Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг насаблари улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У киши Бағдодда яшаб, ҳижрий 336 санада ўша ерда вафот этганлар.
Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи дастлаб мўътазилийларнинг бошлиғи Абу Али Жибоийдан дарс олган ва кези келиб ўзи ҳам мўътазилийларга бош бўлган. Кейин тавба қилиб, мўзътазилийларга қарши бўлган. Уларнинг айбларини фош қилган ва Аҳли сунна вал жамоанинг имоми бўлишга эришган.
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоа ақийдаси бўйича бир нечта китоблар ёзган. Улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.
1. «Мақолатул Исломиййин».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг бу китобларида Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдасини баён қилиб берган.
2. «Ал Ибона».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи бу китобда Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қавллари асосида баён қилиб, мўътазилий ва жаҳмийларга раддиялар қилган.
3. «Рисолатун ила аҳлис-сағр».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийларга маълум бир масалаларда раддия беради ва ўзининг имом Аҳмад мазҳабида эканини баён қилади.
Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг мазкур уч китобида оят ва ҳадисларни таъвил қилиш йўлига ўтмайди. Салаф уламолари, хусусан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг йўлларини тутади.
4. «Ал Ламаъ».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу китобида аввалги уч китобидагидан бошқача йўл тутиб, ақлий далилга ҳам эътимод қилади. Шундай қилиб, у киши бу китобда салаф уламолари йўлидан эмас, кейинги, таъвил йўлини тутганлар изидан боради.
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва мазҳабларини чуқур ўрганган уламолардан шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги хулосаларни қиладилар:
«Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган ақийдаларни олган ва тушунтиришнинг барча услубларини қўллаган.
Ташбиҳга оид оятларнинг зоҳирини – сиртқи маъносини олган. Аммо ташбиҳга ўтмаган. У Аллоҳ таолонинг бандаларнинг юзига ўхшамаган юзи ва У Зотнинг махлуқотларнинг қўлига ўхшамаган қўли борлигига эътиқод қилган.
Ақоидга оҳод ҳадислардан ҳужжат келтирган.
Аҳли ҳавонинг барчасидан, мўътазилийлардан четда бўлган.
Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаби ўртача ва мўътадил мазҳабдир. У киши ақийдаларга далил келтиришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан истифода қилган. Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолонинг, Унинг расулларининг ва охират кунининг Қуръони Карим ҳамда ҳадиси шарифда келган васфларини собит қилади. Ақлий ва мантиқий далилларни ҳужжат қилиб келтиради.
Шунингдек, у киши фалсафий масалалардан ҳам фойдаланган, чунки Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийлар, файласуфлар, қарматийлар, ботинийлар, рофизийлар ва бошқаларга раддиялар қилган. Бу ишда эса уларни қаноатлантириш ва зиддиларига далил келтириш лозимдир».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ишини давом эттирувчилар кўп бўлди. Ибн Асокир, Абу Исҳоқ Исфиройиний, Абу Бакр Қаффол, Ҳофиз Журжоний, Абу Муҳаммад Тобарий, Дороний, Абу Бакр Боқиллоний, Абулқосим Қушайрий, Имомул Ҳарамайни, Абу Ҳомид Ғаззолий, Фахрул Ислом Шоший, Фахриддин Розий шулар жумласидандир.