1446 йил 3 жумадис сони | 2024 йил 05 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Қурайш сураси -

Маккада нозил бўлган. 4 оятдан иборат.

Ушбу суранинг номи ўзининг биринчи оятидан олинган. Қурайш энг ҳурматли, энг қадрли араб қабиласи ҳисобланади. Ушбу сурада Аллоҳ таоло Қурайш қабиласига Ўзи берган улуғ неъматларни эслатиб, мазкур неъматлар шукронасига улар Аллоҳ таолога, Қурайшга иззат-икром келтирган байтнинг Роббига ибодат қилмоқлари лозим эканини эслатади.

Қурайш сураси Фил сурасининг узвий давомидек. Фил сурасида Абриҳа ва унинг аскари тўғрисида зикр қилинган ҳодисалар Каъба ва унинг атрофида яшаб, ҳожилар хизматини қилиб турувчиларнинг обрўсини янада ошириб юборди. Айниқса, Қурайш қабиласининг обрўси Арабистон ярим оролида ўсди. Ҳамма тарафда қароқчилик, босқинчилик ҳукм суришига қарамай, Байтуллоҳнинг аҳолиси, деб ҳурмат қилиб, уларга ҳеч ким тегмас эди. Улар бу омонликдан фойдаланиб, бемалол сафар қилиб юришарди. Қурайш қабиласининг савдо карвонлари ҳам бемалол қишда Яманга, ёзда Шомга сафар қиларди. Бу эса уларга ризқ-рўзнинг мўл бўлиши имконини берарди. Ерларида ҳеч нарса ўсмайдиган қақроқ чўл бўлишига қарамай, улар баракали ҳаёт кечирардилар.

Аллоҳ таоло бу сурада Ўзининг ана шу неъматларини уларнинг эсларига солади ва шукр қилиб, Аллоҳга ибодат қилишга ундайди.