1446 йил 3 жумадис сони | 2024 йил 05 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Қамар сураси -

Маккада нозил бўлган. 55 оятдан иборат.

 Бу сураи кариманинг «Қамар» («Ой») сураси деб ном олишининг сабаби – Аллоҳ бу сурада Набий алайҳиссаломнинг мўъжизалари сифатида ойнинг ёрилгани ҳақидаги улкан ҳодисани ҳикоя қилади.

Имом Бухорий ривоят қилишларича, Макка аҳли Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳақиқий пайғамбар эканликларига далил сифатида ҳужжат-мўъжиза кўрсатишни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Аллоҳ таоло у кишининг дуоларини қабул қилди ва ой иккига бўлинди. Икки бўлакнинг орасида Ҳиро ғори кўриниб турарди.

Имом Аҳмад Жубайр ибн Мутъамдан бундай ривоят қиладилар:

«Набий алайҳиссаломнинг вақтларида ой ёрилиб, иккига бўлинди. Бир бўлаги манави тоғ устида, иккинчи бўлаги анави тоғнинг устида кўринди. Мушриклар: «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди, – дейишди. Сўнг улар: – Агар бизни сеҳрласа ҳам, барчани сеҳрлай олмайди, мусофирлар келишини кутиб туринглар, – дейишди. Мусофирлар келишганда, улардан сўраб кўришган эди, мусофирлар ҳам ойнинг ёрилганини кўришганини айтдилар. Шунда мушриклар: – Муҳаммад ҳаммани сеҳрлаб қўйди», – дейишди. Аллоҳ таоло Қамар сурасининг аввалини нозил қилди».

Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби, Қамар сураси ҳам ақийда асосларини муолажа қилади. Унинг услуби ўзига хос. Таҳдид солиб, чўчитиб, огоҳлантиради. Аввалидан охиригача Қуръони Каримга ишонмаган барча тоифаларга қаттиқ ҳамла қилади.

Унинг аввалида ой ва қиёмат ҳақида сўз боради. Кейин эса ибрат, огоҳлантиришлар келади. Ортидан қиёмат куни даҳшатларининг тасвири баён этилади. Одамларнинг қабрларидан чиқиши ва ҳоказолар зикр қилинади.

Сўнгра туғёнга кетган қавмларнинг ҳалокатга учраганлари ҳақидаги қиссалар эслатилади.

Ҳар бир қавмнинг қилмишига яраша тортган азоби, машаққати ҳикоя қилиб бўлингандан сўнг, инсон эслашга ва ўтганлардан ибрат олишга юмшоқлик ва лутф ила даъват қилинади.

Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут ва Мусо алайҳиссаломларнинг қавмлари ўз пайғамбарларига қарши чиққанлари, Аллоҳнинг амрига итоат қилмай, ўзбошимчалик ила иш тутганлари оқибатида ҳалокатга учраганликлари мазкур қиссаларда баён қилинади. Бу қиссаларни келтиришдан мақсад, Қуръон тушаётган даврдаги кофирларни ибрат олишга чақиришдир. Шунингдек, бу қиссалар мусулмонларни чидам ва бардошга даъват этса, кейинги авлодларга ҳам доимий эслатмадир. Шунинг учун ҳам суранинг охирида умумий хитоб келади.