1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Имом Абу Мансур Мотуридий -

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандда туғилиб ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, ҳижрий 333 санада шу ернинг ўзида вафот этган.

У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддисларнинг йўлидан юрганлар ва бошқаларни ҳам шунга далолат қилганлар. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. Улар у кишидан фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмлардан дарс олганлар. 

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳ бобида «Маъохизуш-шарийъа»ни таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳли ушлаган мазҳаб соҳибига айланди. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди. 

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Таъвилоту аҳлис-сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.

  Саъдуддин Тафтазоний, имом Таҳовий, имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, Ибн Ҳумом ва бошқа уламолар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.