1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Зайд ибн Ҳориса -

Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил ал-Калбий, кунялари Абу Усома. Зайд жоҳилият даврида ўғирланиб, сотилади. Кейинчалик уни Хадича онамиз сотиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларида у зотга ҳадя қиладилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳорисани озод қилиб, ўғил қилиб оладилар ва аммаларининг қизлари – Зайнаб бинти Жаҳшга уйлантириб қўядилар. Зайд Зайнабни талоқ қилганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини чўрилари Умму Айманга уйлантириб қўядилар. Бу хотинларидан Усома ибн Зайд туғиладилар.

Зайд ибн Ҳориса Исломга аввалгилардан бўлиб кирадилар. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ, Хайбар жангларида иштирок этадилар. Бадр жангидаги мусулмонларнинг ғалабаси ҳақидаги хабарни Мадинага олиб келган зот шу киши эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини ҳаммаси бўлиб, еттита сарийя (қўшин)га амир қилиб тайинлаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида ёлғиз Зайд ибн Ҳорисанинг исмигина Қуръонда зикр қилингандир.

Бир куни Зайднинг оталари билан амакилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўғилларини сўраб келишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни Зайднинг ўзига ташлайдилар. Зайд эса улар билан кетишга рози бўлмайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қолишни ихтиёр этади. 

Зайд ибн Ҳориса ҳижратнинг 8-йили, Шомда­ги Муъта ғазотида 55 ёшларида шаҳид бўлдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоси дегани — озод қилинган қуллари маъносидадир. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу жуда машҳур саҳобий бўлсалар ҳам, фақат битта ҳадисни ривоят қилганлар, холос.