1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Аълаа сураси -

Маккада нозил бўлган. 19 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи унинг биринчи оятидаги «Аълаа» сўзидан олинган. «Аълаа» сўзи араб тилида «олий қадар», «энг юқори» деган маънода бўлиб, бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифати олияларидан биридир.

Аълаа сураси маккий суралардан бўлиб, Аллоҳ таолонинг зоти олийси ва баъзи сифатларини, Унинг қудрати ва ваҳдониятига далилларни, ваҳийни, Қуръоннинг яхшиларга манфаат берадиган мавъиза эканини ва шунга ўхшаш масалаларни муолажа қилади.

Бу сураи карима энг аввал нозил бўлган суралардан биридир. Ваҳий дастлаб нозил бўлаётган пайтларда Набий алайҳиссалом Қуръони Карим оятларини унутиб қўйишдан хавфда эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз маҳбубига оятларни унуттирмасликни Ўз зиммасига олганини билдиради ва бундай хавфни унутишга даъват қилади.

Аълаа сурасида Аллоҳ таолонинг ягоналиги ҳақида сўз юритилади. Набий алайҳиссаломга ҳақиқат йўли кўрсатилади. Аллоҳ таолонинг кўрсатмасига амал қилмаганларнинг оқибати нима бўлади-ю, амал қилганларнинг аҳволи нечук бўлади, баён қилинади.

Аълаа сураси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони поклаш, У Зотнинг Холиқлигига, қудратига ва ваҳдониятига далолат қилувчи баъзи ишларини зикр қилиш билан бошланади.

Сўнгра ваҳий ва Қуръон ҳақида сўз юритилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу улуғ Китобни унуттирмаслик ва ёдлашни осон қилишга ваъда берилади.

Ундан кейин ушбу Қуръон ила одамларга эслатма қилиш қоидалари, ушбу эслатмани қабул қилган мўминлар бундан улкан фойда олишлари таъкидланади.

Ниҳоят, сураи кариманинг хотимасида ким ўз нафсини гуноҳ ва ёмонликлардан покласа, ютуққа эришиши ҳақида сўз юритилади.