1446 йил 3 жумадис сони | 2024 йил 05 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Қиёмат сураси -

Маккада нозил бўлган. 40 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи унинг биринчи оятидан олинган.

Қиёмат сурасида иймон арконларидан бири – ўлгандан сўнг тирилиш ва бу дунёда қилганларига яраша жазо ёки мукофот олиш мавзуси муолажа қилинади. Айниқса, сурада қиёмат ва унинг шиддатларига алоҳида эътибор берилади. Инсоннинг ўлим олдидаги ҳолати, кофирга охиратда бўладиган мусибат ва қийинчиликлар зикр қилинади. Шунинг учун ҳам сура Қиёмат номи билан аталади.

Сураи карима қиёмат куни ва маломатчи нафс билан қасам ичиб, ўлгандан сўнг тирилиш ҳақ эканини таъкидлаш билан бошланади.

Сўнгра ўша қўрқинчли куннинг баъзи аломатлари, жумладан, ой тутилиши, кўзнинг ҳайрон қолиши, халойиқнинг маҳшарга йиғилиши ва ҳисоб-китоб бўлиши эслатилади.

Қиёмат кунида одамларнинг иккига бўлинишлари, биринчиси бахтиёрлар, иккинчиси эса бадбахтлар экани, бахтиёрлар Аллоҳ таолонинг олдида юзлари ёруғ бўлиб, ўз Роббларига назар солишлари, бадбахтларнинг юзлари қаро бўлиб, хору зорликда қолишлари васф этилади.

Сўнгра сураи каримада инсоннинг ўлим олдидаги ҳолати, ўзи ўйламаган ғам-ғуссаларга ботиши ва у пайтдаги қийинчиликлар зикр қилинади.

Охирида маҳшар ва қайта тирилишнинг ҳақ экани ақлий далиллар билан исбот қилинади.