1446 йил 3 жумадис сони | 2024 йил 05 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Каҳф сураси -

Маккада нозил бўлган. 110 оятдан иборат.

 «Каҳф» сўзи «ғор» маъносини англатади. Сурадаги асосий қисса қаҳрамонлари – Роббларига иймон келтирган ёш йигитлар ўз замонлари подшоҳининг зулмидан қочиб, иймонларини сақлаш мақсадида ғорга кириб оладилар ва ўша ерда илоҳий мўъжиза содир бўлади. Суранинг номи шундан олинган.

Каҳф сураси Қуръони Каримдаги «Ал-ҳамду» лафзи билан бошланган беш суранинг биридир.

Бу сурада асосий урғу қиссаларга берилган. Бир юз ўн оятдан иборат бўлган Каҳф сурасининг етмиш бир ояти қиссалардан иборат. Сураи каримада каҳфга кириб олган йигитлар, икки боғ, Одам ва иблис, Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда ҳамда Зулқарнайн қиссалари келади.

Каҳф сурасида ҳам Маккада нозил бўлган бошқа суралардаги каби, ақийдани, фикр ва тасаввурни, одоб-ахлоқ ва қадриятларни исломий йўлга солишга даъват етакчилик қилади.

Ислом даъватининг машаққатли босқичида – мусулмонларни кофирлар азоблаётган бир пайтда нозил қилинган бу сураи кариманинг оятлари, ундаги ибратли қиссалар агар иймон аҳли қийинчиликларга бардош берса, албатта ғолиб бўлажакларини англатади. Ҳар замон ва ҳар маконда ҳам иймон аҳли синовга учраши, кофирлар вақтинча устун келиши мумкинлигини тушунтиради.