Адий ибн Ҳотим ибн Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Хашраж ат-Тоий, кунялари Абу Ваҳб. Адий ибн Ҳотим ўзининг саховатлилиги билан машҳур бўлган Ҳотим ат-Тоийнинг ўғлидир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Той қабиласига қилган сафарларида Сурияга қочган эди.
Той қабиласидан асирга тушганлар орасида унинг кичик синглиси Саффона ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча асирларга, хусусан, Адийнинг синглисига отасининг шуҳрати ва қавмининг унга бўлган севги ва ҳурмати юзасидан жуда ҳам яхши муомала қилдилар. Саффона теридан қилинган алоҳида чодирда сақланди, бутун эҳтиёжлари қондирилди, истаган пайтида энг яхши шартлар билан мамлакатига кетишига ҳам изн берилди. Бундай муомалалардан мамнун бўлган Саффона мусулмонликни қабул қилди. Сўнгра акасининг ҳузурига бориб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ярашиши учун жўнатди. Бу ҳодиса ҳижратнинг 9-йили бўлиб ўтди.
Адий ибн Ҳотимнинг ўзлари шундай ҳикоя қиладилар:
«Мен Мадинага илк бор кириб келганимда мусулмонлар хурсандлик билан кутиб олдилар. «Адий келди! Адий келди!» деб, севинчларини изҳор қилдилар. Ҳолбуки, мен ҳали насроний дийнида эдим».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Адийни яхши қаршиладилар. Уйларига олиб келиб, ягона пўстакларини унинг остига солиб бериб, ўзлари ерга ўтирдилар. Буларнинг ҳаммаси Адийга жуда қаттиқ таъсир қилиб, қалбида ҳидоятга йўл очди. Адий ибн Ҳотим Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бўлган илк мулоқотларидаёқ Исломни қабул қилди. У оқил ва эҳсонгўй саҳобалардан бўлиб, жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам Той қабиласининг раисларидан бўганлар.
Дийндан қайтганлар билан бўлган «Ридда» урушида Адий розияллоҳу анҳу катта жонбозликлар кўрсатдилар.
У киши Ироқни фатҳ этишда ҳам иштирок этдилар. Сўнг Куфага кўчиб ўтдилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан бирга Жамал, Сиффийн, Наҳавон урушларида иштирок этдилар. Сиффийн урушида Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳунинг кўзларига яра чиқиб, бетоб бўлган эдилар.
Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 66та ҳадис ривоят қилдилар. Адий ибн Ҳотим 120 ёшларида, ҳижратнинг 68-йили Куфада вафот этдилар.