1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Марям сураси -

Маккада нозил бўлган. 98 оятдан иборат.

Ушбу сураи карима онамиз Биби Марям шарафларига «Марям» деб номланган бўлиб, сурада ул зотнинг ва зурриётлари Ийсо алайҳиссаломнинг қиссалари алоҳида зикр этилгандир.

Бошқа маккий суралар каби, Марям сурасида ҳам тавҳид масаласи бош ўринни тутади. Ақийда масалаларига алоҳида эътибор берилади. Аллоҳ таолонинг биру борлиги, қайта тирилишнинг ва қиёмат кунидаги ҳисоб-китобнинг ҳақлиги, ҳидоят ва залолат аҳлларининг йўллари каби мавзулар муолажа этилади.

Ўтган умматлар қисмати баёни суранинг асосини ташкил этади. Сура аввалида Закариё алайҳиссаломнинг қиссалари, сўнгра Яҳё алайҳиссалом қиссалари зикр қилинади. Ниҳоят, сура муборак исмлари билан аталган онамиз Биби Марямнинг ажойиб ва ғаройиб тақдирлари – Ийсо алайҳиссаломнинг отасиз таваллуд топишлари, туғилганларидан кейинги ҳодисотлар бирин-кетин баён этилади.

Шунингдек, сураи каримада Аллоҳнинг улуғ пайғамбарларидан Иброҳим алайҳиссаломнинг тарихлари, ул зот билан оталари орасида бўлиб ўтган можаролар, ниҳоят, у зот алайҳиссаломнинг ўз юртларини тарк этиб кетишлари ҳикоя қилинади. Сўнгра навбат Мусо алайҳиссаломнинг қиссаларига келиб, ундан кейин Исмоил алайҳиссалом ва пировард Идрис алайҳиссалом ҳақларида сўз юритилади. Мазкур пайғамбарлар тарихи суранинг учдан икки қисмини ташкил қилади. Бундан муддао пайғамбарлик ва пайғамбарларнинг асллари ва мақсадлари бирлиги, шунингдек, вазифалари ҳам муштарак бўлиб, кишиларни иймон-эътиқод ва солиҳ амаллар ижросига даъват қилишдан иборат эканини башариятга англатишдир. Сурада қиёмат саҳнасидан айрим лавҳалар, одамларнинг даҳшатли кундаги аҳволотлари, хусусан, кофир қавмнинг жаҳаннамда ўтин каби ёқилғи бўлишлари таърифланади.

Суранинг хотимасида Аллоҳ таолонинг фарзанди, шериги ёки тенгдоши зинҳор йўқлиги таъкидланиб, мушриклар қавмининг бу борадаги шак-шубҳалари рад этилади.