1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Моида сураси -

Мадинада нозил бўлган. 120 оятдан иборат.

Ушбу сураи каримада моида (ясатилган дастурхон) ҳақида оятлар бўлиб, унинг номи шундан келиб чиққан. Ийсо алайҳиссаломнинг энг яқин сафдошлари (ҳаворийлари) у кишидан осмондан ясатилган бир дастурхон тушириб беришларини сўрайдилар. Ундан овқатланишни ва башорат олишни орзу қиладилар. Гарчи бу таклиф ноўринга ўхшаса ҳам, Аллоҳ таоло пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни қўллаб-қувватлаш, у зотнинг пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун талаб қилинган моидани туширди. Сурада моидага тегишли оятлар тўрттагина, холос.

Сураи кариманинг иккинчи номи «Уҳууд», яъни «Аҳдномалар»дир. Чунки унда сўз асосан турли шартнома – аҳдномалар ҳақида кетади. Маълумки, Қуръони Карим мусулмонларнинг илоҳий дастури бўлиб, у алоҳида мусулмонлар жамияти барпо этиш, янги бир умматни тарбиялаш, ушбу жамият аъзоларининг турли алоқаларини йўлга қўйиш учун Аллоҳ таоло томонидан нозил қилингандир. Албатта, мазкур алоқалар аввало Аллоҳ билан, қолаверса, бошқа жамиятлар, халқлар, динлар билан бўлади. Бу эса ўзига хос аҳдлашувларни тақозо этади. Сурада ана ўшандай шартномалар кенг маънода талқин қилингандир.

Шунингдек, бу сураи каримада ноисломий жамиятларнинг ақийда, муомала, шартномалар ва бошқа соҳалардаги хатолари танқид этилади. Мусулмонларга ўша хатоларни такрорламаслик уқтирилади, Ислом, дин тушунчаларининг ҳақиқати баён қилинади. Дунёда фақат Аллоҳнинг ҳукмигина жорий бўлиши шартлиги, ҳалол-ҳаром, тўғри-нотўғрини аниқлаш фақат Аллоҳнинг ҳаққи экани тушунтирилади.

Уламоларимиз Моида сурасида нидолар кўплигини ҳам мулоҳаза қилганлар. Бу сурада «Эй иймон келтирганлар!» нидоси ўн олти марта такрорланган. Набий алайҳиссаломга икки нидо, аҳли китобларга олти нидо келган. Ҳар бир нидодан кейинги маънолар ўзига хос шартномага айланган. Худди шу сабабдан ҳам сурага «Уҳууд» – «аҳдномалар сураси» деб иккинчи ном берилган. Аллоҳ таоло мусулмон умматидан, шунингдек, аҳли китоблардан (яҳудий ва насоролардан) олган аҳдномаларини ҳам эслатади.

Шу билан бирга, сурада тавҳид масаласи ҳам доимий равишда муолажа қилиб борилади. Ўтган умматларнинг бу муҳим масалада йўл қўйган хатолари эслатилади.

Сураи каримада турли шаръий ҳукмлар ҳам келган. Жумладан, ҳалол-ҳаром тўғрисидаги ҳукмлар, ҳайвонларни сўйиш, овлаш масалалари, Масжидул Ҳаромни ҳаж ёки умра қилиш давридаги эҳромга тегишли масалалар, никоҳдаги ҳалол ва ҳаром нарсалар, таҳорат ва намозга тегишли масалалар, шунингдек, қозилик қилиб ҳукм чиқаришда адолатли бўлишга даъват, ўғрилик, мусулмонлар жамоасига қарши чиқиш, ароқхўрлик, қиморбозлик, бутпарастлик, фолбинликка оид масалалар ҳал этилган. Ов ҳайвонларини нотўғри овлашнинг, қасам ва эҳромдаги хатоларнинг каффороти қандай бўлиши баён қилинади. Ушбу сурада ўлим пайтидаги васият ҳақида ҳам сўз кетади. Айни чоғда жоҳилиятнинг баъзи аҳкомлари танқид этилади, Тавротда келган баъзи ҳукмлар эсланади. Инжилда келган ҳукмлар ҳам тилга олинади ва энди ҳамма Қуръонда келган ҳукмларга амал қилиши лозимлиги таъкидланади. Ислом Аллоҳнинг мукаммал дини экани алоҳида уқтирилади. Яҳудийлар ва насоролар билан бўладиган алоқалар, уларнинг ўзига хос хусусиятлари баён қилинади.

Суранинг сўнгида ўқувчиларга барча аҳдномаю шартномалар такроран эслатилиб, уларга амал қилиндими-йўқми, ўйлаб кўриш таклиф этилади.