Омир ибн аш-Шаъбий – улуғ тобеъин, олим, тақводор, ҳалийм, зийрак, серҳаракат, ёдлаш қобилияти ўткир кишилардан эдилар. Ривоят қилган ҳадислари кишилар орасида ишончли деб тан олинган. Бу кишининг ёдлаш қобилиятлари ниҳоятда кучли бўлгани учун тилларда достон эди.
Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бирор нарсани қорадан оққа кўчирган бўлсам, ёки бирор сўз эшитган бўлсам, ҳаммасини ёдлаб борардим».
Ашъас ибн Сиводан ривоят қилинади:
«Омир аш-Шаъбий ўз замонасида илмда, ҳалимликда тенги йўқ бўлган».
Улуғ зотлардан Макҳул:
«Омир аш-Шаъбийдан фақиҳроқ одамни учратмадим», деб айтадилар.
Омир аш-Шаъбий ҳижратнинг 19-йили Ҳамадонда туғилиб, ҳижратнинг 103-йили Куфада вафот этдилар.
Бу зот ҳадисларни Али, Саъд ибн Абу Ваққос, Саъийд ибн Зайд, Зайд ибн Собит, Абу Ҳурайра, Муғийра ибн Шуъба, Муовия ва бошқа саҳоба ва тобеъин розияллоҳу анҳулардан ривоят қилдилар.
Бу кишидан Абу Исҳоқ, Саъийд ибн Амр, Исмоил ибн Абу Холид, Ҳусайн ибн Абдурраҳмон, Саъийд ибн Масруқ ас-Саврий, Салама ибн Куҳайл ва бошқа катта ҳадис олимлари ривоят қилганлар.