1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Қосос сураси -

Маккада нозил бўлган. 88 оятдан иборат.

Бу сураи каримада Мусо алайҳиссалом қиссалари батафсил келгани учун, унга «Қосос» («Қисса») номи берилган. Қосос сураси мусулмонлар Маккада ғоят оғир кунларни бошларидан кечираётган бир пайтда нозил бўлган. Шу сабабли ўзидан аввал келган Шуаро ва Намл сураларига ўхшаб кетади. Ушбу уч сураи карима Қуръони Каримда қандай жойлаштирилган бўлса, шу тартибда бирин-кетин нозил этилган.

Имом Олусий ўзининг «Руҳул маъоний» номли тафсирида келтиришича, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Жобир ибн Зайд розияллоҳу анҳулар: «Аввал Шуаро сураси, сўнгра «Намл», ундан кейин Қосос сураси нозил бўлди», – деган эканлар.

Аввалги икки сура каби, бунда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўмин-мусулмонларга тасалли берилади, улар иймон-Ислом йўлида сабрга чақирилади. Мушрик ва кофирларнинг жабр-ситамлари ўткинчилиги, охир-оқибат куфр ва унинг аҳли мағлуб бўлиши, иймон ва унинг аҳли ғолиб келиши таъкидланади.

Сураи карима мўминлар устидаги қийин ва оғир шароит вақтинча эканини, уларнинг келажаклари порлоқ, зулмнинг оқибати, албатта, зулмат бўлишини алоҳида таъкидлайди.

Шу билан бирга, «сабрнинг таги сариқ олтин» экани, мусулмонлар сабрлари туфайли ҳозирги заифҳоллик ва ночорликдан қутулиб, яқин орада оёқ-қўлларидаги кишанларни парчалаб, қайта ҳурриятга чиқишлари уқтирилади.

Бунга тарихий мисол ўлароқ, Мусо алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари билан Фиръавн ва унинг қавми орасида бўлиб ўтган қисса муфассал ҳамда ўзига хос услуб билан келтирилади. Бошқа сураларда батафсил сўзланган ҳодисалар бу ерда қисқача эслатилса, бошқа сураларда қисқача сўзланган воқеалар тўлиқ ёритилади.

Аввалги икки сурада зикр қилинмаган қуйидаги тўрт жиҳат Қосос сурасида кенг баён этилган.

1. Мусо алайҳиссаломнинг туғилишлари; туғилишлари билан бошларига тушган мусибатлар; оналари у кишини сандиққа солиб, сувга оқизиши; сандиқ оқиб бориб, Фиръавннинг қасрига кириши.

2. Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн қасридаги ҳаётлари; ҳеч кимни эммай қўйганлари учун, оналари Фиръавн ва унинг аҳлига ўзини болага бегона қилиб кўрсатиб, эмизгани.

3. Вояга етган йигит – Мусо алайҳиссаломнинг ўз қавмларидан бўлган одамга ёрдам бермоқчи бўлиб, бир қибтийни уриб, ўлдириб қўйишлари; бу хатога тавба қилишлари; сўнгра бир одамнинг у кишига «Фиръавннинг одамлари сени ўлдиришни маслаҳат қилишмоқда» деган хабарни етказиши; шундан кейин Мисрни ташлаб, чиқиб кетишлари.

4. Мусо алайҳиссаломнинг Мадяндаги ҳаётлари; уйланишлари ва қўй боқишлари; сўнгра эса бошқа сураларда ҳам келган воқеалар – Мадяндан қайтишлари; Тур тоғидаги ҳодисалар; Мисрга пайғамбар бўлиб боришлари; у ерда бўлиб ўтган воқеалар охиригача келтирилади.

Сурада Қорун қиссаси ҳам зикр этилган. У мол-дунёга берилган ва ҳар бир нарсани модда билан ўлчовчи кофирдир. Бу қиссада иймон мантиғи билан туғён мантиғи солиштириб кўрилади.

Суранинг сўнгида эса барча пайғамбарларга хос саодат йўли бўлмиш иймон йўлига иршод қилинади.