қилишлари, доимо У Зотдан қўрқиб туришлари васф қилинади.

Кейин эса ғофил бандалар азобга йўлиққанларида қандай ҳолга тушишлари сўзланади.

Муъминун сурасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобан, ўзларини маълум ҳолатларда қандай тутишлари лозимлиги юзасидан кўрсатмалар берилади.

Суранинг охирида эса Аллоҳ таолони поклаб ёд этилади ҳамда кофирлар ҳеч қачон нажотга эриша олмасликлари таъкидланади. Инсон доимо Аллоҳ таолонинг раҳматини ва мағфиратини тилаб туриши лозимлиги уқтирилади.