1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ар-Роҳман сураси -

Маккада нозил бўлган. 78 оятдан иборат

Кўпчилик мутахассислар бу сураи кариманинг Мадинада нозил бўлганини таъкидласалар-да, Маккада нозил бўлган, деювчилар ҳам оз эмас. Маълумки, Қуръони Карим оятларининг маккий ва маданий эканини билишнинг ўз қоидалари бор. Ана шу қоида ва белгилар нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, Ар-Роҳман сураси маккий экани ғолиб бўлади.

Бу сураи кариманинг номи унинг биринчи оятидан олинган бўлиб, «Ар-Роҳман» Аллоҳнинг сифатларидан биридир. Бу муборак сўзнинг маъноси ҳақида тафсиримизнинг аввалида батафсил баёнот берилган.

Имом Байҳақий ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан қилган ривоятда Набий алайҳиссалом: «Ҳар бир нарсанинг келини бор, Қуръоннинг келини Ар-Роҳман сурасидир», – деганлар. Чунки бу сураи карима худди келинлар ўз безаклари ила бошқалардан фарқланиб тургандек, ўзига хос услуби билан бошқа суралардан ажралиб туради.

Маккий сураларнинг асосий мавзуси бўлган ақийда асослари масаласи бу суранинг ҳам мавзусидир. Сурада ҳам жинларга, ҳам инсонларга хитоб қилинади.

Суранинг аввалида Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин неъматлари, жумладан, Қуръоннинг таълими, баён қилиш қобилияти, қуёш, ой, юлдуз ва бошқалар зикр қилинади.

Бандалар ушбу неъматларга шукр келтиришлари лозимлиги асосий мақсадлардан биридир.

Сўнгра қиёмат кунининг тайёргарлиги инсонга ҳам, жинларга ҳам лозимлиги уқтирилади, у Куннинг даҳшатлари сифатланади.

Ва, ниҳоят, сура Аллоҳ таолони улуғловчи оятлар билан тугайди.